Линклар

logo-print

Владивостокда тўлғоқдаги ўзбекистонлик аëл туғруқхонага кирғизилмади


Тўлғоқ тутаëтган ўзбекистонлик аëл.

Тўлғоқ тутаëтган ўзбекистонлик аëл.

Сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси Владивостокдаги 1-туғруқхонага келган Ўзбекистон фуқаросини касалхона ходимлари на пули ва на тиббий суғуртаси йўқ¸ деган асосда қабул қилмади. Кечқурун ëлғиз ўзи тўлғоқ пайтида кўчага чиқариб юборилган аëл касалхона атрофида яшовчилар ва полиция аралашувидан сўнг ичкарига олинди. Тиббиëт ходимларининг бундай совуққонлиги ҳозирда ҳуқуқ тизимлари томонидан текширилмоқда.

5 ноябрь куни кечқурун тўлғоқ ҳолатида Владивостокдаги 1-туғруқхонага Тез ëрдам билан олиб келинган ўзбекистонлик аëлни туғруқхона врач ва акушерлари қабул қилишдан бош тортди.

Воқеа тафсилотларини ўрганаëтган Приморьедаги “Адолат” ўзбеклар жамоат ташкилоти раиси Баҳодир Нураковнинг Озодликка билдиришича¸ шундан сўнг аëл туғруқхонани тарк этишга мажбур бўлган:

- Скорий олиб келган¸ лекин булар қабул қилмаган. Скорий ҳам кетворган¸ видеороликда кўрган бўлсангиз¸ булар ҳам (тиббий ходимлар-таҳр.) бақир-чақир қилишган¸ “ўзингга бориб туққин¸ нима бор бу ерда” деган гап бўлгандан кейин¸ менимча у аëл чиқиб кетган¸ дейди Нураков.

Ҳозирча шахси ошкор қилинмаëтган бу аëл бир соатдан кўпроқ давом этган тортишув ва полиция аралашуви билан ичкарига олиниши ҳамоно ўғил фарзанд туққан.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Владивосток шаҳри бўйича бошқармаси матбуот хизмати ўзбекистонлик туғаëтган аëлга тиббий ëрдам кўрсатишдан бош тортиш воқеасининг полициячилар аралашуви билан ҳал этилганини билдира туриб¸ бундай ҳолнинг шаҳарда илк бор кузатилганини қўшимча қилди:

- Бизни воқеа жойига чақиришди ва дарҳол келиб¸ аëлни туғруқ бўлимига олиб киришга ëрдам бердик. Бизнинг аралашувимиз шу ерда тугади. Воқеа тафсилотларини прокуратура¸ Тергов қўмитаси ва миграция хизмати ўрганмоқда. Айни пайтда¸ касалхона раҳбарияти ҳам воқеа юзасидан ўз текширувини ўтказмоқда. Балки касалхоналарда суғуртаси ва пули йўқ одамни ичкарига олма¸ деган қандайдир ички кўрсатма бордир. Аммо¸ назаримда¸ бундай ҳолатда тиббиëт ходимлари аëлга ëрдам беришлари керак эди. Аммо хулосани тегишли идоралар чиқаради¸ биз эмас¸ деди Владивосток полицияси ходимаси.

7 ноябрь куни 1-туғруқхона ҳамширасининг Озодликка айтишича¸ она ва бола аллақачон касалхонадан чиқарилган:

- Аëл туғруқхонадан чиқарилди. Ҳаммаси жойида. Она ҳам¸ ширингина боласи ҳам соғ-саломат¸ деган ҳамшира тафсилотларни ўрганиш учун навбатчи врач билан боғланишни маслаҳат берди.

Аммо матбуот билан гаплашишдан бош тортган 1-туғруқхона врачи¸ воқеа тафсилотларини жамоатчилик билан муҳокама қилмаслигини айтиб¸ гўшакни ташлади.

Приморьедаги “Адолат” ўзбеклар жамоат ташкилоти раиси Баҳодир Нураковнинг айтишича¸ мазкур воқеа юзасидан 7 ноябрь куни махсус йиғин ўтказилган ва мажлисдан сўнг журналистлар билан учрашув ҳам бўлган:

- Бугун бўлди¸ бир соат бўлди у ердан келганимга. Главврач билан учрашдим¸ у ерда шаҳар ҳокимлигининг ички ишлар¸ сиëсат бўйича ходимлар бўлишди. Қисқа мажлис ўтказдик. Уларнинг айтиши бўйича¸ воқеа пайтида главварч бўлмаган. Скорий олиб келганда аëлни қабул қилишмаган¸ аммо приëмнийга кирғизишган. Ўшандан кейин у аëл чиқиб кетаëтган пайтда тўлғоқ тутиб¸ уларнинг айтиши бўйича¸ қўшни домда турадиган бир аëл кўриб¸ мелиса ходимларини чақириб¸ биргаликда у аëлни роддомга олиб киришган. Главврач ўзини оқлашга уринаяпти¸ навбатчи врач операцияда бўлган¸ у аëл кутишни хоҳламай¸ ўз хоҳиши билан кетган¸ деган гаплар қилишди¸ дейди Баҳодир Нураков.

Озодлик манбаларига кўра¸ ҳозирча қаерда экани ва кимлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ бу аëл¸ ўзбекистонлик лўлилардан ва 5 ноябрь куни туғилган чақалоқ унинг тўртинчи боласи.

Бу воқеа¸ миллатчилик кучайиб¸ айниқса ўзбекистонликларга нисбатан тазйиқ ва босимлар кучайиб бораëтган кунларда юзага чиққанига қарамай¸ Россия матбуоти диққатини ўзига жалб қилди.

Баҳодир Нураковнинг айтишича¸ Владивостокдаги 50 мингга яқинлашиб қолган ўзбек диаспорасига нисбатан нафақат миграция ва полиция хизматчилари¸ балки маҳаллий аҳоли муносабати ҳам анча мураккаблашаëтганига қарамай¸ аксар жамоатчилик бу конкрет воқеада ўзбекистонлик аëлга хайрохоҳ бўлмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG