Линклар

"Бир машина ўтин 1 миллион 700 минг сўмга чиқди"

  • Садриддин Ашур

Ургут туманидаги ўтин бозори

Ургут туманидаги ўтин бозори

Ўзбекистон қишлоқларида "газсизлаштириш сиёсати" бораётгани ва электр энергияси таъминоти чекланиши оқибатида бозорлардаги ўтин нархи кўтарилди. Ўртача бир оила қишдан чиқиши учун ўртача 1,5-2 миллион сўмлик ўтин сотиб олишига тўғри келаяпти.

Қиш яқинлашиши билан Ўзбекистонда ўтин қимматлай бошлади.

Газ таъминотидан батамом узилган, электр энергияси таъминоти кунига атиги икки - уч соатдан ошмаётган қишлоқлар аҳолисининг куни фақат ўтин-кўмирга қолди.

Одамлар чўнтагига қараб, имкониятига қараб қиш ғамини емоқда. Кўмир қиммат бўлганлиги учун ҳам ўтин бозорларида савдо авжига чиқмоқда.

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида катта юк машинасидаги ўтиннинг нархи 1 миллион 700 минг сўмга чиқди. Бу ҳақда Озодлик тингловчиларидан бири хабар бериб, хабарига сурат ҳам илова қилди.

Ургутлик тадбиркор Баҳодирга кўра, бу йил ўтин нархи ўтган йилларга нисбатан анча қимматлаган:

- Бир КамАЗ мошин яхши ўтин 1 миллион 700 минг сўмгача чиқди, ўтган йили шунча ўтин бир миллион икки юз минг сўм турарди. Шу билан қишни бемалол чиқарса бўлади. Хатирчидан, Қаршидан, Сурхондарёдан, Жиззахдан олиб келишяпти. Ёнғоқ, писта, ўрик дарахтларини кесиб олиб келишяпти, дейди Баҳодир.

Озодлик манбаларига кўра, ўтин биргина Ургутда эмас, балки мамлакатнинг бошқа минтақаларида ҳам қимматлаган.

Наманган вилоятининг Косонсой туманида яшовчи чилангар Муқимжоннинг айтишича, ГАЗ-53 машинасига юкланган ўтиннинг нархи 250 минг сўмга чиқди:

- Бу ўтган йилга нисбатан 40-50 минг сўмга қиммат. Ана шу газик машинасидаги ўтин ўртача оилага ўчоғи-печкаси билан нари борса 20 кун, эконом қилса бир ойга етади. Бир оила қиш мавсумида камида тўрт мошин ўтин сотиб олиши керак бўлади. Умуман бир миллион сўм билан қишласа бўлади, деди Муқимжон.

"Газни экспорт нархида сотиб олсак ўтиндан ҳам арзон тушади"

Ҳисоб-китоб қилинса, ўзбекистонлик бир оила қишлов учун ўртача бир миллион сўмга ўтин сотиб олишига тўғри келяпти. Бу ўчоқ-тандир ва бир-икки печкага уч ой давомида ўт ёқиш учун.

Хўш, шу пулга қанча газ сотиб олиш мумкин? Аввал ўтин нархини ички бозордаги газ нархи билан таққослаймиз.

Бунда бизга математика ва физика фанлари номзоди, пенсиядаги ўқитувчи Холиқназар Ғаниев кўмаклашади:

- Қиш вақтида ўртача оила уйни иситиш ва овқат учун жуда кўпи билан 200-300 кубометр газ ёқади. Бир кубометр газнинг нархи 140 сўм бўладиган бўлса, демак ўртача 50 минг сўм бўлади. Уч ойда 150 минг сўмга газ сотиб олади. Биз эса ҳозир бунинг ўн бараварида ўтин-кўмир сотиб оляпмиз, деди Холиқназар Ғаниев.

Ўқитувчига кўра, Ўзбекистон ҳукумати газни экспорт нархида бўлса ҳам ўз аҳолисига берганда эди, аҳоли бундан хурсанд бўларди:

- Мана ҳозир Ўзбекистон минг кубометр газни, аниғини билмайман, ана борингки 300 доллардан Россияга сотяпти, дейлик. Агар шу нархда менга сотса мен ҳам олган бўлардим. Чунки мен бу нархда ойига 90-100 доллардан газ ёққан бўламан. Лекин, ортиқча ташвишсиз, ўтин-кўмир қилмай уйимни ҳам иситаман, овқатимни ҳам пишираман, ҳаммомимни ҳам иситаман, деди математика ўқитувчиси Холиқназар Ғаниев.

Ўзбекистоннинг нефт ва газ заҳиралари ҳамда бир йилда қазиб олинган табиий бойликлар ҳақидаги расмий статистик маълумотлар тўлиқ ошкор этилмайди.

Ўзбекистондаги кўмирнинг тахмин қилинаётган заҳираси 4 миллиард 838,6 миллион тоннани, тасдиқланган заҳираси эса 1 миллиард 897 миллион тоннани ташкил қилади.

“Ўзбекнефтегаз” ширкатига кўра, Ўзбекистонда йилига 60 миллиард куб метрдан ортиқроқ табиий газ қазиб олинади. Шундан 15 миллиард куб метрига яқини экспорт қилиниши айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG