Линклар

logo-print

Украина парламенти Тимошенко хорижда даволаниши борасида келиша олмади


Украина парламентининг чоршанба кунги фақулодда сессиясида депутатлар собиқ бош вазир Юлия Тимошенконинг Германияда даволанишига рухсат бериш назарда тутилган қонун лойиҳаси бўйича бир фикрга келолмади. Европа Иттифоқи Тимошенконинг хорижда даволанишига рухсат беришни Украина билан ҳамкорлик ва эркин савдо ҳақида шартнома имзолашнинг асосий шарти қилиб белгилаган.

Украина парламентининг чоршанба кунги фақулодда сессиясида депутатлар собиқ бош вазир Юлия Тимошенконинг Германияда даволанишига рухсат бериш назарда тутилган қонун лойиҳаси бўйича бир фикрга келолмади. Европа Иттифоқи Тимошенконинг хорижда даволанишига рухсат беришни Украина билан ҳамкорлик ва эркин савдо ҳақида шартнома имзолашнинг асосий шарти қилиб белгилаган.

Украина Президенти Виктор Януковичнинг иқтидордаги Регионлар партияси ва мухолифат вакилларидан тузилган ишчи гуруҳи собиқ бош вазир Юлия Тимошенконинг Германиядаги клиникага бориб даволанишига рухсат беришни назарда тутган қонун лойиҳаси матни бўйича келиша олмаганидан кейин парламент спикери Владимир Рибак фавқулодда сессияни ёпиқ, деб эълон қилди.

- Шундай қилиб, бугун (Украина парламентининг) фавқулодда сессияси кун тартибига киритилган учта масаладан иккитасига жуда кўп тузатишлар киритилиши керак бўлгани сабабли улар муҳокама қилинмайди. Учинчи масала ишчи гуруҳи томонидан тайёрланмаган. Шу билан сессияни ёпиқ, деб эълон қиламан, деди Владимир Рибак.

Спикер сессия ёпилаётганини эълон қилаётган пайтда парламент аъзолари “Шармандалик!”, деб бақирдилар.

Қонун лойиҳасида украиналик маҳбусларнинг хорижда, жумладан, Юлия Тимошенконинг Германиядаги клиникага бориб даволанишига рухсат беришни назарда тутилган эди.

Украина парламентининг фавқулодда сессиясида Европа Иттифоқининг юқори лавозимли вакили Александр Квасьниевский ва Пэт Фокслар иштирок этди.

Польша собиқ президенти Квасниевски ва Европа Парламенти собиқ спикери Фокс чоршанба куни кечқурун Брюсселда Украина бўйича ҳисобот беради.

Улар тақдим қилган ҳисобот 18 ноябрь куни ЕИ Ташқи ишлар вазирлари учрашувида муҳокама этилиши режаланган.

Шунингдек, вазирлар Вильнюсда 28-29 ноябрь куни бўладиган Шарқий Ҳамкорлик саммитида Киев билан ҳамкорлик ва эркин савдо ҳақида келишув имзолаш масаласини ҳам муҳокама қилади.

Киев шаҳрида Владимир Рибак Украина парламентининг навбатдаги сессияси 19 ноябрь куни, ЕИ ТИ вазирлари йиғилишининг эртасига бўлишини эълон қилди.

Европа Иттифоқи (ЕИ) Украина билан ҳамкорлик ва эркин савдо ҳақида шартнома имзолаш жараёнини 2011 йилда Юлия Тимошенко хизмат салоҳиятини суиистеъмол қилганликда айбланиб етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганидан кейин тўхтатган эди.

ЕИ тарафдори бўлган Украина мухолифати президент Виктор Януковични Европа Иттифоқи билан шартнома имзолашни ҳеч қачон хоҳламаганликда айблаган.

Янукович Россия Президенти Владимир Путин билан махфий сўзлашув олиб бориш учун 9 ноябрь куни Москвага сафар қилгани Украина мухолифати томонидан кескин танқид қилинди.

Мухолифат лидери Арсений Яценюк президент Януковичнинг Путин билан учрашуви унга нисбатан ишончсизлик билдиришга асос бўла олишини таъкидлади.

Мухолифатдаги УДАР партияси етакчиси, бокс бўйича жаҳон чемпиони Виталий Кличко президент Янукович “бир гапни айтиши ва бошқа иш қилиши”ни урғулади.

Москва Украинанинг Беларус ва Қозоғистон билан имзоланган Божхона иттифоқига қўшилишини хоҳлайди.

Айни пайтда, 12 ноябрь куни тунда Украина саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи Европа Иттифоқи билан келишув имзоланиши Россия ва Қозоғистон билан савдо алоқаларига путур етказиши мумкинлигини айтиб, уни кечиктиришга чақирди.
XS
SM
MD
LG