Линклар

Тошкент Давлат шарқшунослик институтининг пахта теримидан қайтган талабалари iРad, ноутбук ва мобил телефонларини электрдан қувватлантириш учун розетка топа олмай қолдилар. Чунки, улар пахта теримида эканлиги пайтида унверситет ауидиторияларидаги барча розеткалар ёпиб ташланди.


Тошкент Давлат шарқшунослик институтидаги ауидиторияларидаги барча розеткалар ёпиб ташланди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган талаба ёпиб ташланган розетклар суратини ҳам илова қилган:

“Биз пахтадан қайтганимизда 9 ва 7 қаватли иккита бинонинг барча дарс ўтиладиган аудиторияларидаги ток розеткалар ёпиб ташланган экан. Айтишларича, шахсий ноутбукли талабалар сонининг ортиши институтнинг электр энергияси учун тўловларнинг кескин ошишига сабаб бўлмоқда экан. Бироқ институтимиз раҳбарлари аниқ жавоб беришни исташмаяпти”, деб ёзади талабалардан бири.

Озодлик аудиториялардаги розеткалар ёпиб ташланганини билиш мақсадида институт раҳбарияти билан боғланди.

Иқтисод ва тадбиркорлик бўйича проректор Шуҳрат Мирзиётов розеткалар ёпиб ташланганини инкор этди:

- Ҳеч унақа эмас, ҳамма жойда бизда розеткалар ишлаб турибди, деди Шуҳрат Мирзиёев.


Биз розеткалари ёпиб ташланган бир неча аудиториялар суратини кўриб турганимизни айтсак ҳам, проректор буни инкор қилди.

Исми сир қолишини сўраган талабалардан бирининг айтишича, институт раҳбарияти буни талабаларнинг интернетдан фойдаланишини чеклаш мақсадида қилган:

- Ўзи ҳозир ҳамма ё телефонда, ёки айпадда интернетга уланган. Кўпчилик аудиторияда заряд қилиб оларди. Домлалар, заряди тугаб қолса Интернетга киролмасин деб шунақа қилган бўлса керак, деди талаба.

Ўзбекистон Олий ўқув юртларида Интернетга чекловлар қўйиш ҳолатлари кузатилиб туради.

Жумладан, сентябр ойида Тошкент ахборот технологиялари университетида Wi-Fi узиб қўйилди ва талабалар ётоқхонасида Интернетдан фойдаланиш тақиқланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG