Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:23

Москвада ўз уйи бор ўзбек талабаси депорт қилинишини кутмоқда


Москвада Марказий Осиëдан келганларни ҳайдаб чиқариш кўлами кенгайиб бормоқда. Ҳўлу қуруқ баравар ëнаëтган бу кампания давомида оператив суд ҳукми билан депортация қилинаëтганлар орасида ҳамма ҳужжатлари рисоладагидай¸ ҳатто Россия пойтахтида ўз уйига эга бўлган ўзбекистонликлар ҳам бор.

- Кейинги пайтларда Россия жамиятининг фашистлашуви кузатилмоқда. Бу Кремль олиб бораётган сиёсат оқибатидир, деди Озодлик билан суҳбатда инсон ҳуқуқлари “Мемориал” жамияти вакили.

Елена Рябинина билан Москвадаги Халқлар дўстлиги университети 1 курс талабаси, сирдарёлик Муроднинг Озодликка шикоятидан сўнг суҳбатлашдик.

Мурод ҳам минглаб ватандошлари каби яқин орада Россиядан чиқариб юборилиши мумкин.


Гулистонлик 21 яшар Мурод (фамилияси айтилмаслигини истади) Халқлар дўстлиги университетига бу йил ўқишга кирган. Россияда истиқомат қилиш ҳуқуқи ҳам бор.

- Саратов областидан вақтинча истиқомат қилишга 3 йиллик рухсатнома олганман, сентябрда эса Москвадан менинг номимга уй сотиб олганмиз, Москвада ҳам вақтинчалик қайддан ўтганман, деди Мурод.

25 сентябрь куни уни кўчада полиция ходимлари тўхтатиб, ҳужжатларини текширган ва Федерал миграция хизмати (ФМС) идорасига олиб келган.
Ўша куни Муроднинг ёнида паспортидан бошқа ҳужжати бўлмаган.

- 5 минут вақт берсангизлар уйим борлигини, талаба эканлигимни тасдиқловчи ҳужжатларимни олиб келиб кўрсатаман, десам, йўқ, деб телефонимни тортиб олишди, қўлларимга кишан солиб ярим соатнинг ичида судга олиб боришди, дейди Мурод.

Унинг иши 25 сентябрь куни Москва область, Домодедово шаҳар судида кўрилди. Судья Муроднинг талаба эканлиги, уйи борлиги, истиқомат рухсати борлиги тўғрисидаги гап-сўзларига қулоқ ҳам солмаган.

- Судья 3 марта жаримага тортилган экансан, шунинг учун депорт қилинасан, деди.

- Нима учун жаримага тортилгансиз?

- Бир марта ҳужжатларимни ёнимда олиб юрмаганим учун 500 рубль тўлаганман, икки марта “мелкое хулиганство” учун.


Домодедово суди Муроддан 5 минг рубль жарима ундириш ва уни 10 кун ичида Россиядан чиқариб юбориш тўғрисида ҳукм чиқарган.

Шундан сўнг Мурод адвокат ёллаб Домодедово шаҳар суди ҳукуми устидан Москва область судига шикоят аризаси киритган.

- 5 минг рубль жаримани тўласам айбга иқрор бўлган бўлиб қоламан. Шунинг учун тўлаганим йўқ. Паспортим ҳозир Домодедово ФМСда. Паспортим Ўзбекистонники. Жаримани тўласам қайтариб беришармиш, деди Мурод.

Муроднинг паспортини гаровда ушлаб турган идора вакили Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Москвадаги инсон ҳуқуқлари “Мемориал” жамияти вакили Елена Рябининадан қандай ҳолатларда у ёки бу идора фуқаро паспортини ушлаб туришга ҳақли эканлиги тўғрисида сўрадик.

- Фуқаро паспорти, агар у ҳибсда ушлаб турилган ёки суд томонидан озодликдан маҳрум этилган бўлса, уни ушлаб турган муассасанинг махсус бўлимида сақланади. Бошқа барча ҳолатларда фуқаро паспортини ушлаб туриш қонунга зиддир, деди Рябинина.

Марказий осиёлик меҳнат мигрантларини кенг кўламда Россиядан ҳайдалаётганини шарҳлар экан, Рябинина бундай деди:

- Бу, шубҳасиз, Кремль юритаётган сиёсатдир. Бу сиёсат бошланганига анча бўлиб қолди. Шу кунларда эса, ақл бовар қилмайдиган кўлам касб этмоқда. Кўриниши славянларникига ўхшамаганларга қарши қаратилган бундай сиёсат Россия жамиятининг фашистлашувига хизмат қилмоқда, деди Елена Рябинина.

Айтишича, яқинда унинг қўлига бир-бирига ўхшаш икки сўрови тушган. Улардан бирини ФМС, иккинчисини полиция судга йўллаган.

“Мигрантни Россиядан чиқариб юбориш “асосланган” бу икки ҳужжатнинг мазмуни, ҳатто имло хатолари ҳам бир хилдир”, дейди Рябинина.

“Мемориал” вакилининг аниқлашича, мигрантларни Россиядан чиқариб юбориш учун бу стандарт сўровлар бланкаси тегишли идораларга, ҳар гал бош қотириб ўтиришмасин, деб Москва шаҳар суди томонидан жўнатилган.
XS
SM
MD
LG