Линклар

"Ёнилғи тақчиллиги яқин кунларда ҳал бўлмайди"


Бутун мамлакат бўйлаб АЁҚШлар олдида бир неча километрлик навбатларнинг пайдо бўлиши оддий манзарага айланиб бўлди.

Бутун мамлакат бўйлаб АЁҚШлар олдида бир неча километрлик навбатларнинг пайдо бўлиши оддий манзарага айланиб бўлди.

Ўзбекистонда ёнилғи тақчиллиги муаммоси янада кескинлашмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб АЁҚШлар олдида бир неча километрлик навбатларнинг пайдо бўлиши оддий манзарага айланиб бўлди. Мамлакатдаги иккита нефтни қайта ишлаш заводидан бири бутунлай тўхтаб қолган, яна бири эса қисман ишламоқда, холос. Ўзбекистон нефть маҳсулотлари соҳасига яқин мутахассиснинг айтишича, яқин ҳафталар ичида муаммонинг ҳал бўлиши шубҳа остида қолмоқда. Мустақил экспертлар эса, муаммо ечими оддийгина – бозор иқтисодиётига амалда ўтишдир, демоқда.



Душанба куни Озодликнинг Самарқанддаги мухлиси юборган видеода ЎзГазОйл ширкатига қарашли ёнилғи қуйиш шохобчаси олдида турган машиналар карвони беш километрга чўзилиб кетди.

- Бу ҳали ҳеч нарса эмас¸ биз бир марта бензин олиб яна қайтиб келаяпмиз. Беш километргача очередда турибди одамлар. Самарқанд бўйича умуман бензин йўқ. Бензозаправкагача мана ҳозир камерада оламан. Сизлар томоша қилиб кетинглар. Мостнинг устини қаранглар. Мостнинг устида ҳам машиналар турибди¸ бечоралар. Халқ бензинсиз азоб чекаяпти. Свет йўқ¸ сув йўқ¸ газ йўқ¸ бензин йўқ¸ машиналар ўта олмайдиган даражада турибди қаранглар, дея сўзлаб беради Озодлик муштарийси.

Бундай ҳолатни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўриш мумкин.

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, сешанба куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги АЁҚШлардан бирининг олдида ҳам бир ярим киломтерлик навбат пайдо бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати икки ҳафтадан бери давом этаётган бензин қурғочилигига доир вазиятни изоҳлаганича йўқ.

Айни пайтда Озодлик манбаларининг маълум қилишича, Ўзбекистондаги нефтьни қайта ишлаш заводаларидан бири – Фарғонадаги корхона бутунлай тўхтаб қолган. Манбанинг сешанба куни Озодликка айтишича, бундан ўн кунча аввал Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи раҳбарияти ҳибсга олиниши ортидан Миллий хавфсизлик хизмати тергов бошлаган.

“Ҳозир катта тергов кетмоқда ва корхонадан бир томчи ҳам бензин чиқмаяпти”, деди суҳбатдошимиз.

Иккинчи корхона Бухоро нефтьни қатйа ишлаш заводи ҳам тўлиқ ишламаётгани айтилмоқда. Бу завод ишлаб чиқарган маҳсулотни ЎзГазОйл шохобчалари сотади. Мазкур ширкатга яқин бўлган манбанинг айтишича, “Бухородан жуда чекланган миқдорда бензин келмоқда”.

Ўзбекнефтегаз давлат холдингига қарашли ЎзГазОйл Ўзбекистонга тайёр бензин импорт қилиш ҳуқуқига эга ягона ширкатдир. Манбамизнинг айтишича, нархи баландроқ бўлган импорт бензин миқдори ҳам жуда чеклангани боис, “уни ҳам етказиб бериш имкони бўлмаяпти”.

Ўтган ҳафта бошланган мисли кўрилмаган тақчиллик сабабли мамлакатдаги АЁҚШ эгаларидан ҳар бир машинага 10 литрдан ортиқ бензин қуймаслик тўғрисида тилхат олинди. Бундан ташқари бу вазиятда қўлда сотилаётган бензин ҳам кескин ошиб кетгани кузатилди. Хусусан, Фарғона водийси вилоятларида бензин нархи 8 минг сўмгача кўтарилди. Ҳозирда вилоятларда бензин қўлдан 5 минг сўмгача сотилаётгани айтилмоқда.

ЎзГазОйлга яқин манбанинг Озодликка айтишича, вазиятнинг яқин ҳафталар ичида ҳал бўлиши кутлмаяпти.

Тошкентлик журналист, Узметроном Интернет нашри муҳаррири Сергей Ежков вазият кун сайин кескинлашиб бораётганига ҳукумат нефть импортини оширишни истамаётгани, валюта заҳиралари таги кўриниб қолгани ҳисса қўшмоқда.

- Ташқаридан сотиб олиш учун валюта йўқ. Иложи борича ресурслар ажратилмоқда. Ҳозир бензинни қарзга оляпмиз, билишимча қозоқлардан ҳам, туркманлардан ҳам қарзимиз бор. Агар ҳукуматнинг иложи бўлганида бозорни энергия воситалари билан тўлдиришга барча воситаларни ташлаган бўларди. Чунки ижтимоий барқарорлик ҳукумат учун валютадан ҳам, бошқа нарсадан ҳам муҳимроқдир, дейди Ежков.

Ўзбекистон молия вазирлигининг собиқ амалдори, ҳозирда Остонадаги Евроосиё иқтисодиёт институти доценти Сапарбое Жубаев, мамлакатда ёқилғи тақчиллиги ва бошқа иқтисодий муаммоларни ҳал этишнинг йўли жуда жўн, дейди. Бунинг учун бозор иқтисодига ўтиш керак, бу эса ҳокимиятдаги маълум доиралар манфаатига ётмайди, дея давом этади иқтисодчи.

- Раҳбариятимиз шуни хоҳламаëтгани учунми, энди буни тушуниб бўлмайди. Лекин ҳокимиятда турган одамлар жуда осон йўл билан бойлик орттиришнинг йўлида бу. Бундан улар ажрагиси келмайди. Меҳнатсиз даромад топишнинг энг яхши йўли шу режали иқтисодни олиб бориш, дейди иқтисодчи.

Бензин тақчиллиги муаммоси бир неча кундан бери давом этаётган Twitter айтишуви мавзуларидан бирига айланди. Шу кунларда ташқи дунё билан Twitter орқали мулоқот қилаётган Гулнора Каримова сешанба куни бензин тақчиллигида Миллий хавфсизлик хизматини айблади.


Twitter фойдаланувчиларидан бирининг "бензин муаммосини ҳал қилиб берганингизда, ҳамма сизни севиб қоларди", деган таклифига.

"Бу ҳал қилиб бўлмайдиган муаммо, деб қорқаман. Бухоро ва Фарғона нефтьни қайта ишлаш заводларининг иккаласи ҳам ҳозир МХХнинг бир биргадаси назорати остида... айбдорларни қидиришмоқда", дея иддао қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG