Линклар

logo-print
Тожикистоннинг амалдаги президенти 61 ёшли Имомали Раҳмон мамлакатда ўтказилган президентлик сайловида 83,6 фоиз овоз олиб, ғолиб бўлди. Бу ҳақда Тожикистон Сайловлар ва референдумлар марказий комиссияси 7 ноябр куни эълон қилди. Бироқ, кузатувчилар ҳукумат сайловларга мухолифат номзодини ўтказмаганлигини ва сайловлар мухолифат номзодисиз ўтганини айтмоқда.

Тожикистон Сайлов ва референдумлар марказий комиссияси раиси Шермуҳаммад Шодиён 7 ноябр куни мамлакатда ўтказилган президентлик сайлови натижаларини эълон қилди.

Сайловчиларнинг 83,6 фоизи Тожикистон Халқ демократик партияси номзоди Имомали Раҳмонга, 5 фоизи Коммунистик партия номзоди Исмоил Талбаковга овоз берди.

Бошқа номзодлар, Иқтисодий ислоҳотлар партияси раҳбари Олимжон Бобоев, Тожикистон Аграр партияси аъзоси Толибек Бухориев, Тожикистон Социалистик партияси раиси Абдуҳалим Ғаффоров, Тожикистон Демократик партияси раҳбари Саиджафар Исмоновлар 5 фоизлик даражадан паст овоз олдилар.

Сайлов комиссияси маълумотига кўра, сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган сайловчиларнинг 86,6 фоизи қатнашган.

Сайлов натижалари бўйича расмий ҳисобот 10 кундан сўнг эълон қилинади.

Мухолифатсиз сайлов

Етарли имзо тўплай олмагани учун Тожикистон Сайловлар ва референдумлар Марказий комиссиясидан рўйхатдан ўтолмаган Тожикистон ислоҳотчи кучлари номзоди Ойниҳол Бобоназарова сайловда қатнашмади.

“Мен президентлик сайловида овоз бермаслик ҳақида қарор қабул қилдим ва ўз қароримда собит қоламан”, деди Ойниҳол Бобоназарова.

Тожикистон Социал-демократик партияси раиси Раҳматулло Зойиров ҳам унинг партияси сайловни бойкот қилганини айтди.

“Бу сайловсиз сайлов бўлди ва биз уни бойкот қилдик. Биргина мен эмас, балки партиямизнинг барча тарафдорлари ҳам овоз беришда иштирок этмайди”, деди Раҳматулло Зойиров.

Тожикистонда аъзолари сони жиҳатидан мамлакатдаги ҳукмрон партиядан кейин иккинчи ўринда турадиган Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий ҳам овоз беришда иштирок этишдан бош тортди ва айни пайтда Туркияда қолмоқда.

Хабарларга қараганда Ислом уйғониш партиясининг аксарият аъзолари ҳам овоз беришда қатнашмаган.

Ягона мухолифатдан президентликка номзод сифатида танланган Ойниҳол Бобоназарова етарли имзо тўплай олмаганлиги учун сайловга қўйилмаган эди. Бобоназарова штаби ҳар бир номзоддан талаб қилинган 210 минг имзо ўрнига 202 минг имзо йиға олди, холос.

Тожик мухолифати Сайловлар ва референдумлар марказий комиссиясининг бу талабини сайлов майдонини исталмаган мухолифатдан тозалаш учун қўйилган сунъий тўсиқ, деб атади.

Таҳлилчилар фикрича, Ойниҳол Бобоназарова номзодининг рўйхатга олинмагани амалдаги президент Имомали Раҳмон учун сайловда ҳақиқий рақибсиз кураш олиб боришга имкон яратди. Чунки, аксарият одамларнинг фикрича, қолган беш нафар номзод амалда ҳозирги ҳукуматни қўллаб қувватлайди ва сайловга муқобиллик кўриниши бериш учун унда иштирок этган.

61 ёшлиТожикистон Президенти Имомали Раҳмон мамлакатни 21 йилдан буён бошқариб келяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG