Линклар

logo-print
Пенза шаҳридаги Ўзбеклар жамияти депортацияни ҳибсхонада кутаётган ватандошлари азиятларини камайтиришга бел боғлаб, куни кеча Ўзбекистонга 31 ватандошини жўнатди, 8 ноябрь куни яна 20 меҳнат муҳожирини жўнатмоқчи.

Кейинги пайтларда Россиядан депортация қилинаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари шу қадар кўпки, натижада бу мақсад учун давлат бюджетидан ажратилган маблағ етмаяпти.


Жамият раҳбари, ўзбекистонлик Сотимбой Бердиевнинг Озодликка айтишича, 8 ноябрь куни ўзбекистонликларнинг иккинчи гуруҳи Россия-Қозоғистон чегарасига олиб бориб қўйилади.

- Худо хоҳласа, эртага иккинчи гуруҳни чиқариб юборамиз, деди Бердиев.

- Куни кеча эса, дейди у, 31 кишининг Россиядан Ўзбекистонга кетиб олишига ёрдамлашдик. Шу кунда яна 53 киши “спецприёмник”да сақлаб турилибди.

Пенза Ўзбеклар жамияти ватандошларининг биринчи гуруҳини жўнатиш учун 40 минг рубль атрофида пул сарфлади.

- Харажатнинг бир қисмини депортация қилинганларнинг ўзлари кўтарди, деди Бердиев.

Унинг айтишича, мигрантларни депортация қилиш учун Пенза области бюджетидан ажратилган пул етарли эмас.

- Йилига 100 одамни депорт қилиш учун пул ажратилган. Депорт қилинаётганлар эса, бир неча марта кўп, деди Бердиев.

ФМСнинг Пенза область бошқармаси бошлиғи Михаил Салминга кўра, ўтган йили областдан депортция қилинганлар сони 100 нафарга ҳам етмаган эди.

“Жорий йилнинг 10 ойида эса, 270 кишини ватанига жўнатиб юборишимиз керак”, деган расмий.

- Депорт қилинишини “спецприёмник”да кутиб ётган ўзбеклар жуда оғир аҳволда, кўпчилик қийналиб қолди, 87 одам сақланди бир вақтнинг ўзида, очлик эълон қилганлар бўлди, ўзини осмоқчи ҳам бўлишди, деди Бердиев.

Айтишича, у бошқараётган ташкилот ватандошлар ҳуқуқларини ҳам қўлдан келганича ҳаракат қилмоқда.

- Депорт қилинаётган бир юртдошимиз патентини, солиқ квитанцияларини йўқотиб қўйган экан. Судга бердик. Кеча судда қатнашиб ютиб чиқдик. У қоладиган бўлди, деди Бердиев.

6 ноябрь куни Пензада бир ўзбекистонлик полиция ходимига 2 минг рубль пора бераётган пайтда қўлга тушгани тўғрисида хабар пайдо бўлди.

Пенза Ўзбеклар жамияти раиси Сотимбой Бердиевнинг бу воқеадан ҳам хабари бор экан. Унинг айтишича, полиция ходимларининг ўзлари мигрантларни пора беришга мажбур қилишади.

Воқеани шарҳлаб беришини сўраб, Пенза область Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати билан боғландик. Хизмат вакилидан полиция ходимларининг пора олаётганда қўлга тушгани қайд этилганми, деб сўрадик.

- Мен бошқарманинг матбуот хизматида ишлай бошлаганимга бир ярим йил бўлди. Шу вақт ичида биронта ҳам полиция ходими пора олаётганида қўлга тушгани қайд этилган эмас, деди полиция расмийси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG