Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:36

“Ўзбекэнерго” қарзларни ундириш учун янги гуруҳлар тузади


"Ўзбекэнерго" ДАК идораси
"Ўзбекэнерго" ДАК идораси

Биринчи декабрдан бошлаб “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компаниясининг жойлардаги бўлимлари истеъмолчиларнинг электр энергиядан қарзини ундириш учун махсус гуруҳлар тузади. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган қарорда айтилади.


“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси биринчи декабрдан бошлаб истеъмолчилар қарзини ундириш мақсадида махсус гуруҳлар тузади. Бу гуруҳлар ҳуқуқшунослик маълумоти бўлган малакали мутахассислар билан тўлдирилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган “Ўзбекэнерго” ДАК фаолиятини такомиллаштириш ва истеъмол қилинган электр энергиянинг ҳисоб-китоб интизомини мустаҳкамлаш тўғрисида”ги қарорда айтилади.

Қарорга кўра, шунингдек, электр тармоқларига ғайриқонуний тарзда уланган ҳолатларни аниқлаш мақсадида малакали инженер-техник ходимлардан таркиб топган ва керакли техник воситалар билан таъминланган техник гуруҳлар ҳам тузилади.

Янги қарорга кўра, 2013-2018 йиллар орасида мамлакатдаги барча электр ҳисоблагичлар “Электр энергиясини назорат ва ҳисоб-китоб қилишнинг автоматлаштирилган тизими”да ишлайдиган ҳисоблагичларга алмаштирилиши лозим.

Жисмоний ва юридик шахслар электр ҳисоблагичларининг алмаштирилиши “Ўзбекэнерго” ДАКнинг ўз ҳисобидаги ва жалб қилинган маблағлари асосида амалга оширилади.

Шунингдек, мазкур қарорга кўра, биринчи декабрдан сўнг истеъмолчи бир ойга оладиган электр энергияси қийматининг камида 50 фоизини олдиндан тўлаган тақдирдагина унга электр энергияси етказиб берилади.

"Ўзбекэнерго" ДАКнинг тармоқ идораларидан бирида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган мутахассисга кўра, қарзларни ундириш учун гуруҳлар тузилганига уч йил бўлган:

- Қарзни ундириш учун гуруҳлар тузилиши янгилик эмас. Уч йилдан буён маҳалла раислари, ўқитувчи, мелисалар ва биз мутахассислардан иборат гуруҳ уйма-уй юриб қарздорларни аниқлайди, тармоқдан узади, дейди электрчи.

Мутахассис электр ҳисоблагичларнинг яна алмаштирилишида мантиқ кўрмаётганини айтар экан, шу пайтгача бу ҳисоблагичлар истеъмолчилар ҳисобидан уч марта алмаштирилганини эслатади:

- Аввал ҳам ҳисоблагичларни электр тармоқлари идоралари ўз ҳисобидан қўйиб беришлари керак эди. Лекин ҳар алмаштирилганда ҳисоблагичлар пули аҳолидан ундириб олинган. Мана охирги учётчикларимизни 120 минг сўмдан қўяяпмиз. Тўғри қарорда текин бўлиши мумкин, лекин амалда бундай эмас-да. Ҳатто энг кам таъминланган оилалардан ҳам пули ундириб олинди, дейди мутахассис.

Мутахассис фикрича, аввалги ҳисоблагичлар ҳам бинойидек ишлаган ва уларни “алдаб” бўлмасди:

- “Химичит” (фирибгарлик демоқчи-таҳр.) қилишнинг иложи йўқ эди. Улар ҳам электронний эди. Агар компютерни чуқур биладиган бирор одам учетчикни орқага қайтаришни билмаса, бу иш электрикларнинг қўлидан келмасди, деди электрчи.

Мутахассис аҳолининг электр энергиясидан қарзи жуда кўпайиб кетганлиги ҳақидаги иддаоларни шубҳа остига олади:

- Аҳолининг қарзи балки бунча кўп эмасдир. Менимча, бу ерда ўйин бўляпти. Конкретно мисоллар билан айтаман. Кичик ишлаб чиқариш корхоналари кўпайиб кетди. Ана шулар инспекторлар билан ўйин қилади. Улар ишлатилган электр энергиянинг 50 фоиз пулини инспекторни қўлига нақд беради. Инспекторлар эса юз фоиз тўланди, деб ёзиб беради. Кейин буни ёпиш учун аҳолининг бўйнига сочиб ташлайди, деди мутахассис.

Электр тармоқлари идораси ходимига кўра, токи бу соҳанинг раҳбарлигига ҳақиқий мутахассислар келмас экан, ижобий ўзгариш бўлмайди:

- Бизнинг раҳбарларимизнинг жуда кўпи ёки сув хўжалигидан чиққан, ёки мелисадан, артистликдан пенсияга чиққан одамлар. Электр идораси раҳбарини ҳоким алмаштиради. Улар бу соҳани умуман тушунмайди, лекин раҳбар. Мен шунинг учун бу соҳада ўзгариш бўлмаяпти, деб ўйлайман. Тепада, вазирликда ҳам шундай бўлса керак, деб ўйлайман, деди "Ўзбекэнерго" ДАКнинг тармоқ идораларидан бирида ишлайдиган мутахассис.
XS
SM
MD
LG