Линклар

logo-print

The Independent газетаси Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонасида 5 йил қоровул бўлиб ишлаган қашқадарёлик Қаюм Ортиқов муҳожиратда оғир аҳволда қолаётгани ҳақида мақола чоп этди. Британия фойдасига жосусликда гумон қилиниб, оғир қийноқларга солинганини иддао қилган собиқ ҳарбий бироз муқаддам Ўзбекистон қамоқхонасидаги қийноқлардан дунёга хабар йўллаган эди.


Британия фойдасига жосуслик қилганликда гумон қилинган, аммо, одам савдосида айбланиб, Ўзбекистонда 3 йил қамоқ жазосини ўтаган собиқ ҳарбий Қаюм Ортиқов оиласи билан муҳожиратда оғир аҳволда қолмоқда.

Бу оила тақдирига оид навбатдаги мақолани чоп этган Independent газетаси шу кунларда 4 фарзанди билан Украинада жон сақлаётган 44 яшар Қаюм Ортиқовнинг Буюк Британиядан сиёсий бошпана олиш умиди сўнаётгани ҳақида ёзди.

Мақола ортидан боғланган Озодлик мухбири билан суҳбатда ҳарбийнинг рафиқаси Моҳира Ортиқова шу кунга қадар оила мурожаатига бирор аниқ жавоб берилмаганини айтди.

- Бу ердаги Буюк Британия консули билан учрашдик, айтдик ҳамма гапимизни. У бизни тинчгина тинглади. Биз Ўзбекистондан чиқаётганда Британиянинг ўша вақтдаги элчиси Руперт Жой: "Албатта, ёрдам берамиз", деган эди. Лекин, бизга шу кунгача ҳеч қанақа ёрдам бўлмади, - деди Қаюм Ортиқовнинг рафиқаси Моҳира Ортиқова.

Қаюм Ортиқов Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонасида 5 йил — 2004 йилдан 2009 йилга қадар қоровул бўлиб ишлаган.

Унга қадар Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида ҳам ишлаган Қаюм Ортиқов 2009 йилнинг январ ойида одам савдосига алоқадорликда айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Айбловга унинг ёрдамида Россияга ишлагани кетган ва у ердан маошини тўлиқ ололмай қайтган бир неча ҳамюртининг даъво аризаси туртки бўлгани айтилган эди.

2011 йилнинг 4 майида муддатидан аввал озод қилинган Ортиқов ўша пайтда Озодлик мухбири берган қийноқлар ҳақидаги саволларга хавфсизлиги боис жавоб беролмаслигини айтган эди.

Аммо 2012 йилда хорижга чиққач, у Буюк Британияда чоп этиладиган The Independent нашрига интервью берган ва Ўзбекистон қамоқхона ҳамда вақтинчалик тергов изоляторларида оғир қийноқларга солинганини билдирган.

Independent газетасида эълон қилинган "Ўзбекистонда мени қийноққа солишди" сарловҳали мақола ортидан Озодлик мухбири билан суҳбатда Қаюм Ортиқов 2009 йилнинг февралидан то августига қадар оғир қийноқларга солинганини иддао қилди.

- 2009 йилнинг февралида миллий хавфсизлик хизматидан иккита йигит келди, Тоштурмада сўроқ қилиш учун. "Биз яхши биламиз, сен ва яна элчихонада ишлайдиган шерикларинг Британия жосусисан", деб тўғридан-тўғри айблади. Шу айбни бўйнимга олишим ва яна бир неча таниганларимга қарши кўрсатма беришимни сўрашди. Мен рози бўлмадим ва ўша куниёқ иккаласи 2 соатдан ошиқ, ҳуморидан чиққунча урган эди мени,- дея хотирлади Ортиқов.

Унинг сўзларига кўра, Британия фойдасига жосуслик айбини бўйнига олишини талаб қилиб, уни аввалига миллий хавфсизлик хизмати ходимлари, кейинчалик эса маҳбус "лохмач"лар оғир қийноқларга солишган.

- Уларнинг тилида "Ласточка" дейишади, шунақа қилиб осиб қўйишиб, ҳушимдан кетгунимча росса уришган. Энди у ердаги қийноқлар ўта ваҳший, ўта жирганч, ифлос шаклдаги қийноқлар, юраги бор одам кўришга ҳам қўрқади, биласизми?! Биринчи куниёқ қовурғаларимни синдириб ташлашди. Охири, кўкрак қафасим қисилиб, нафас ололмай қолганимдан кейин тўхтатишди. Дўхтирга олиб бориш ўрнига қўлимга баклашка бериб, пуфлашимни айтишди. Ўшандагина билибман, қовурға синганда, қаттиф пуфласангиз, қовурға жойига қайтар экан,- дея хотирлади Қаюм Ортиқов.

Унинг сўзларига кўра, қамалганидан сўнг уни 4 ой давомида яқинларига кўрсатишмаган ва умуман, хабар беришдан бош тортишган.

Натижада, рафиқаси Моҳира Ортиқова адвокат ёллаган ва адвокат 2009 йилнинг май ойида Тоштурмага кириб, Қаюм Ортиқовнинг ҳолидан хабар олишга муваффақ бўлган.

- Хуллас, аёлим курашдан тўхтамади ва менимча, унинг тўхтовсиз ҳаракати учун, халқаро матбуотда шов-шув бўлгани учун охири қўйворишдида, хуллас,- дейди Қаюм Ортиқов.

У 2011 йилнинг 4 майида муддатидан 3 йилу 7 ой аввал озод қилинган ва унга қолган муддат давомида маошининг маълум бир қисмини давлатга тўлаш мажбурияти юкланган эди.

Қаюм Ортиқов ҳисбга олинганидан тортиб, то озод этилгунига қадар унинг ҳуқуқлари учун курашган рафиқаси Моҳира Ортиқова Озодлик билан суҳбатда таъқиблар кейинчалик ҳам тўхтамаганини айтади.

- Қамалиб чиққанларни ҳар ҳафтада сўроққа чақириш, ишхонасини суриштиришлар ўз йўлига. Лекин ҳар уч кунда чақириб, ярим кечагача ушлаб туришлар, ҳадеб бармоқ изларини олишлар ва шунга ўхшаш тазйиқлар умуман тўхтамади. Охири, биз қочиб чиқишга мажбур бўлдик. Аслида, биринчидан, хўжайнимнинг номини оқлаш ниятимиз бор. Иккинчидан, нормал ҳаётга эришишда, хуллас. Ҳозир биз инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан Ўзбекистон давлатини судга бериш учун ҳужжат тайёрлаяпмиз. Мени шуни тушундимки, индамасанг, булар таҳқирни давом эттираверади, эзаверади. Бунга қарши курашиш керак! - дейди Моҳира Ортиқова.

Айни дамда 4 фарзанди бўлган Ортиқовлар оиласи хорижда жон сақламоқда.

Бу оила тақдирини Буюк Британия, Германия ва АҚШдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қатор халқаро ташкилотлар кузатмоқда.

Хусусан, Буюк Британия парламенти аъзоси, парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси вакили Анн Клойд Ортиқовлар оиласи мурожаати билан шуғулланмоқда.

Озодлик Клойд хоним идорасига айни масалада мурожаат қилди ва шу кунларда мурожаатига расмий жавоб кутмоқда.

Шунингдек, Хюман Райтс Уотч ташкилотининг Марказий Осиё давлатлари бўйича мутахассиси Стив Свердлов ҳам Қаюм Ортиқовга нисбатан аёвсиз қийноқларни қоралаб, баёнот тарқатган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG