Линклар

Обама Конгрессни Эронга қарши янги санкцияларни жорий этмай туришга чақирди


АҚШ президенти Барак Обама Конгрессни Теҳрон ядровий дастури бўйича сўзлашувлар олиб борилаётган бир пайтдан Эронга нисбатан янги санкцияларни жорий этишдан тийилишга чақирди.

Пайшанба куни Оқ уйда ўтказилган матбуот анжуманида президент Обама Теҳроннинг ядровий қурол яратишига тўсқинлик қилишнинг энг самарали йўли дипломатик сўзлашувлар эканини такидлади.

Президентга кўра, агар Теҳрон ўз ваъдаларини бажармаса, янги санкциялар бўйича муҳокамаларга қайтиш мумкин.

Обама маъмурияти Эрон билан унинг ядровий дастури бўйича сўзлашувларга кўпроқ вақт кераклигини айтиб келади.

Конгресснинг етакчи аъзолари ва АҚШнинг яқин ҳамкори Исроил Теҳрон билан олиб борилаётган сўзлашувлар Эронга нисбатан қўйилган санкцияларни барвақт юмшатишини айтиб, аксинча санкцияларни кучайтириш тарафдоридир.

Эрон ва дунёнинг етакчи давлатлари ўртасидаги навбатдаги сўзлашувлар 20-21 ноябр кунлари Женевада бўлиб ўтади.
XS
SM
MD
LG