Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:26

Қирғизистонлик оналар армияда ислоҳот ўтказилишини талаб қилмоқдалар


Қирғиз армиясида йил бошидан буён 21 аскар жон таслим қилди ва уларнинг кўпи ўз жонига қасд қилган. Бу ҳақда “Қилим шами” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раҳбари Азиза Абдурасулова маълум қилди.

Қайиргул Қанатбекованинг ўғли Эрлан шу йилнинг 13 февраль куни мажбурий ҳарбий хизмат ўтаётган пайтда Бишкекдаги уйлардан бирида ўзини осиб қўйган. У: “Ўлимимда ҳеч кимнинг айби йўқ, сизларнинг умидингизни оқлаёлмай қолдим”, деган хат қолдирган.

Эрланнинг ота-онаси мазкур ҳодиса бўйича тергов ҳам, суд-тиббий экспертиза текшируви ҳам тегишли даражада ўтказилмади, деган фикрдалар.

- Бунга қандай ишониш мумкин – айбдор топилмаса ва жазосини олмаса... Армия баъзиларнинг ёлғизгина боласидан маҳрум қилди. Боламиздан айрилиб қолаверамизми? Фарзандларимизнинг иши, тергов керакли даражада олиб борилмаган. Бунга рози эмасмиз. Ишлар осонгина ёпилиб кетаяпти. Суд-тиббий экспертиза хулосасидан ҳам норозимиз. Унда қўли сингани, буйруги оғриётгани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Болаларимизни армияга юборгандан кейин давлат уларнинг хавфсизлигини таъминлаб бериши керак. Таклифимиз – ҳарбий қисмлар очилиб, у ерга ота-оналар, фуқаролик жамияти фаоллари кириб, мониторинг ўтказиши шароит яратилса, - дейди Қайиргул Қанатбекова.

Ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова ҳам армияга олиб кетилаётган ёшларга уларнинг хавфсизлиги борасида ҳеч ким кафолат бермаётганини айтади.

- Йигитларни армияга олиб кетаётганда давлат томонидан “болаларнинг хавфсизлиги таъминланади, қийноққа тутилмайди, буларни ҳеч ким уриб-сўкмайди, ота-онасининг бағрига соғ-саломат қайтиб келади” деган ҳеч қанақа кафолат бермаяпти. Тинчлик замонида, уруш бўлмаётган бир пайтда 11 ойда 21 боланинг нобуд бўлиши ўта катта муаммодир. Ҳар бир ўлим ёки ногиронлик ҳодисаси бўйича кенг кўламли текширувлар ўтказилиб, айбдорлар жазога тортилиши лозим, - дейди қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли.

Таҳлилчилар қирғиз армиясида “дедовшчина” кўринишлари тугатилмаганини қайд этадилар.


Армиядаги вазиятдан норози бўлган аскар оналари шу йилнинг 5 ноябрь куни Қирғизистон бош вазирининг куч ишлатар тузилмалар фаолиятини назорат қилувчи муовини Тўқўн Мамитов билан учрашганлар ва расмийлар уларнинг муаммосига бефарқ қараётгани юзасидан ўз эътирозларини билдирганлар.

Қирғизистонлик Аида Қурманалиеванинг укаси Темирлан Бишкек яқинидаги Беловодское қишлоғида жойлашган 16-ҳарбий қисмда хизмат ўтаётган пайтда ўз жонига қасд қилган. Тергов маълумотларига кўра, 10 январь куни у гўё ўзини ўзи отиб қўйган. Аммо Темирланнинг яқинлари бу хулосадан қаноатланмаганлар ва қайта тергов ўтказилишини талаб қилмоқдалар.

- Биз биргина хулосага келиб, “ўзини ўзи ўлдирди” деб, ишни ёпиб қўйишларига қаршимиз. Биз ҳукумат товон пули тўласин, ҳарбий қисмларда ислоҳот ўтказилсин, ўлим ҳодисалари бўйича тергов қайта ўтказилиб, айбдорлар жазолансин, деган масалани кўтардик. Расмийлар “ўзини ўлдирди” дейиш билан чекланиб қолмай, Темирланни ўз жонига қасд қилишгача ким олиб борди, бунга нима сабаб бўлди – шуларни аниқласинлар. “Суиқасдга олиб бориш” деган модда бўйича иш қўзғасинлар. Афсуски, бу модда Қирғизистонда қарийб ишламас экан, - дейди Аида Қурманалиева.

“Қирғизистонлик аскар оналари” жамоатчилик бирлашмаси раиси Галина Афонина ҳарбий хизмат чоғида ўлаётган аскарлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда, деган иддаога қўшилмайди. Унинг айтишича, айрим ота-оналар бу муаммо кўламини ошириб кўрсатмоқдалар.

Қирғизистон Ҳарбий прокуратурасининг тергов бўлими бошлиғи Асилбек Малаев Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервьюсида 2012 йили 10 нафар аскар ўз жонига қасд қилгани, жорий йилнинг 9 ойи ичида эса 7 та шундай ҳодиса ва 3 та ўз жонига қасд қилишга уриниш қайд этилганини маълум қилди. Мазкур ҳодисаларнинг олтитаси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

- Айбдорларнинг ҳаммаси жавобгарликка тортилган. Биз бу йўналишда ишларни давом эттираяпмиз ва тегишли экспертизаларни ўтказаяпмиз. Эркинбекка келсак, у ўз қариндошларининг уйида, ҳожатхонада ўзини осиб қўйган. У қуйидагича хат ёзиб кетган экан: “Буви, мени кечиринглар. Ҳеч ким айбдор эмас, ҳеч нарса бўлгани йўқ. Айб ўзимда, яхши қолинглар. Берган ваъдамни бажаролмадим”. Бу бўйича экспертиза ўтказилган ва у хатни руҳий танглик ҳолатида ўз қўли билан ёзгани аниқланган. Қандай қилиб текширмай қўяйлик, - дейди Асилбек Малаев.

Қирғизистон ҳарбий прокуратура мулозимига кўра, аскарларни ўзини ўлдиришга турли ҳолатлар етакламоқда. Бу дедовшчина ҳам, оиладаги муаммолар ҳам бўлиши мумкин.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоллари бундай вазиятлар бўйича ҳарбий қисмларнинг раҳбарлари доим фактларни яширишга уриниб келаётганларини айтадилар. Шу важдан ҳуқуқ фаоллари ҳам, ота-оналар ҳам, экспертлар ҳам мамлакатда қуролли кучлар ислоҳ қилинишини, ўзларига ҳарбий қисмларда кузатув ишлари юритиш имконияти берилиши талаб қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG