Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:14

Масъуллар Бухорода ноёб жайронларнинг оммавий қирилганини яширмоқда


Қашқадарёда таниқли ёзувчи Маркес асарида тасвирлаган қотиллик такрорланди. Таниқли актёр Алишер Узоқов “гўр оғзидан қайтди”. Декабрдан “Сhevrolet Gentra” машинасига буюртма қабул қилинади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Қашқадарёда таниқли ёзувчи Маркес асарида тасвирлаган қотиллик юз берди”


Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Ўтамайли қишлоғида яшовчи Эсон Қобулов укаси Акбар Қобуловни кетмон билан уриб ўлдирди (“Ҳуқуқ”, 7 ноябр). Ошкор қилинган тафсилотларга қараганда, маст ҳолатдаги Акбар акаси Эсоннинг уйига келиб, уни ҳақорат қилган. Ака-укаларнинг даҳанаки тортишувини қишлоқдошлари ҳам бартараф эта олмаган. Оқибатда, Эсон Қобулов пичоқ билан ҳужум қилаётган укасини кетмон билан уриб ўлдирган. Вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Санжар Омонтурдиевга кўра, мазкур жиноят колумбиялик ёзувчи Габриэль Гарсиа Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси”ни эслатади. Айбланувчига нисбатан тайинланган жазо ва бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган.

“Бухорода жайронлар оммавий қирилиб кетди”


Бухоро вилоятидаги “Жайрон” экомарказида Қизил китобга киритилган 630 га яқин ноёб жайронлар қирилиб кетган, аммо мазкур фактни масъуллар яширишга ҳаракат қилмоқда (“Новый век”, 7 ноябр). Жониворлар 2011 йилнинг қишида очлик ва совуқдан ҳалок бўлган. Шу тариқа экомарказдаги жайронлар сони 1988 йилга қараганда 85 фоизга камайиб кетган. Аммо Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси 2012 йилги матбуот анжуманида 426 та жайрон тирик қолган дея ёлғон ахборот берган. Газетага кўра, экомарказ раҳбарияти ҳамда табиатни муҳофаза қилиш идораси масъуллари мазкур жиноятни яширишга зўр бериб уринмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жайронларнинг оммавий қирилишидан 9,7 миллиард сўм молиявий зарар кўрилган. Аввалроқ экомарказдаги ноёб жайронлар сотиб юборилгани, шунингдек, қўриқхона ҳудудида чет элликлар учун катта пул эвазига ов ташкил этилгани хабар берилган.

“Пенсия бўлими ҳужжатларни йиғишда ёрдам бериши шарт”


Жойлардаги пенсия бўлимлари ходимлари пенсия тайинлаш борасидаги ҳужжатларни тайёрлашни тўлалигича фуқаронинг зиммасига юклаб қўйиши кўп учрайди (“Адолат кўзгуси”, 5 ноябр). Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Зафар Хўжаевга кўра, пенсия жамғармаси бўлимлари пенсия тайинлаш масалалари юзасидан тушунтириб бериб қолмай, аризачига зарур ҳужжатларни топишда ёрдам бериши шарт. Бу жамғарма ходимларининг касбий вазифаси ва мажбурияти саналади.

“Юртдошларини ахлатхонада ишлатган ака-укалар қўлга олинди”


Ўзбекистонда одамфурушликда айбланган ака-укалар – Акбархўжа, Одилхўжа ва Қодирхўжа Сайидқуловлар қўлга олинди (“Даракчи”, 7 ноябр). Ака-укалар Самарқанд вилоятининг турли туманларида яшовчи 40 га яқин йигитни алдов йўли билан Россияга олиб борган ахлатхонада баклашка тердирган. Баклашка териш нормаси кунига 250 килограмм этиб белгиланган, меҳнат мигрантлари ўта оғир шароитда яшаган. Айтилишича, самарқандлик йигитлар ака-укаларнинг қўлидан қочиб қутулишга муваффақ бўлган. Суд ҳукми билан ака-ука Сайидқуловлар 10, 9 ва 8 йилга озодликдан маҳрум этилган. Уларга тегишли “Epica” автомобили давлат ихтиёрига ўтказилган.

“Декабр ойидан “Сhevrolet Gentra” машинасига буюртма қабул қилинади”


Жорий йилнинг декабрида “GM Uzbekistan” қўшма корхонасида йиғилаётган янги “Сhevrolet Gentra” машиналарига буюртмалар қабул қилиш бошланади (“XXI аср”, 7 ноябр). Дастлаб босқичда йилига 20 минг донадан ишлаб чиқариладиган машинанинг 90 фоизи МДҲ давлатлари, хусусан, Россияга экспорт қилинади. Янги автомобилнинг дастлабки намуналари техник синовдан ўтказиш Россияга юборилган. “Lacetti”нинг ташқи дизайнини янгилаш орқали яратилган “Gentra” 105 от кучига эга, тўрт цилиндрли DOHC двигатели билан таъминланган.

“Пластик карточка билан боғлиқ муаммолар давом этмоқда”


Пластик карточка орқали савдо қилганда сотувчилар томонидан устама нарх қўйиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда (“Истеъмолчи”, 7 ноябр). Шунингдек, “Терминал хотираси тўлиб қолган”, “Электр токи ўчган”, “Пластик карточкангиз блокка тушиб қолган” каби баҳоналар билан карточка орқали савдодан бош тортиш ҳам кузатилмоқда. Газетага кўра, бундай ҳолатларда фуқаролар юзхотир қилмай Давлат солиқ қўмитаси ва Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий идораларига мурожаат қилиши керак. Пластик карточка орқали савдодан бўйин товлаш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Марказий банк маълумотига қараганда, жорий йилнинг биринчи ярми ҳолатига кўра муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони 9,7 миллион донага етган.

“Шарқ тароналари” фестивалининг эстониялик совриндори чолғусини йўқотиб қўйди”


“Шарқ тароналари” IX мусиқа фестивали махсус мукофоти соҳиби, эстониялик Триину Таул фестивал пайти дудка (сурнай)сини йўқотиб қўйди (“Ўзбекистон овози”, 6 ноябр). Бу ҳолатдан хабар топган самарқандлик уста эстониялик меҳмонга қисқа фурсатда ўзиникидан қолишмайдиган дудка ясаб берган. Мазкур дудкадан фестивал давомида фойдаланган созанда Таул пировардида совриндорлар қаторидан жой олган.

Актёр Алишер Узоқов “гўр оғзидан қайтди”


Ижтимоий тармоқлар орқали ўзбекистонлик таниқли актёр Алишер Узоқов автоҳалокатга учраб, кома ҳолатига тушиб қолгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Мазкур хабарга кўра, Алишер Узоқов Шайхонтоҳур туманидаги чорраҳада “Саptiva” машинасида “Nexia” билан тўқнашиб кетган ва оғир аҳволда шифохонага олиб келинган. Ижтимоий тармоқларда актёрнинг яшаб кетишига умид йўқлиги ҳақида ишонч билан ёзилган. Шу билан бирга, автопатрул хизмати ходими айбдор ҳайдовчи маст ҳолатда бўлгани ҳақида маълумот бергани ҳам қистириб ўтилган. “Даракчи” нашри маълумотларига қараганда, мазкур хабарни Алишер Узоқовнинг ўзи рад этган.

“Электрдан ўзбошимчалик билан фойдаланган фуқаро 3,6 йилга қамалди”


Наманган шаҳрида яшовчи Собит Тожибоев ноқонуний равишда электр энергиясидан фойдаланиб, электр корхонасига 74, 6 миллион сўм зарар еткизган (“Диёнат”, 7 ноябр). Маълум бўлишича, Тожибоев яширин ертўлада чигитдан ёғ ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Санитария эпидемиология маркази ертўлада ишлаб чиқарилган ёғ одамлар ҳаёти ва соғлиғи учун хатарли деган хулоса берган. Тожибоев 3,6 йилга озодликдан маҳрум этилган. Суд, шунингдек, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида келиб чиққан зарарни қоплаш мажбуриятини юклаган.
XS
SM
MD
LG