Линклар

9 ноябрь куни эрталаб ўзбек-қозоқ чегарасининг Ғишткўприк чегара-назорат масканида 40 ёшлардаги аёл жон таслим қилди. Фарғона.Ру ахборот агентлигининг воқеа жойидаги гувоҳлар сўзига таяниб хабар қилишича, аёл икки қизи билан Қозоғистонга кетаётган бўлган.

Исми ҳозирча номаълум қолаётган марҳума чегара масканида турган пайтидаёқ ўзини ёмон ҳис қила бошлаган. Гувоҳларга кўра, навбат кутиб турган бу аёлнинг қийналиб нафас олаётгани кўриниб турарди.

“Бироқ у ўқ теккандек йиқилгунича индамай туришда давом этди”, - дейди аёл билан бирга навбатда турган гувоҳлар.

Уларнинг айтишича, рация орқали чақирилган “Тез ёрдам” машинаси воқеа жойига анча кечикиб келган.

Чегарадаги тиббиёт пункти шифокорлари томонидан аёлни ҳаётга қайтариш уринишлари фойда бермаган. Унинг юрак хуружи ёки мияга қон қуйилишидан ўлгани тахмин қилинмоқда.

Содир бўлган фожеа чегарадан ўтишга уринаётган фуқароларнинг янада узоқроқ тутиб қолинишига сабаб бўлган. Пировардида шу куни Қозоғистон томонига ўтмоқчи бўлган фуқаролар 7 соатлаб навбат кутишига тўғри келган.

Навбатда туриб чарчаган йўловчилар божхона кўриги залини тарк этаётган пайтда аёл жасади олдида ўкириб йиғлаётган икки қизни кўриб, кўнгиллари бузилганини айтганлар.

Фарғона.Ру мазкур ҳодиса бу чегара масканида содир бўлаётган биринчи фожеавий воқеа эмаслигини қайд этади. Гувоҳларга кўра, икки йиллар аввал бу ерда тиқилинчда 78 ёшли ўзбек аёл юрак хуружидан вафот этганди.

Чегарадан тез-тез ўтиб турувчи ўзбекистонликларга кўра, божхона ва чегара масканларидаги турнақатор навбатлар ва тиқилинчлар хавфсизлик ва қонунга риоя қилиш истагидан эмас, балки маҳаллий давлат хизматларининг ёппасига коррупциялашганидан келиб чиқмоқда.

Бугунги кунда ўзбек-қозоқ чегарасида 12 та назорат-ўтказиш маскани фаолият кўрсатаяпти. Улардан 2 таси темир йўл ва 10 таси автомобиллар ўтишига мўлжалланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG