Линклар

logo-print

Ғарбда Биринчи жаҳон урушининг 95 йиллиги нишонланди


АҚШ президенти Барак Обама Фахрийлар куни муносабати ўтказилган маросимда, Вашингтон, 2013 йилнинг 11 ноябри.

АҚШ президенти Барак Обама Фахрийлар куни муносабати ўтказилган маросимда, Вашингтон, 2013 йилнинг 11 ноябри.

Ғарб дунёси душанба куни Биринчи жаҳон уруши тугаганининг 95 йиллигини нишонлади. АҚШда Фахрийлар куни деб юритиладиган 11 ноябрь расман дам олиш куни бўлиб ҳисобланади.

Сана муносабати билан АҚШ президенти Барак Обама Оқ уйда уруш фахрийлари олдида чиқиш қилди ҳамда берилган қурбонлар туфайли Қўшма Штатлар жаҳон тарихида энг кучли ва энг фаровон мамлакатга айланганини қайд этди.

АҚШ президенти, бюджетдаги қийинчилик ва чекловларга қарамай, қуролли кучлар бош қўмондони сифатида америкалик фахрийларни қўллаб-қувватлаш учун қўлидан келган барча ишларни амалга оширажагини билдирди.

Францияда бу кун Сулҳ куни деб аталади ва 1922 йилдан буён нишонлаб келинади. Франциянинг турли шаҳарларида кеча Ватан ҳимоячилари шарафига маросимлар ўтказилди. Сана муносабати билан президент Франсуа Олланд Париждаги Ғалаба дарвозаси пойидаги Номаълум аскар қабрига гулчамбар қўйди. Бу куни французлар 1918 йили Антанта ва Германия қўшинлари ўртасида жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида Компьен сулҳи тузилганини ёдга оладилар.

Британияликлар эса бу куни Биринчи жаҳон уруши ва бошқа ҳарбий тўқнашувларнинг миллионлаган қурбонларини бир дақиқа сукут сақлаш билан хотирладилар. Душанба куни соат 11 да Лондондаги Трафальгар майдонида ҳаракат тўхтаб қолди.

Биринчи жаҳон уруши 1914 йилдан 1918 йилгача давом этиб, Усмонийлар, Россия, Пруссия ва Австрия-Венгрия империяларининг қулашига олиб келганди. Бу ҳарбий тўқнашувлар натижасида камида 16 миллион одам ҳалок бўлган. Биринчи жаҳон урушининг сўнгги фахрийси – британиялик Флоренс Грин ўтган йили 110 ёшида оламдан ўтган.
XS
SM
MD
LG