Линклар

logo-print
Косово шимолидаги Косовска Митровица шаҳрида маҳаллий ҳокимият органларига ўтказилган сайловлар тўқнашув билан якунланди.

Озодлик радиосининг Белграддаги мухбири Айя Куге Косоводаги сайловни бойкот қилишни ёқлаётган серб экстремистлари кеча Косовска Митровица шаҳрида бир неча сайлов участкасини ағдар-тўнтар қилиб ташлагани ҳақида хабар қилди.

Унга кўра, 3 ноябрь куни ниқоб тақиб олган йигитлар овоз бериш участкаси жойлашган маҳаллий мактабга бостириб кириб, сайлов қутиларини синдириб ташлаганлар, овоз бериш учун келган фуқароларга ҳужум қилганлар.

Полиция ҳужумчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган. ЕХҲТ миссияси кузатувчилари эса шаҳардан эвакуация қилинган.

Сербия бош вазири муовини Александр Вучич халқаро ҳамжамиятдан серб полициясига бу ерда тартиб ўрнатиш ҳуқуқи берилишини талаб қилган.

Аввалроқ расмий Белград Косоводаги сайловларни қўллаб-қувватлашини билдирганди.

Серблар зич яшайдиган Косово шимолида фуқароларни сайловда иштирок этмаслик даъвати билан қўрқитган серб миллатчиларининг таъсири кучли.
XS
SM
MD
LG