Линклар

Tеррорчиликни тарғиб қилганликда айбланган газета судга берилди


Шу кунларда “Новости Узбекистана” газетаси интернет сайти очилмоқда, лекин мақолалар янгиланаётгани йўқ.

Шу кунларда “Новости Узбекистана” газетаси интернет сайти очилмоқда, лекин мақолалар янгиланаётгани йўқ.

“Террорчиликни тарғиб қилганлик” ва бошқа қатор жиноятларда айбланиб, фаолияти тўхтатилган “Новости Узбекистана” газетаси устидан суд маҳкамаси 8 ноябр куни ўтказилиши айтилмоқда.



Ўзбекистонда нашр этиладиган “Новости Узбекистана” газетасига қўйилаётган асосий айбловлардан бири “террорчиликни тарғиб қилганлик” айбидир.

Мустақил газетаси сифатида рўйхатга олинган “Новости Узбекистана” газетасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ газета “Давлат тили тўғрисидаги” қонунни бузганликда ҳам айбланмоқда.

Газетаси таҳририяти вакилига кўра¸ Ўзбекистон ахборот ва матбуот агентлиги газета таҳририяти устидан хўжалик судига "онгли тарзда террорчиликни ташвиқот қилганлик"¸ "Халқ осойишталигини бузиб ваҳима тарқатганлик" ва “Давлат тили қонунини менсимагани" учун лицензиядан маҳрум қилиш ҳақида даво аризаси берган.

"Tеррорчиликни тарғиб қилганлик"да айбланган газета устидан суд 8 ноябрга белгиланди.

Манбанинг айтишича¸ газета саҳифасида 2005 йилнинг майида, Андижон ҳокимияти биноси исёнчилар тарафидан ўраб олинган пайт олинган суратнинг техник янлишлик боис чоп қилиниб қолгани таҳририятга қарши судга даъво киритилишига сабаб бўлган:

- Саҳифаловчи Андижон ҳокимиятининг ютуқлари ҳақидаги мақолага билмасдан 2005 йил 13 май куни Андижон ҳокимлиги биносини исëнчилар ишғол қилгани ҳақидаги расмни қўйиб юборган. У билмасдан қилган. Қайси аҳмоқ билиб туриб шу ишни қилиши мумкин. Террорист бўлса, бошқача йўл тутган бўлар эди¸- дейди суҳбатдош.

Манбага кўра¸ газета фаолиятининг тўхтатиб қўйилишига сабаб бўлган расм 10 октябр куни “Новости Узбекистана” газетасининг 43-сонида чоп қилинган. Андижон ҳақидаги мақолани “безаган” расмга эътибор қаратган “ҳушëр” мулозимлар “сигнали”дан кейин 1 ноябрдан бошлаб газетани чоп қилиш босмахона тарафидан буткул рад қилинди, дейди суҳбатдош.

- Ҳозир фалаж аҳволдамиз. Ойликлар берилмаëтир. Таҳририятда асабий вазият ҳукмрон. Суд бизни буткул тўхтатиб қўяди деган ҳавотирдамиз,- дейди суҳбатдош.

“Новости Узбекистана” газетасида узоқ йиллар ишлаган журналист исми ошкор қилинмаслик шарти билан баъзи тафсилотларни Озодлик мухбирига билдирди. Суҳбатдошга кўра¸ газетада муқаддам эълон қилинган танқидий мақолалар ўзбек расмийларининг жиғига тегиб келган.

“Новости Узбекистана” журналистига кўра, бу танқидий мақолалар боис газетанинг собиқ муҳаррири Баходир Йўлдошев Ўзбекистон ахборот ва матбуот агентлиги билан зиддиятга киришган.

2013 йилнинг апрелида Йўлдошев агентлик босими остида ўз лавозимидан бўшашга мажбур бўлган, лекин газетада оддий ходим бўлиб бўлиб ишлаëтган эди.

- Ўзбекистон ахборот ва матбуот агентлиги мулозимлари таҳририятга телефон қилиб, газетанинг 38-сонида босилган танқидий мақолани оддий ходим бўлиб ишлаëтган собиқ муҳаррир Баходир Йўлдошевнинг “партизанча” қилмиши деб аташган эди, дейди суҳбатдош.

“Новости Узбекистана” журналистига кўра, газетани ëпиш учун “тиш қайраган” Ўзбекистон ахборот ва матбуот агентлиги мулозимлари учун газетадаги техник хато айни муддао бўлган.

ООО "Медиа-бизнес" ширкати тарафидан мустақил газета сифатида чиқариладиган “Новости Узбекистана” нашр 2012 йилда ҳам танқидий мақола чоп қилгани учун судга тортилган эди.

Ўзбекистондаги “Экологик ҳаракат” ўтказаëтган тадбирлар танқид қилинган мақола чоп қилинганидан кейин “Экоҳаракат” “Новости Узбекистана” газетасини судга берган эди.

Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2012 йил апрел ойидаги маҳкамаси “Экоҳаракат” фойдасига ажрим чиқариб¸ газетани жаримага тортган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG