Линклар

Euronews телеканали Ўзбекистонни яна реклама қилишни бошлади


Euronews телеканали 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида туркум кўрсатувларни беришни бошлади.

Шу кўрсатувлардан дастлабкиси “Самарқанд-маданият чорраҳаси” деб номланди. Кейинги кўрсатув Бухоро ҳақида бўлади.

Ўзбекистоннинг Euronews орқали реклама қилинишида мамлакат Иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг ҳомийлик қилиши айтилади.

Ҳозирча реклама характерида экани айтилаëтган бундай кўрсатувлар учун Ўзбекистон томонининг қанча пул тўлагани маълум эмас.

Euronews вакиллари ҳозирча бу юзадан Озодлик юборган саволларга жавоб беришмади.

Ушбу кўрсатувлар намойиши Ўзбекистонда қатор хориж ширкатлари муаммоларга юз тутиб¸ бу мамлакатни тарк этаётган, айрим ширкатлар халқаро арбитраж орқали Ўзбекистондаги сармояларини қайтариб олишга уринаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Ўзбекистоннинг “иқтисодий, сармоя ва сайёҳлик салоҳияти” ҳақидаги реклама роликлари Euronews телеканалида биринчи марта берилаётгани йўқ.

“Welcome To Uzbekistan” “Ўзбекистонга хуш келибсиз” реклама ролиги шу йилнинг 13 май куни, Андижон қатлиомига айнан 8 йил тўлган кунда Euronews каналида намойиш этилган эди.

“Ўзбекистон Шарқнинг марвариди, буюк икмкониятлар диёрига хуш келибсиз”, деган сўзлар билан бошланувчи 35 секундлик ушбу видеолавҳанинг айнан 13 май куни Euronews телеканалида фирга узатилиши шунчаки тасодиф бўлганми ёки Ўзбекистондаги буюртмачиларнинг талаби асосида қилинганми, бу маълум эмас.

Euronews халқаро телеканали 1993 йилда ташкил этилган. Бош қароргоҳи Франциянинг Лион шаҳрида жойлашган. Телеканал ўз кўрсатувларини 15 тилда жаҳоннинг 150 дан зиёд мамлакатига узатади. Ҳозирда¸ айтилишича¸ Euronews 350 миллиондан ортиқ томошабинга эга.
XS
SM
MD
LG