Линклар

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг ширкати раҳбарининг биринчи ўринбосари Шавкат Мажидов Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги тафтишлар боис ишдан олинган.

58 яшар Шавкат Мажидов 6 ноябрдан 7 ноябрга ўтар кечаси тўсатдан ишдан олинди.

Бу маълумотни Озодликнинг Тошкентдаги бир-биридан мустақил икки манбаси маълум қилди.

Шавкат Мажидов.

Шавкат Мажидов.

Нефт соҳасида катта бошқарувчи лавозимида ишлайдиган Озодлик манбасининг таъкидича¸ Мажидов Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги тафтишлар боис ишдан олинган.

Шавкат Мажидовнинг ишдан олинганини “Ўзбекнефтгаз” мулозимлари Озодлик билан суҳбатда расман тасдиқламади:

- Шавкат Холметович касал¸ унинг ишдан олингани ҳақида расмий ҳужжатга ҳали эга эмасмиз¸ деди “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг ширкати котибиятида ишловчи мулозим.

Айни ширкатнинг Озодлик боғланган бошқа мулозимлари ҳам Шавкат Мажидовнинг “бирдан касал бўлиб қолгани” ҳақидаги маълумотдан нари ўтишмади.

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг ширкатининг расмий интернет сайтида Шавкат Мажидов миллий холдинг раисининг биринчи ўринбосари¸ Бош бошқарма бошлиғи ва Бошқарувчилар кенгаши котиби сифатида ишлаëтгани ҳақидаги маълумот 7 ноябрь куни ҳали олиб ташланмаган эди.

Нефт соҳасида катта бошқарувчи лавозимида ишлайдиган Озодлик манбасининг таъкидича¸ аслида Шавкат Мажидов “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг ширкатида асосий ишларни бажарувчи “калит” шахс ҳисобланган:

- Ҳамма ишни қиладиган одам аслида Шавкат Мажидов эди. Ўзи бунақа катта идораларда асосий иш иккинчи раҳбар зиммасида бўлади. Бу кишининг ишдан олинишини Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги тафтишлар билан боғлашаяпти. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи Гулнора Каримова назоратида бўлган. Мендаги маълумотга кўра¸ Шавкат Мажидов Гулнора Каримовага яқин бўлгани учун ишдан олинган¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик манбаси таъкидига кўра¸ ҳозирда Шавкат Мажидов Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги камомадда айбланмоқда.

Манбанинг айтишича¸ Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида нефтни ўғринча сотиб¸ қайддан ўтмаган нақд пул ишлашнинг жиноий занжири яратилган.

Озодлик радиосига бундан икки йил олдин келган мактубда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг ширкати раҳбарлари назоратидаги жиноий тармоқ “ишлаган пуллар” Болтиқбўйидаги оффшор банкларда “оқланиб”¸ мулозимларнинг хориждаги банк ҳисобларига ўрнашаëтгани иддао қилинган эди.

Бу мактуб келганидан икки йил ўтиб шу йилнинг 20 октябрь куни Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводи раҳбарияти ҳибсга олингани ҳақидаги маълумот пайдо бўлди.

Бу ҳақда маълум қилган Фарғонадаги Озодлик манбасига кўра, миллий хавфсизлик хизмати вакиллари “қора ниқобли”лар гуруҳи билан биргаликда келиб, завод раҳбарларидан тортиб, деярли барча бўлим бошлиқларини ҳибсга олган.

Ўтган йилнинг 8 июнь куни ҳам мазкур заводнинг 30 га яқин мулозими ҳибсга олинган эди.

Озодлик манбаларининг айтишича¸ “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг ширкати раҳбарининг биринчи ўринбосари Шавкат Мажидовнинг ишдан олиниши Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводидаги ҳибга олишларнинг узвий давомидир.

Манбалар таъкидича¸ яқин орада Шавкат Мажидов устидан жиноий иш очилиш эҳтимоли катта.

Шавкат Мажидов Қозоғистонинг Чимкент шаҳрида туғилган ва Олмаотадаги технология институтини тугатиб¸ Қозоғистон Давлат стандарти идорасида ишлай бошган.

1991 йилда Мажидов “ЎзбекЛИТИнефтгаз” ширкатига ишга кириб¸ Ўзбекистон фуқаролигини олган.

Мажидов 1998 йилдан бошлаб “Уззарубежнефтегаз” ширкатида ташқи сармоялар бўйича директор вазифасида ишлаган.

2002 йилда “Ўзбекнефтгаз” ширкати раислигига тайинлаган Мажидов бир йилдан кейин ширкатдаги иккинчи раҳбар лавозимига туширилди ва баъзи иддаоларга кўра¸ ширкатнинг соядаги асосий хўжайинига айланган.

Узметроном Интернет газетаси хабарига кўра¸ 7 ноябрь куни ишдан бўшатилган Шавкат Мажидов ўрнига Шўртангаз кимë мажмуаси бош директори Алишер Султонов тайинланган.

Озодлик бу маълумотни ҳозирча расмий манбалардан тасдиқлай олмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG