Линклар

logo-print

Газ ва чироқсиз қолган самарқандликлар йўл тўсди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистоннинг кўп жойларида газ йўқлиги туфайли ўчоқда овқат пишириш одатий ҳолга айланиб қолган.

Ўзбекистоннинг кўп жойларида газ йўқлиги туфайли ўчоқда овқат пишириш одатий ҳолга айланиб қолган.

Самарқанд шаҳридаги Сартепа мавзеси Хўжасоат маҳалласининг юзга яқин аҳолиси 5 ноябрь куни мавзедан ўтадиган автомобил йўлини тўсиб қўйди. Аҳоли уч кун электр энергияси ва газ берилмаганига қарши ўз норозилигини шу тарзда ифода этди.

Хўжасоатликлар кўчага чиқиб, автомобил йўлини тўсгани ҳақида Озодликка хабар берган самарқандлик манбамизга кўра, 2,3,4 ноябрь кунлари Хўжасоат маҳалласи бутунлай газсиз ва светсиз қолган:

- Аҳолининг сабри сўнгги нуқтага етди. 5 ноябрь куни асосан хотин-қизлардан иборат норозилар катта кўчага чиқиб, йўлга ўтириб олди. Массивдан ўтадиган автомобил йўли бутунлай тўсилди. Одамлар свет ва газ беришни талаб қилдилар, - деди Озодлик манбаси.

Манбага кўра, шундан сўнг Самарқанд шаҳар ҳокимияти, электр тармоқлари ва газ идораларининг мутасаддилари зудлик билан воқеа жойига етиб келган.

- Шаҳар ҳокими Сафаров, вилоят ҳокими ўринбосари Салоҳиддинов, милиция бошлиқлари етиб келди. Уларнинг “ҳаммаси бўлади” деган ваъдасига ишонавермаган аҳоли жойидан жилмай ўтираверди. Бир соатдан кейин маҳаллага газ берилганидан сўнг хотинлар тарқалди, - деди манба.

Хўжасоат маҳалласида истиқомат қиладиган, исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, газ ва электр идоралари одамларни асоссиз қарздор қилиб ташлаган:

- Бизнинг маҳаллада 1200 дом бўлса, шундан 800 та хонадондаги одамлар давлат ишида ишлайди. Уларнинг ойлигидан мунтазам газга, светга пул ушлаб қолинади. Газ ва электр ходимлари ёлғондан қўшиб қўяяпти, - деди маҳалла фаолларидан бири.

Озодлик манбасининг айтишича, расмийлар "10 ноябрдан мунтазам газ ва электр энергияси берилади", деб ваъда қилган:

- Хотинларимиз: "Агар ваъдасини бажармаса, биз яна чиқиб йўлни тўсамиз, бу сафар йўлга бутунлай ётиб оламиз", дейишяпти, - деди Озодликнинг Самарқанддаги манбаси.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги бу масала юзасидан Озодликка жавоб беришдан бош тортди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG