Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:22

Тожикистонликлар президент сайламоқда


Душанбедаги сайлов участкаларидан бири.
Душанбедаги сайлов участкаларидан бири.
Бугун Тожикистонда президентлик сайлови ўтказилмоқда. Унда давлат раҳбари лавозими учун олти номзод, шу жумладан, амалдаги президент Имомали Раҳмон кураш олиб бораяпти. Экспертлар фикрича, Тожикистонни моҳиятан 21 йилдан буён бошқариб келаётган Имомали Раҳмон бу гал ҳам осонгина ғалаба қозониши мумкин.

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси тарқатган маълумотларга кўра, 6 ноябрга белгиланган сайловни ўтказиш учун мамлакат бўйлаб 3158 та сайлов участкаси очилган.

Маҳаллий вақт билан эрталабки соат 6 да очилган бу сайлов участкалари кечки соат 20 да ёпилиши кутилмоқда.

Давлат раҳбари лавозими учун курашда Иқтисодий ислоҳотлар партияси раҳбари, Тожикистон Фанлар академияси Иқтисодиёт ва демография илмий-текшириш институти директори Олимжон Бобоев, Тожикистон Аграр партиясидан номзод ўлароқ кўрсатилган Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси вице-президенти Толибек Бухориев, Тожикистон Социалистик партияси раиси Абдуҳалим Ғаффоров, Тожикистон Демократик партияси раҳбари Саиджафар Исмонов, Коммунистик партия номзоди Исмоил Талбаков ҳамда Тожикистон халқ-демократик партияси, Ёшлар уюшмаси ва Мустақил касаба уюшмалари федерацияси томонидан номзод ўлароқ кўрсатилган амалдаги президент Имомали Раҳмон иштирок этмоқда.

Экспертлар фикрича, Тожикистонни моҳиятан 1992 йилдан буён бошқариб келаётган Имомали Раҳмон бу гал ҳам осонгина ғалабага эришиши мумкин.

Бирлашган мухолифат номзоди Ойниҳол Бобоназарова “зарур бўлган миқдорда сайловчилар имзосини йиғолмаганлиги учун” сайловга қўйилмаган. Бугун эрталаб Озодликнинг тожик хизматига интервью берган Бобоназарова хоним овоз бериш учун сайлов участкасига бормаганини, бундай истаги ҳам йўқлигини билдирган.

- Мен президентлик сайловида овоз бермасликка қарор қилдим ва ўз қароримга содиқ қоламан, - деди Ойниҳол Бобоназарова.

Бобоназарова номзодини илгари сурган Тожикистон Социал-демократик партияси раиси Раҳматулло Зоиров ҳамда Тожикистон Ислом уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий ҳам овоз бериш жараёнида иштирок этмасликларини билдирганлар.

- Бу танловсиз сайловдир ва биз уни бойкот қилганмиз. Фақат мен эмас, ТСДПнинг бошқа барча тарафдорлари ҳам овоз бериш учун чиқмайдилар, - деди хусусан Тожикистон Социал-демократик партияси раиси Раҳматулло Зоиров.

Мухолифат вакиллари Тожикистон Марказий сайлов комиссиясининг Ойниҳол Бобоназаровани номзод сифатида рўйхатга олишдан бош тортишини “майдонни мухолифлардан тозалаш мақсадида қўйилган сунъий тўсиқ” ўлароқ баҳолаганлар. Кузатувчиларга кўра, Бобоназарова сайловда иштирок этмаслиги маълум бўлиши билан кўпчиликда бу сайловга нисбатан қизиқиш сўнган.

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, президентлик сайловини 6 мингдан зиёд маҳаллий ва 500 дан ортиқ халқаро кузатувчи кузатиб боради.

Сайловнинг дастлабки натижалари МСК томонидан 7 ноябрь куни эълон қилиниши кутилмоқда. Расмий натижалар эса овоз бериш кунидан 10 кун ўтгач эълон қилинади.

Тожикистон Конституциясига кўра, бу мамлакатда президент етти йиллик муддатга сайланади.
XS
SM
MD
LG