Линклар

Россия Федерациясининг ғарбдаги ярим экслав Калининград областига иш излаб борган 34 яшар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ватанига қайта олмаётгани, самолётга олган 3 та чиптаси куйиб кетганидан Озодликка арз қилди.

Федерал миграция хизматининг Калининград область бошқармаси расмийлари Озодликка ўзбекистонлик мигрантнинг чиқарилмаётгани сабабини унинг миграция тартибини бузганлиги учун ҳуқуқий процедуралардан ўтиши зарурати билан изоҳлади.


Озодликка арз қилган самарқандлик 34 яшар меҳнат муҳожири, масаласини ўрганишимиз учунгина, исм-фамилиясини айтди, лекин исмининг жамоатчиликка ошкор бўлишини истамади.

Айтишича, у 5 ноябрь куни Калинграддан Самрқандга уча олмаган.

- Учмайсан, деди. Қолдим. Асабларим қақшаяпти. Бақиргим келаяпти, деди йигит.

Шуниси қизиқки, 5 ноябрь кунги самолётга олган чиптаси кейинги қарийб бир ой ичида Ўзбекистонга кетиш учун сотиб олгани биринчи билет эмас.

- Олдин Тошкентга билет олдим, уча олмадим. Кейин Рига орқали Тошкентга билет олдим, унга ҳам учолмадим. Мана энди кеча Самарқандга уча олмадим, деди йигит.

Уччала билети ҳам куйиб кетган, пулини қайтариб ололгани йўқ.

Йигитнинг айтишича, у Калининградга етиб боргач, кўп ўтмай нолегал мигрантга айланган.

- Имкониятим йўқлиги учун патент ҳам, разрешение на работу ҳам ололмаганман, деди у.

Маълум бўлишича, дастлабки 2 билети куйиб кетишига Калининград аэропорти ходимларининг алоқаси йўқ. (Бу масалага кейинроқ тўхталамиз)

Унинг 5 ноябрь куни самолётга чиқарилмагани сабабини билин учун Федерал миграция хизматининг Калининград область бошқармаси билан боғландик.
Бошқарма “Ишонч телефони” хизмати вакили вазиятни тушунтирганимиздан кейин бундай деди:

- Афтидан, у расмий қайддан ўтмаган ёки қайд муддати ўтиб кетган. Яъни қонунларни бузган ва шунинг учун чиқиб кетаётган пайтда уни ушлаб қолишган, деди ФМС вакили.

Биз бошқарманинг Эмиграция назорати бўлими билан ҳам боғландик.

Бўлимнинг ўзини таништирмаган ходими биз исм-фамилиясини айтганимиз конкрет пассажир билан боғлиқ воқеани билмаслигини, шунинг учун умумий қоидалар тўғрисидагина айта олишини писанда қилар экан, бундай деди:

- Шундай ҳолатлар бўладики, Россия ҳудудида нолегал юрган фуқаролар барча ҳужжатларини қонунийлаштириш процедурасини ўтказиш учун авиарейсдан бир-икки кунга олиб қолиш мумкин. Барча ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг, пассажир кейинги рейс билан жўнатиб юборилади, деди Федерал миграция хизматининг Калининград область бошқармаси Эмиграция назорати бўлими вакили.

Калиниграддан кетолмаётган самарқандлик йигит билан 6 ноябрь куни яна боғландик. Айтишича, масаласи ҳал бўлган.

- Менга 11 ноябрь куни “депорт” уриб беришади, 12-чида кетаман, деди йигит.

Масала депортция билан бўлса-да ҳал бўлибди ва биз бу воқеа тўғрисида ҳикоя қилмасак ҳам бўлаверар эди.

Лекин 6 ноябрь кунги суҳбатдан ҳодисанинг баъзи деталлари билиниб қолди. Йигитнинг айтишича, унинг дастлабки 2 билети куйиб кетишида Калининград маъмурларининг айби йўқ.

Айтишича, дастлабки икки марта унинг ўзи аэропортга боришдан қўрққан. Йигитдан сўрадик:

- Биринчи марта қачон учишингиз керак эди?

- 20 октябрда учишим керак эди. Аэропортга кирганим йўқ.

- Нима учун қўлингизда билет бўлатуриб аэропортга кирмайсиз? Мен тушунмаяпман...

- Нима учун тушунмайсиз? Айтяпманку, сизга. Документи йўқларни олиб қолаяпти, деб. Олиб қолмасин, деб ўзим қолдим-да!

- Иккинчи марта қачон учмоқчи бўлдингиз?

- 25 октябрда. Аэропортга бордим. Эшикдан киролмадим. Масалан, сиз билан гаплашган бўлсам, 10 минг берасан, чиқариб юбораман, дейсизку? Ўша менга ваъда қилган болани СНБнинг болалари олиб кетиб қолди-да...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG