Линклар

“Тошкент шаҳрининг хўжалик суди “Новости Узбекистана” газетаси устидан “терроризмни тарғиб қилгани учун” ҳукм чиқарди, лекин ўз қарорини нашрдан сир тутмоқда”, деб хабар қилди Uznews.net сайти 14 декабрь куни.

Сайтга кўра, “Суднинг ўтган жума куни бўлиб ўтган мажлисида “Новости Узбекистана” муассислари вакилларигина қатнашган, газета таҳририяти ходимлари, шу жумладан амалдаги бош муҳаррир ҳам таклиф қилинмаган”.

“Муассислар суд ҳукмини, мажлисда эълон қилажакларини айтиб, сир тутмоқда”, деб ёзди Uznews.net.

Озодлик “Террорчиликни тарғиб қилганликда” айбланиб фаолияти тўхтатилган “Новости Узбекистана” газетаси устидан суд маҳкамаси 8 ноябр куни ўтказилиши кутилаётгани тўғрисида 4 ноябрь куни хабар қилган эди.

Газетаси таҳририяти вакилига кўра, Ўзбекистон ахборот ва матбуот агентлиги газета таҳририяти устидан хўжалик судига "онгли тарзда террорчиликни ташвиқот қилганлиги"¸ "Халқ осойишталигини бузиб ваҳима тарқатганлиги" ва “Давлат тили қонунини менсимаганлиги" учун лицензиядан маҳрум қилиш ҳақида даъво аризаси берган.

Манбанинг айтишича, газета саҳифасида 2005 йилнинг майида, Андижон ҳокимияти биноси исёнчилар тарафидан ўраб олинган пайтда олинган суратнинг техник янглишиш оқибатида чоп қилиниб қолгани таҳририятга қарши судга даъво киритилишига сабаб бўлган:

- Саҳифаловчи Андижон ҳокимиятининг ютуқлари ҳақидаги мақолага билмасдан 2005 йил 13 май куни Андижон ҳокимлиги биносини исëнчилар ишғол қилгани ҳақидаги расмни қўйиб юборган. У билмасдан қилган. Қайси аҳмоқ билиб туриб шу ишни қилиши мумкин. Террорист бўлса, бошқача йўл тутган бўлар эди¸- деган эди суҳбатдош.

Манбага кўра¸ газета фаолиятининг тўхтатиб қўйилишига сабаб бўлган расм 10 октябр куни “Новости Узбекистана” газетасининг 43-сонида чоп қилинган. Андижон ҳақидаги мақолани “безаган” расмга эътибор қаратган “ҳушëр” мулозимлар “сигнали”дан кейин 1 ноябрдан бошлаб газетани чоп қилиш босмахона тарафидан буткул рад қилинди, деган эди суҳбатдош.

- Ҳозир фалаж аҳволдамиз. Ойликлар берилмаëтир. Таҳририятда асабий вазият ҳукмрон. Суд бизни буткул тўхтатиб қўяди деган ҳавотирдамиз,- деган эди суҳбатдош.

Uznews.netнинг 14 ноябрь кунги хабарига қараганда, газета ходимлари сентябрь учун маошини ҳанузгача олмаган.

ООО "Медиа-бизнес" ширкати тарафидан мустақил газета сифатида чиқариладиган “Новости Узбекистана” нашр 2012 йилда ҳам танқидий мақола чоп қилгани учун судга тортилган эди.

Ўзбекистондаги “Экологик ҳаракат” ўтказаëтган тадбирлар танқид қилинган мақола чоп қилинганидан кейин “Экоҳаракат” “Новости Узбекистана” газетасини судга берган эди.

Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2012 йил апрел ойидаги маҳкамаси “Экоҳаракат” фойдасига ажрим чиқариб¸ газетани жаримага тортган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG