Линклар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Иссиқлик ва сув билан таъминловчи ташкилотлар молиявий аҳволини соғломлантириш чоралари тўғрисида”ги қарори 11 ноябрь куни кучга кирди.

2013 йил, 6 ноябрда қабул қилинган мазкур ҳужжатга биноан бундан буён хонадонида сув ва иссиқлик ҳисоблагичлари ўрнатмаган фуқаролар ҳисоблагич ўрнатганлардан 2 баравар кўп ҳақ тўлайди.


Вазирлар Маҳкамаси қарорини шарҳлаган “Норма.уз”га кўра, 11 ноябрдан кучга кирган ҳужжатда жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб иссиқлик ва сув учун аҳоли ва юридик шахслар билан қилинадиган ҳисоб-китобларнинг янги шартлари 1 декабрдан бошлаб амал қилади.

Айтилишича, бу йилги қишнинг биринчи кунидан бошлаб, иссиқлик энергияси ҳисоблагичлари йўқ юридик шахслар иссиқлик учун ҳақни энергиянинг бу тури учун белгилаб қўйилган тарифнинг икки баравари миқдорида тўлайди. (Кўпқаватли уйларда жойлашган юридик шахслар бундан мустасно)

Иссиқ ва совуқ сув ҳисоблагичлари йўқ аҳолидан эса, белгиланган тарифнинг 1,5 баравари миқдорида ҳақ олинади.

Ҳеч ким прописка қилинмаган турар-жойларда иссиқ ва совуқ сув ҳисоблагичлар ўрнатилмаган бўлса, ҳукумат қарорига биноан, мана бу тартибда ҳақ олинади:

1 ва 2 хонали турар-жойдан 1 киши учун;

3 хонали турар-жойдан 2 киши;

4 хонали турар-жойдан 3 киши;

5 хонали турар-жойдан 4 киши учун;

Ҳукумат қарорида кам таъминланган оилалар хонадонига ҳисоблагич ўрнатиш тартиби ҳам белгилаб қўйилган. Бундай хонадонларга ҳисоблагичлар коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот ҳисобидан ўрнатилади. Бироқ хонадон эгаси ҳисоблагич учун сарфланган пулни 12 ой давомида ташкилотга қайтариши лозим.

Тошкентдаги Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидан бирининг ходими Людмила Антонованинг айтишича, турар-жой эгалари иссиқлик ва сув учун ҳақни шу пайтгача мана бу тартибда тўлаган:

- Ҳисоблагичи йўқлар иссиқ сув учун ҳақни квартирада прописка қилинган кишилар сонидан келиб чиқиб тўлаган. Иссиқлик учун ҳақ эса, турар-жой майдонидан келиб чиқиб ҳисобланган, деди Людмила Антонова.

Унинг фикрича, ҳисоблагич билан тўлаш ҳисоблагичсиз тўлашдан яхшироқ ёки аксинча, деб айтиш қийин. Турар-жойда яшовчилар сони қанча кўп бўлса, ҳисоблагич билан тўлаш маъқулроқ. Лекин квартирада бир кишигина яшаса, ҳисоблагичсиз тўлаш арзонроққа тушади.

Людмила Антонова ўз уйида ҳисоблагич ўрнатган. Оиласида - 3 киши.

- Биз учун ҳисоблагич бўлгани маъқулроқ, чунки уйда эрталабдан кечгача бўлмаймиз, демак иссиқ ва совуқ сувдан кам фойдаланганимиз ва бу ҳисоблагичда акс этади ва ишлатганимиз учунгина тўлаймиз, деди Озодлик суҳбатдоши.

Людмила Антонова ишлайдиган Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати 6 та кўпқаватли уйга хизмат кўрсатади. 6 та уйда ҳаммаси бўлиб 200 та квартира бор. Хонадонларнинг тақрибан 80 фоизида иссиқ ва совуқ сув ҳисоблагичлари ўрнатилган. Ҳисоблагичларни ўрнатиш бу ширкатга қарашли уйларда 2009 йили бошланган.

Людмила Антонованинг фикрича, кўпчилик ҳисоблагич ўрнатилиши тарафдори.

Маълумки, коммунал хизматлар учун қарз масаласи кейинги йилларда бир томондан аҳолининг , иккинчи томондан давлатнинг жиддий бош оғриғига айланган.

Айниқса табиий газ учун тўловлар билан боғлиқ шикоятлар кўп. “Дўппи тор келиб қолганда” газ етказиб берувчи идоралар ўзлари ўрнатган газҳисоблагични бир четга суриб қўйиб, иситиладиган хоналарнинг ҳажмига қараб ҳақ талаб қилган ҳолатлари ҳам бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG