Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:35

Ангрен-Поп темир йўлини қураётган ишчилар ойликсиз қолди


Тошкентни Самарқанд билан боғлаган темир йўлларда қатнаётган тезюрар "Афросиёб" поезди.
Тошкентни Самарқанд билан боғлаган темир йўлларда қатнаётган тезюрар "Афросиёб" поезди.
Тошкент вилоятини Фарғона водийси билан улайдиган Ангрен-Поп темир йўли қурилишида ишлаётган бир гуруҳ ишчи ойига 15 иш кунига шартнома тузилганига қарамай тўлиқ бир ой ишлатилаётгани, маош эса 15 кунга тўланаётганидан арз қилди. Хитой билан ҳамкорликда қурилаётган бу темир йўли лойиҳаси қиймати эса қарийб 2 миллиард АҚШ долларига баҳоланган.


Тошкент вилояти Ангрен туманида Ангрен-Поп темир йўлини қураётган ишчилар номидан Озодликка боғланган манбанинг ёзишича, ишчилар ойлик маошларини тўлиқ ололмаяптилар.

Манбага кўра, темир йўл қурилиши учун ёлланган қўқонлик 9 ишчи билан бир ойда 15 кун ишлаб бериши тўғрисида шартнома имзоланган, аммо ишчилар тўлиқ бир ой ишлатилмоқда.

"Улар билан 15 иш кунига ҳақ тўлаш ҳақида шартнома имзоланган. Лекин баъзи ноаниқ сабабларга кўра, улар бир ой тўлиқ ишлашган ва якунда фақат 15 кун учун ҳақ олишган. Олинаётган ойлик маошдан ҳам даромад солиғи катта олинаётгани ҳисобчиларда ҳам шубҳа уйғотмоқда", деб ёзди Озодлик манбаси.

Бу хабар ортидан Ангрен туманидаги тегишли давлат идораларига боғланган Озодлик мухбири бу мурожаатга аниқ жавоб олишга муваффақ бўлмади.

Ангрен тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мутасаддиси: “Бу темир йўл қурилиши тўлиқ "Ўзбекистон темир йўллари" давлат акциядорлик компанияси назоратида. Биз улардан бирор вакил келса, бирга объектга борамиз, ҳамроҳлик қиламиз, тамом. Аралаша олмаймиз”, деди.

"Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик кампанияси раҳбарияти эса ишчиларга ойликлари тўлиқ берилмаётгани ҳақидаги даъволарни мутлақ инкор қилди.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган ширкат расмийси темир йўли қурилиши изчиллик билан давом этаётгани ва иш режадагидай бораётганини таъкидлади.

Кампаниядан олинган маълумотга кўра, шу йилнинг июль ойида бошланган темир йўл қурилишининг режалангани каби 2016 йилнинг июль ойида якунланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон пойтахтини Фарғона водийсига темир йўл орқали боғлаш режасини шу йилнинг 26 апрелида Андижон вилояти депутатлар кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида сўзлаган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов очиқлаган эди.

Ўшандаёқ темир йўлини қуриб битказиш санасини аниқ тилга олган президент: “2016 йилда биз темир йўл қурилишини якунлаймиз ва биз Фарғона водийси, шу жумладан, Андижонга поездда бориш имконига эга бўламиз”, деган эди.

Мустақиллик йиллари давомида ҳукуматлар ўртасидаги нобарқарор ва кўп ҳолларда мунозарали муносабат сақланиб қолгани боис темир йўл орқали Тожикистон ҳудудидан транзит сифатида фойдаланиш Ўзбекистон учун муаммоли масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Тожикистоннинг Сўғд вилояти орқали Фарғона водийси вилоятларига ёнилғи, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари каби юкларни ташиб келди.

Шу йил ёзда Ўзбекистоннинг марказий қисмидан Фарғона водийсига темир йўл вагонларида Тожикистон ҳудуди орқали юклар ташиш маълум муддат тўхтаб қолди.

Транзит йўл ёпилганидан кейин Фарғона водийсига Қамчиқ довони орқали автомобилда юк ташиш йўлга қўйилди, аммо бу анча қимматга тушди.

Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Дмитрий Поваров Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ҳукумати довон орқали темир йўл қуришга катта маблағни тежаш мақсадида қарор қилган ва бу тўғри қарор, деб ҳисоблашини айтган эди.

- Фарғона водийсига Тожикистон ҳудуди орқали темир йўлда юклар ташиш амалга оширилмаяпти. Ўзбекистоннинг марказий минтақаларидан Фарғона водийсига автомобилда юклар ташиш қимматга тушади. Шу боис темирйўл қуришга қарор қилинган, - деган эди Поваров.

Тожикистонни айланиб ўтадиган темир йўлини қуриш лойиҳаси учун "Ўзбекистон Темир йўллари" давлат акциядорлик компанияси дастлабки қиймати 1 миллиард 9 миллион АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳани ишлаб чиққан.

Узунлиги 129 километрга етадиган бу темир йўли Қамчиқ довонидан ўтиши ва йўлнинг маълум қисми туннел остидан ётқизилиши лозим.

Лойиҳа учун кетадиган маблағнинг бир қисмини хорижлик сармоядорлардан, қолганини эса давлат бюжетидан олиш кўзда тутилган.

Сентябрь ойида Хитойнинг туннел қуришга ихтисослашган China Railway Tunnel Group ширкати билан "Ўзбекистон темир йўллари" ширкати ўртасида 455 миллион АҚШ долларилик шартнома имзоланган.

Хитой ширкати денгиз сатҳидан 2 минг 300 метр баландликда бўлган Қамчиқ довони орқали ўтадиган ва Тошкентни Андижон, Наманган ҳамда Фарғона вилоятлари билан боғлайдиган бу темир йўли давомида иккита туннел қуриб бериш мажбуриятини зиммасига олган.

РИА–Новости агентлигининг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаларга таяниб берган хабарига кўра, узунлиги 19 километрга етадиган битта тунел поездлар ҳаракатланиши учун қурилади.

Яна бир туннелни эса фавқулодда ҳолатлардаги қўлланиладиган заҳира йўл сифатида қуриш режалаштирилган.

Бу темир йўлларида ҳам Ҳозирда Тошкентни Самарқанд билан боғлаётган тезюрар поездлари қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG