Линклар

Сочи қирилган, боз устига, қарийб бутун танасига татуировка чиздирган Наргиза Зокирова бу гал яланг оёқдаги ижроси билан "Голос" лойиҳаси томошабинларини лол қолдирди. Анна Александрова билан қойилмақом дуэт ижросидан сўнг қўшиқчи лойиҳанинг учинчи — сўнгги босқичига ўтди.


Россиянинг "Первый" телеканалида 8 ноябр куни якунига етган “Голос” телелойиҳасининг иккинчи фаслида Наргиза Зокирова товонига тушар тим қора жуббада ялангоёқ ижро этган қўшиғи билан ҳайъат олқишини қозонди.

Леонид Агутин гуруҳини танлаган ва бу гуруҳдаги яна бир гўзал овоз соҳиби Анна Александрова билан дуэт ижро этган Наргиза "Голос" лойиҳасининг учинчи босқичига ўтди.




15 ноябрдан бошлаб "Голос" телешоусининг учинчи босқичи иштирокчилари ўртасида кескин кураш бошланади ва сўнгида томошабинлар берган овозлар орқали лойиҳа ғолиби танланади.

Рус матбуоти Наргиза Зокировани эҳтимолий ғолиблардан бири сифатида тилга олмоқда.

Шу кунга қадар ўзбек матбуотига интервью бермай келаётган ўзбекистонлик хонанда бу гал Россиянинг "Первый" телеканалига интервью берди.

"Голос" лойиҳаси иккинчи босқичида рус композитори Владимир Пресняковнинг "Замок из дождя" қўшиғини ижро этган Наргиза бу лирик қўшиқ унинг учун ижро услуби ўлароқ янги тажриба бўлганини айтди.

“Ню Йоркдаги клубларда ишлаб юрган кезларимда кўп бор ўзимга яқин бўлмаган қўшиқларни куйлашга тўғри келган. Шу боис саҳнада чиқиш бўйича каттагина тажриба орттирганман. Володя ёзган қўшиқ менга ёқмайди, демайман. Лекин аввалига уни қандай ижро этишни билмадим. Аммо кейинчалик бу қўшиқни ижро этиш қизиқарли туюла бошлади, охир-оқибат, унда ўзимни топдим ва куйладим” , деди Наргиза Зокирова "Первый" телеканали журналисти билан суҳбатда.

Шунингдек, суҳбат давомида Наргиза икки йил муқаддам ҳам Россия саҳнасини забт этишга урингани, аммо муваффақ бўлмаганини айтди.

Хонанда сўзларига кўра, ўша кезда россиялик продюсерлар рус шоу-бизнеси оламига кириш учун овознинг ўзигина эмас, балки катта миқдорда пул ҳам кераклигини тушунтиришган.

Эндиликда эса у Россия саҳнасига йўлланма олганини комили ишонч билан таъкидлади.

“Очиқ айтадиган бўлсам, ҳозир бўш вақтим умуман йўқ, интервью, фотосессия, яна интервью... Лекин ҳозир менда директор пайдо бўлди ва ишим анча енгиллади, у менга ёрдам бераяпти ва ишимга тўғри йўналиш бераяпти”, деди рус матбуотига сўзлаган Наргиза.

Интервью мазмунидан АҚШдан Москвага борган хонанданинг "Голос" лойиҳасида иштирок этишдан кўзлаган мақсадига ҳозирданоқ эришгани кўринади.

Наргизанинг икки йил муқаддам унга очилмаган эшикларни очиш учун қаттиқ тайёргарлик кўрганини лойиҳа бошловчиси Дмитрий Нагиев ҳам илк чиқишдаёқ эътироф этганди.

Унинг каби фарқли қиёфадаги иштирокчининг йўқлигига алоҳида урғу берган Нагиев: “Сизнинг қиёфангиз дарҳол эътиборимни тортган эди, аммо овозингизни ҳам эшитгач: “Бу хонандани кузатиш керак”, деган фикрга келдим”, деган эди лойиҳанинг илк босқичида.

Илк босқичда Наргиза афсонавий “Scorpions” гуруҳининг “Still Loving You” қўшиғини этди ва томошабинлар, шу жумладан, ҳайъат аъзоларини ҳам фавқулодда кучли овози билан қойил қолдирди.

Шу тариқа, сочни тубидан қирдирган, бутун аъзои баданини турли шаклу-шамойилларидаги татиуровкалар билан қоплаган ва айни қиёфасида rock мусиқа санъатининг – pop rock, folk rock ва heavy metal йўналишига хос услубларни бир қолипга солишга уринган хонанда “Голос” лойиҳасининг сўнгги босқичига йўлланма олди.

Наргиза Зокирова бунга қадар Ню Йорк шаҳридаги клубларда қўшиқ куйлаган ва ижоди давомида бир қанча йўналишларда имконини синаб кўрган.

Мисол учун, унинг АҚШда чиқарган илк альбоми 2001 йилда ёзилган этно услубидаги “Олтин қафас” номли альбом эди.

Бундан сўнг клубларда қўшиқ куйлаб юрган хонанданинг фавқулодда кучли овозини пайқаган маҳаллий продюссерлар уни турли гуруҳлар таркибида бирга ишлашга таклиф қила бошладилар.

Ўша кезда Наргиза аввалига pop, кейин эса pop rock ва охир-оқибат, hard rock, heavy metal услубларида ҳам қўшиқлар ижро этган.

Мисол учун, rock гуруҳларидан бири таркибида heavy metal услубида ижро этган “The Evil One” қўшиғи дунёнинг собиқ биринчи рақамли террорчиси Усама Бин Ладиннинг қўлга олинишига бағишланган.

Аста-секин тажриба ва мухлис орттирган Наргиза яккахон қўшиқчилик услубига ўтди.

Хонанда катта саҳнага чиқишга бир неча бор уринган. Икки йил муқаддам Россиядаги муваффақиятсиз уринишларидан сўнг унинг 2013 йилда АҚШнинг машҳур X-Factor телешоусида ҳам иштирок этгани айтилади.

Шоунинг уч босқичидан муваффақиятли ўтгач, финал босқичи учун йўлланма – “олтин чипта”ни қўлга киритган Наргиза танловнинг сўнгига қадар бормаган ва “Голос” лойиҳасида иштирок этиш учун Россияга борган.

Асли ўзбекистонлик хонанда 1971 йилда Тошкентда туғилган ва у ўзбекистонлик машҳур санъаткорлар – Зокировлар оиласига мансубдир.

Онаси – Луиза Зокирова 1960-70 йилларда собиқ иттифоқда танилган эстрада хонандаси бўлган. Отаси – Пўлат Мордухаев қайин укаси Ботир Зокиров ансамблида ижрочи бўлган.

Оғир хаста бўлган отаси 2012 йилда вафот этишидан сал аввал ҳам Наргиза 2012 йилги “Голос” лойиҳаси кастингида иштирок этиш учун Россияга борган ва отасининг вафоти боис ортга қайтган эди.

Уни илк бор 4 яшарлигида саҳнага олиб чиққан устози айнан отасидир. Ўшанда у собиқ иттифоқ ҳудудидаги биринчи рақамли хонанда бўлган София Ротарунинг “Я, ты, он, она” қўшиғини куйлаган эди.

15 ёшида эса у “Унутма мени” қўшиғи билан собиқ иттифоқ давридаги машҳур теле-шоу – “Юрмала”-86 танловида иштирок этиб, томошабин олқишига қозонган хонанда совринини олган.

Маълумоти бўйича Наргиза Зокирова эстрада хонандасидир. У Тошкентдаги Цирк санъати ўқув-таълим муассасининг Эстарада бўлимини тамомлаган.

1995 йилда ота-онаси билан АҚШга кўчиб кетган Наргиза айни дамда Ню Йоркда турмуш ўртоғи Филип Бальзано ва фарзандлари билан истиқомат қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG