Линклар

logo-print

“Миллион” жамоаси “Тошкентда тошкентлик камайиб кетди” ҳажвияси учун “Ўзбекнаво”га тушунтириш берди


5 ноябрь кунги томоша.

5 ноябрь кунги томоша.

5 ноябрь куни Ўзбекистоннинг энг нуфузли “Истиқлол” саройида концерт берган “Миллион” жамоаси саҳнага олиб чиққан ҳажвиялардан бирида Тошкентда “тоза тошкентлик” топиш ноëб ҳодиса сифатида талқин қилинди. Маҳаллийчиликни рағбатлантириш деб кўрилган бу саҳна учун “Миллион” жамоасига “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан огоҳлантириш берилди.

Миллий саҳнада маҳаллийчилик?

Тошкентнинг “Истиқлол” санъат саройида 4-5-6 ноябрь кунлари “Миллионлаб мухлисларга, Миллионлаб ҳазиллар” номли янги шоу дастурини тақдим этаëтган “Миллион” жамоаси яна бир бор жамоатчилик эътирозига учради.



Дастлаб “Қувноқлар ва зукколар” терма жамоаси сифатида танилган ҳозирги "Миллион" жамоаси¸ айтилишича¸ ўтганда ҳам саҳнадан туриб беҳаë мазмундаги томоша ва сўзлар учун "Ўзбекнаво"дан дакки эшитган.

“Ўзбекнаво” дарҳол изоҳ истади

Неча чиғириқдан ўтиб миллий “Истиқлол” саҳнасига олиб чиқилган “Тошкентда тошкентлик камайиб кетди” ҳажвияси маҳаллийчилик тарғиботи сифатида талқин этилди ва гуруҳ аъзолари 6 ноябрь куни “Ўзбекнаво”га чақиртирилиб¸ бу борада изоҳ беришга мажбур бўлди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг Озодлик мухбири суҳбатлашган мулозими “Миллион” гуруҳининг рисоладагидай лицензияси борлиги ва “Истиқлол” саройи саҳнасида намойиш этилаëтган концерт дастурининг бирлашма кўригидан ўтганини билдирди:

- Бизларга репертуарини тақдим қилади. Қайси чегарада чиқишини бизлар тушунтириб ўтамиз. Булар концертга рухсат берилишидан олдин сценарийсини тақдим қилади. Сценарийни тақдим қилгандан кейин уни кўриб чиқади бошқарма. Кўриб чиққандан кейин¸ маъқул деб топилса¸ концертга рухсат берилади. Бу бир хунук ҳолат. Эсингизда бўлса¸ ўтган йили, "Дизайн" деган гуруҳ бор, ҚВЗ (Қувноқлар ва Зукколар) жамоаси. Улар худди шунақа ғояни илгари сургани учун бу йил концертига рухсат берилмади¸ деди “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг Озодлик суҳбатлашган мулозимларидан бири .

Бирлашманинг бошқа вакили - “Концерт¸ томоша фаолиятини ташкил этиш бошқармаси” расмийси “Миллион” жамоаси концерт дастури “Ўзбекнаво” тасдиғидан ўтганини тасдиқлай туриб¸ ҳажвчиларнинг жонли ижрода сценарийдан чиқиб кетганини таъкидлади:

- Дастур тасдиқланган. Дастурда у жойлари йўқ эдида. Бошқачароқ эди. Саҳнага бошқачароқ бўлиб чиқиб кетди. Ҳозир бу бўйича раҳбарига огоҳлантириш берилди. Бугун ҳаммасини тузатамиз¸ деган. У жойини олиб ташлашни айтганмиз бизлар. Ташкилотчи бизнинг рухсатимизсиз дастурдан ташқарига чиқиб кетган. Концертда бугун ҳамма шу кечаги каби ҳолатлар ҳаммаси олиб ташланади. Иккита-учта жойлар кетган. Ана шу ҳаммасини ҳозир биз олиб ташладик¸ деб тушунтириш хати ëзиб кетди. Бугун энди концертида маълум бўлади бу нарса¸ деди “Ўзбекнаво” мулозими.

"Биз ҳаммани ҳажв қилдик"

"Ўзбекнаво" мулозимига кўра¸ 6 ноябрь куни “Миллион” гуруҳи раҳбари “Ўзбекнаво”га чақиртирилган ва 5 ноябрь кунги “қуюшқондан чиқиш” сабабига изоҳ берган:

- Гуруҳ раҳбари Даврон Қобулов деган йигит: “Энди бу ерда биз маҳаллийчилик деб нима қилмаганмиз. Биз ҳазил деб нима қилаяпмиз. Тошкент, уларни ҳам ëмонлаб туриб айтган жойимиз бор. Жамоамизда 7 киши бўлсак, бештаси вилоятлардан”¸ деб бизга тушунтириш берди . Ҳақиқатан пропискаларини олдик биз ҳозир. Ҳаммаси Андижон, Сурхондарë, қашқадарëлик йигитлар. Нима учун бунақа гапирдиларинг? десак “Биз бу ерда ҳаммани гапирдик. Кеча сал бўртиброқ чиқиб кетди” деди бизга¸ ,деди “Ўзбекнаво” мулозими.

Виртуал тортишув: Маҳаллийчилик ëхуд шунчаки ҳазил?

“Миллион” жамоасининг “Тошкентда тошкентлик камайиб кетди” саҳнаси Youtube порталига қўйилиши билан мунозарага сабаб бўлди.

Ўзбекистон шоу бизнеси ҳаëтини ëритувчи Sayyod.uz жонли сайтида линк қўйилган бу видео остида шарҳ қолдирганлардан бири:

Шу кулгуми? Шу санъатми? Бу беҳаёлик ва маҳаллийчилик шоуси бўлди¸ холос. Сценарийни ким тасдиқлаган? Ким ўтказди буни? Бу вилоятликларни камситиш учун атай буюртмамиди?” деб жунбушга тушди.

Бошқа шарҳловчи эса¸ “Шунақаям қолоқ фикрлимисиз? Бунинг ҳаммаси просто прикол¸ лекин айни ҳақиқат олиб чиқилган. Бунга “Ўзбекнаво”нинг нима алоқаси? деб эътироз билдирди.

Sayyod.uz жонли сайти муҳаррри Сардор Комиловнинг Озодликка айтишича¸ саҳнадан туриб маҳаллийчиликни тарғиб қилиш “хунук ҳодиса” ва зиëли¸ интеллектуал даражаси баланд¸ қамрови кенг санъаткор буни ўзига эп кўрмайди.

“Кулгу санъати реанимацияда”

“Миллион” гуруҳининг “Тошкентда тошкентлик камайиб кетди” томошасини шарҳлаган ўзбек кулгу санъатининг энг машҳур устаси Обид Асомов ҳам¸ маҳаллийчилик ғоясининг саҳна¸ айниқса¸ бир пайтлар йўли узун ва тоши оғир бўлган “Истиқлол” саройи саҳнасига чиқишини “хунук” ҳодиса деб баҳолайди:

- Олинган тема ҳақиқатан жуда ҳам ақлли тема эмас. Гап йўғида гап¸ деб гапиришган¸ шекилли. Биринчидан, катта саҳнада гапирадиган мавзу эмас. Ўзбекистон бўйича назаримда унақа гап қолмаган “сан тошкентликмисан, сан андижонликмисан” деган. Агар бунинг ҳаммасини бўлак-бўлак қилиб¸ ҳамма ўзи туғилган жойга кетсин¸ дейдиган бўлсак, Ўзбекистонни 13 та ҳудудга бўлиб ташлаш керак. Яхши ҳид келмаяпти бу гапдан. Кулдирадиган гап ҳам эмас, сатира ҳам эмас. Унда ҳеч куладиган жойнинг ўзи йўқ. Ким қаерда туғилганлигининг нима аҳамияти бор?

Бир латифа бўларди. “Қаерликсиз?” деса, “Мен францияликман” дейди. “Қаерликсиз?” деса, “Мен францияликман” дейди. “Сизнинг паспортингизда Лондонда туғилган деб ëзилганку” деса, “Менга қаранг. Лондонда туғилган бўлсам, нима қилибди? Мен францияликман” дейди. “Йўқ, Лондон деб ëзилганку” деса, “Ака, агар ит отхонанинг ичида туғилса, от бўлардию” дейди. Шунга ўхшаб ажратиш керак эмас. Инсон қаерда маъқул бўлса, ўша ерда яшайди, Тошкентдами, Фарғонадами, Андижондами. Шунинг учун¸ бу биринчидан болаларнинг бўшлиги, болаларнинг уқувсизлигидан деб ўйлайман.

Тўғрисини айтаман¸ умуман бизнинг мамлакатда охирги пайтда кулги санъатига эътибор берилмай қўйди. Шундан ҳамма айбни қидириш керак¸дейди Озодлик билан суҳбатда замонавий ўзбек кулгу санъатининг энг таниқли намояндаси Обид Асомов.

Обид Асомов билан тўлиқ суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG