Линклар

29 яшар ўзбекистонлик Москва области, Чехов шаҳри касалхонасининг травматология бўлимида 5 ноябрга ўтар кечаси вафот этди. У 2 ноябрь куни калтакланиб, боши оғир жароҳатланган эди. Иккинчи ўзбекни эса 4 ноябрь куни Санкт-Петербургда номаълум шахслар ўлдириб кетди. Ҳар икки мигрантнинг миллатчилар қурбони бўлгани айтилмоқда.


2 ноябрь куни 29 яшар ўзбекистонлик бошига оғир жароҳат етган ҳолда Москва область, Чехов шаҳри касалхонасига етказилгани тўғрисида тилга олинган область Тергов қўмитаси матбуот хизмати куни кеча хабар тарқатган эди.

Чехов район 1-касалхонаси травматология бўлимининг ўзини таништирмаган мудири Озодликка ўзбекистонлик йигитнинг вафот этганини хабар қилди.

- У бизнинг бўлимда ётган эди, лекин афсуски, бугун тунда вафот этди, - деди врач.

Лекин касалхона вакили вафот этган ўзбекистонликнинг исм-фамилиясини айтишни истамади.

Тергов қўмитаси хабарида айтилишича, 29 яшар ўзбекистонликни калтаклаб, унга оғир тан жароҳати етказган чеховлик 15 яшар ўсмир қўлга олинган.

Ўзбекистонлик Санкт-Петербургда ўлдирилди

4 ноябрь куни Санкт-Петербург шаҳар метросининг “Рибацкое” станцияси яқинида ўзбекистонлик меҳнат мигрантининг жасади топилди.

Санкт-Петербург шаҳри Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати Озодликка бу воқеа тўғрисидаги хабарларни тасдиқлади, лекин ишни Тергов қўмитаси ўрганаётганини рўкач қилиб, тафсилотларни айтишдан бош тортди.
Тергов қўмитаси билан эса, боғланиб бўлмади.

Воқеа тўғрисида биринчи бўлиб хабар қилган “Русская служба новостей”га кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари видеоназорат камералари ёзувларидан ўзбекистонликни “миллатчилар учун характерли бўлган кийим”ли бир неча киши ўлдирганини аниқлаган. Улар 4 ноябрь куни ўзбекистонликка бир неча бор пичоқ урган ва натижада у воқеа жойида ҳалок бўлган.

Фонтанка.ру сайтига кўра, ўлдирилган ўзбекистонлик 51 ёшда бўлган. Унга 4 ноябрь куни Караваев кўчасидаги 31 уй олдида 10 ўсмирдан иборат гуруҳ ҳужум қилган. Терговчилар унинг танасига 14 марта пичоқ урилганини сайтган.

Санкт-Петербургда ҳалок бўлган ўзбекистонлик шахсини аниқлашнинг имкони бўлмади.

"Комсомольская правда" газетаси хабарига кўра, шу куни Караваев кўчасида яга бир ўзбекистонликнинг жасади топилган. Воқеа 33-уй олдида содир бўлган. Газетанинг гувоҳларга таяниб ёзишича, ўзбекни капюшонли куртка кийган уч шахс тўхтатган ва унга пичоқ ура бошлаган. Айтилишича, Санкт-Петербург шаҳри Тергов қўмитаси воқеа юзасидан жиноят иши қўзғаган ва жиноятнинг миллатчилик мотивлари ўрганилмоқда.

4 ноябрь – Халқ бирлиги кунида Россиянинг бошқа қатор шаҳарларида бўлгани каби Санкт-Петербургда ҳам маҳаллий миллатчиларнинг “Рус марши” юриши бўлиб ўтди. Шаҳарнинг турли мавзеларида миллатчилар меҳнат муҳожирларига ҳужум қилди.

Москванинг Бирюлово мавзеида ўтган ойда бўлиб ўтган воқеалардан кейин Россияда миллатчилик кайфияти кучайиб кетди. 4 ноябрь кунги ўтказилган "Рус марш"лари эса, меҳнат муҳожирлари учун таҳдидлар даражасини янада оширди. Мана шундай шароитда ҳар бир меҳнат муҳожири ҳаёти ва саломатлигини сақлаш йўлларини ўйлаб қўйиши ортиқча эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG