Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:51

Ўзбек аёли илк бор “Гиннеснинг рекордлар китоби”га кирди


Республика ҳакамлик суди судяси 2000 доллар пора билан ушланди. 12 ёшли қизчани қариндоши чет элга пуллаб юборди. Жўровоз ва жўрабозлар кўпайиб бораётгани танқид қилинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.


“Халқ банки” масъуллари 168 миллион сўмни ўмарди”


“Халқ банки”нинг Қашқадарё вилояти Ғузор тумани мансабдор ва ходимлари Зокир Аллаев, Даврон Жалилов ва Фарҳод Умиров 168 миллион сўмдан ошиқ маблағни ўзлаштиришда айбланди. Жиноят ишлари бўйича Ғузор тумани суди раиси Аҳрор Ғаффоров “Куч адолатда” газетасида ёзишича, банк масъуллари ноқонуний пул ўзлаштириш операцияларини компьютер воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширган. Суд ҳукмига кўра, банкирларга озодликдан маҳрум этиш жазоси берилган, шунингдек, 168 миллион сўм маблағни ундириш мажбурияти юклатилган.


“Ногиронларга эътиборсиз мансабдорлар жазоланади”


Ўзбекистон қонунчилигига ногиронлар ҳуқуқларини бузганлик учун мансабдорлар жавобгарлигини кучайтирувчи ўзгартириш киритилди (“Адолат кўзгуси”, 14 ноябрь). Унга кўра, ногиронларнинг ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз кириши, алоқа ва ахборот воситаларидан тўсқинликсиз фойдаланишини таъминламаган мансабдорлар энг кам ойлик иш ҳақининг 15 бараваридан 30 бараваригача жаримага тортилади. Жазо чораси қўлланилгани масъул мансабдорларни ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишга доир талабларни бажариш мажбуриятидан озод этмайди.


“Андижонлик полвон аёл учинчи бор дунё рекордини ўрнатди”


Андижонлик полвон, тош кўтариш бўйича жаҳон рекорди соҳиби Муҳтарам Алиева “Гиннеснинг рекордлар китоби”га кирган биринчи ўзбек аёл бўлди (“Ўзбекистон овози”, 14 ноябрь). Жорий йил 31 окттябрь-4 ноябрь кунлари Россиянинг Архангелск шаҳрида бўлиб ўтган тош кўтариш бўйича жаҳон чемпионатида Алиева дунё рекордини ўрнатди ва жаҳон чемпиони деган номга сазовор бўлди. Тош кўтариш бўйича учинчи марта дунё рекордини ўрнатган 39 ёшли Муҳтарам Алиева “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилди. Спортчининг ўзи ушбу муваффақиятини 30 йиллик меҳнати маҳсули эканини айтган.


“Республика судяси 2000 доллар пора билан ушланди”


Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик суди судяси Машраб Ҳайдаров (газета судяни шартли равишда шундай номлайди) Фарғонадаги Автомобил касб-ҳунар коллежи директоридан 2000 АҚШ доллари пора олаётганда қўлга туширилди (“Даракчи”, 14 ноябрь). Судя Ҳайдаров коллеж директори устидан ҳуқуқ идораларига ёзилган шикоятларни “босди-босди” қилиш эвазига пул талаб қилган. Газета хабарига кўра, айни пайтда судяга нисбатан жиноий иш очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


“12 ёшли қизчани ўз қариндоши чет элга сотиб юборди”


Тошкент вилояти Бўка туманида яшаган 12 ёшли қизалоқ исми ошкор этилмаган қариндоши томонидан Бирлашган Араб Амирликларига сотиб юборилди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди судяси Исматулла Мамановниг “Адолат кўзгуси” нашрига маълум қилишича, Дубай шаҳрида 12 ёшли қизчанинг номуси топталган. Уч йил давомида тутқинликда сақланган ва танафурушликка мажбур қилинган қиз ўзини БАА ҳуқуқ идораларига топширган ва улар кўмагида Ўзбекистонга қайтган. Жабрдийданинг исми очиқланмаган жиноятчи қариндоши қўлга олингани хабар берилган. Жиноят ишига оид бошқа тафсилотлар маълум қилинмаган.


“Жўровоз ва жўрабозлар кўпайиб боряпти”


Олим ва публицист Зуҳриддин Исомиддинов жамиятда жўровозлар ва жўрабозлар кўпаяётганини хавотир билан қайд этди (“Тафаккур” журнали, 3-сон). “Бундайлар ўзи бирон фикр билан майдонга чиқмайди. Аммо кимдир бир фикрни айтса-ю, ўша қараш етакчи мавқега чиқса, тамом, худо берди, қачондан бери шуни ўйлаб юрганини айтиб жўровозликка ўтади. Кун келиб, бунинг акси исбот бўлса, унгаям ҳамроз. Тавба, ахир, елкангда бош кўтариб юрар экансан, ўз фикринг, ўз қарашларинг, ўз дидингга эга бўлмайсанми, одамзод? “Жўровоз” сўзи “жўрабоз”га ўхшайди... Чўлпон “сен ҳур туғолғонсен” деб уқтирган бизга. Ҳурлик энг аввало фикр-қарашларни эркин баён қилишдир” дейди олим.


“Тошкент вилоятида илғор фермерга “Каптива” берилди”


Тошкент вилоятида пахта ва ғалла етиштиришда юқори натижаларни қайд этган фермерлар “Каптива”, “Ласетти” ва “Дамас” автомобиллари билан тақдирланди (“XXI аср”, 14 ноябрь). Хабарга кўра, 40 центнердан ошиқ ҳосил етиштирган совриндорлар рўйхатидан Бўка туманидаги “Офарин Мойтепа” фермер хўжалиги раҳбари Бойназар Бобоқулов, Ўртачирчиқ туманидаги “Ҳабиб Ориф Агро” фермер хўжалиги раҳбари Акмал Нигматуллаев, Қуйичирчиқ туманидаги “Акбархон-Баҳодирхон” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодирхон Аҳмедов ўрин олган.


“Рангли металл чиқиндилари ўғирланишига қарши кураш кучайтирилмоқда”


Ўзбекистон божхона идоралари рангли металл чиқиндларининг ўғирланиши ва чет элга олиб чиқиб кетилишига қарши курашни кучайтирмоқда. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати “Адолат” газетасига маълум қилади. Ўтган ўн ойда рангли металл чиқиндилари ва техника буюмлари парчаларини олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ 111 та қонунбузарлик аниқланган ва 104 тонна металл чиқиндиси ушлаб қолинган. Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган тартиб бўйича металл чиқиндилари ва парчалари Тошкент рангли металлар парчалари ва чиқиндиларини қайта ишлаш заводига топширилиш мажбурий саналади.
XS
SM
MD
LG