Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:43

Питердаги “Мигрант маркази”да 1 та жойда 3 киши сақланмоқда


Санкт-Петербург шаҳри “Чет эл фуқароларини ушлаб туриш маркази”даги вазиятнинг ўта оғирлиги Озодликка тингловчилардан етиб келган шикоятни ўрганиш жараёнида маълум бўлди.

“800 нафар ўзбек ва тожик Питерда депортлагерда ушлаб турилибди. Депорт урилган, лекин қўйиб юборилмаяпти”, дейилган тингловчи хатида.

Озодлик мухбири мавзуни ўрганар экан, “Мигрант маркази”да сақланаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирларига бир томондан жамоат ташкилотлари, иккинчи томондан Тожикистон ҳукумати вакили ёрдам бераётганини, айни пайтда ўзбекистонлик мигрант муаммолари билан ҳеч ким шуғулланмаётганини аниқлади.



Санкт-Петербург шаҳри четидаги Красносельский районида жойлашган “Чет эл фуқароларини ушлаб туриш маркази” расмий вакилининг айтишича,шу кунда мазкур муассасада “409 киши сақланмоқда”. Улар Россия ҳудудидан чиқариб юборилишини кутмоқда.

- 409 кишидан қанчаси ўзбекистонлик? Озодликнинг бу саволига Марказ вакили жавоб бермади.

Ўрганаётганимиз Марказдаги аҳволдан Бутунроссия “Ёшлар” ҳаракати раиси Махсуд Абдужабборов хабардор. Унинг айтишича, бу ерда сақланаётганлар- нинг "60 -70 фоизи ёки 240 – 270 нафари ўзбекистонликлардир".

Марказ вакили айтган рақам (409 киши) Озодлик тингловчиси хатида келтирилган рақам – 800 кишидан 2 баравар кам. Бироқ Марказнинг қабул қилиш қувватидан қарийб 3 баравар кўп – у 176 кишига мўлжалланган. Бу ҳақда жорий йил августида Санкт-Петербург полицияси жарналистларга маълум қилган эди.

Марказ вакилининг айтишича, муассаса контингентининг бу қадар катта миқдори сўнгги 3 ойдан бери сақланиб қолмоқда.

Федерал миграция хизмати Санкт-Петербург шаҳар бошқармаси расмий вакилига кўра, сўнгги 10 ой давомида “3445 киши мамлакатдан чиқариб юборилган.”

Бутунроссия “Ёшлар” ҳаракати раиси Махсуд Абдужабборовнинг айтишича, Петербургдаги Марказда сақланаётган қарийб 270 нафар, умуман Россия бўйлаб Санкт-Петербургдагига ўхшаган марказларда сақланаётган 8000 нафар ўзбекистонликнинг Россиядан чиқариб юборилишига доир қарор қабул қилинган, бироқ унинг ижроси Ўзбекистоннинг дипломатик идорасига боғлиқ.


Паспорти йўқолган ўзбекистонлик мана шу анкетани тўлдириб, Ўзбекистон элчихонасидан сертификат олиши лозим. Сертификат олмагунча, мигрант “Мигрант маркази”да ойлаб ётаверади. Анкета Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси сайтидан олинди.
Паспорти йўқолган ўзбекистонлик мана шу анкетани тўлдириб, Ўзбекистон элчихонасидан сертификат олиши лозим. Сертификат олмагунча, мигрант “Мигрант маркази”да ойлаб ётаверади. Анкета Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси сайтидан олинди.
- Улар паспортини йўқотиб қўйган, паспорти яроқсиз ҳолга келиб қолган ёки паспортининг яроқлилик муҳлати ўтиб кетган фуқаролардир. Яроқли паспорти йўқ экан, бундайлар учун билет сотиб олиб бўлмайди, хуллас, уларни қонуний йўл билан Россиядан чиқариб бўлмайди, деди Махсуд Абдужабборов.

Унинг айтишича, ҳужжатсиз қолган ўзбекистонликка фақат ва фақат Ўзбекистон элчихонаси ёрдам бериши мумкин.

Россиядаги “Чет эл фуқароларини ушлаб туриш марказ”ларида, хусусан Петербургдаги Марказда ҳам чет эллик ўзи устидан суд ҳукми (мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида) ни 2 ҳафта кутади. Шундан сўнг чет элликни ватанига жўнатишга тайёрлаш жараёни бошланади ва умумий муддат ҳаммаси бўлиб ўртача 1 ойгача чўзилади.

- Бироқ мен бир ярим йилдан бери Марказда сақланётганлар борлигини биламан, деди Махсуд Абдужабборов.

Шу кунда Санкт-Петербург шаҳри “Чет эл фуқароларини ушлаб туриш маркази”да сақланаётган мигрантлар орасида тожикистонликлар ҳам бор. Тожик диаспораси ташкилотлари мувофиқлаштирувчи кенгаши раиси Бахтибек Бердиевнинг Озодликка айтишича, Марказда сақланаётган тожикистонликлар ҳужжатларини тезроқ расмийлаштиришга бир томондан жамоат ташкилотлари, иккинчи томондан Тожикистон ҳукуматининг махсус вакили ёрдам бериб келмоқда.

Бироқ Бутунроссия “Ёшлар” ҳаракати раиси Махсуд Абдужабборовнинг иддаосича Ўзбекистон элчихонаси меҳнат мигрантлари муаммоларига йиллардан бери бефарқ қолмоқда ва бу фикр Ҳаракат номидан Ўзбекистон Президенти номига битилган очиқ хатда акс этган.

Биз Ўзбекистон элчихонасининг бу хатга муносабатини билиш учун кун давомида унинг барча телефонларига бир неча марталаб қўнғироқ қилдик. Бирон марта ҳам телефон кўтарилмади.

Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги консуллиги вакили телефонни кўтарди, саволимизни эшитди, узр сўраб, анча жим бўлиб қолди (бошқа хонага чиққан бўлса керак), телефон гўшагини қўлига қайта олар экан,
"10 дақиқадан сўнг шу номерга қўнғироқ қилинг", деди.

10 дақиқадан кейин ҳам, 15 дақиқадан кейин ҳам, 30 дақиқадан кейин ҳам, 1 соатдан кейин ҳам телефонни ҳеч ким кўтармади.

P.S.: Жорий йил августида (Россия ҳукуматининг меҳнат мигрантларига қарши сиёсати кучая бошлаган кунларда) Санкт-Петербург шаҳри “Чет эл фуқароларини ушлаб туриш маркази”даги вазиятнинг оғирлиги тўғрисида ваҳима билан ёзмаган ахборот воситаси деярли қолмаган эди.

Ўшанда 176 ўринли марказда сақланаётганлар сони 300 кишига етган эди.
Шу кунда Марказда ушлаб турилганлар сони 400 дан ортди. Лекин ҳамма - Россиядаги ахборот воситалари жим.
XS
SM
MD
LG