Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:28

Фуқаролиги йўқ шахслар муаммоси



Мени анча йилдан бери бир масала қийнаб келади. Бу муаммо кўп сонли бошқа инсонларга хам тегишли. Тегишли ташкилотларга югуравериб чарчаганман. Ота-онамни эса гапирмаса хам бўлади. Ҳеч қандай натижа ёки бирор аниқ жавоб олишнинг иложи йўқ.

Гап шундаки¸ биз оиламиз билан Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга фуқаролиги йўқ шахслар ҳисобланамиз. Ва билишимча юртимизда бундай шахслар анчагина.

Онам Ўзбекистонда туғилиб улғайганлар ва Тожикистонга келин бўлиб узатилганлар. Мен Тожикистонда туғилганман. 1993-йил оиламиз билан яшаш учун Ўзбекистонга кўчиб келганмиз.

Юқорида айтиб ўтганимдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш учун ота-онамнинг қилган барча ҳаракатлари зое кетган. Вояга етиб ақлимни таниганимдан кейин мен ҳам уриниб кўрдим. Аммо...

Ëшлигимдан ҳарбий бўлишга қарор қилгандим. Вақти етиб билдимки¸ мени ҳарбий билим юртига ва ҳатто ҳарбий хизматга ҳам олишмас экан.

Оиламизнинг моддий имкониятлари яхши аҳволда эмас. Отам ишлайдиган ташкилот раҳбариятига фуқаролигимиз йўқлиги аён бўлгач: "Бундай шахслар бизнинг ташкилотда ишлашлари мумкин эмас", - дея ишдан бўшатишган. Ва шундан бери дурустроқ жойга ишга жойлаша олмаган.

Ҳамма қатори Россияга бориб ишлаши учун эса фуқаролиги йўқ шахслар Республика худудидан ташқарига чиқиши мумкин эмас экан. Дехқончилик билан шуғулланишдан бошқа чораси йўқ.

Отам тарафдан ҳамма қариндошларимиз Тожикистонда яшашади. Отам ўз жигарларини кўрмаганига анча йиллар бўлиб кетди. Фуқаролигимиз йўқлиги туфайли тўй, аза, марака каби маросимларда қатнашиш учун ҳам у ёққа бора олмаймиз.

Яқинда кичикроқ тадбиркорлик билан шуғулланишни ният қилдим. Озроқ кредит илинжида банкка мурожаат қилдим. "Биз фақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хизмат кўрсатамиз", - дея жавоб қилишди.

Қонунга кўра шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 5 йил яшагандан кейин фуқаролик олиш хуқуқига эга экан. Аммо бу модда биз учун ишламади.

Ундан ташқари билишимча магистрлик, аспирантлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган шахслар хам шундай имкониятга эка экан. Мана шу бандга умид қилябман, гарчи ҳеч қандай кафолат бўлмаса хам.

Биз каби инсонлар тақдири нима бўлади?

Бирор давлат фуқароси бўлишдек инсоний хуқуқимизни ким ҳимоя қилади?

Қачон биз ҳам ҳамма фуқаролар каби тўла ҳақ-ҳуқуқларга эга бўламиз?

Бизга қачон Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги беришади?

Умуман беришадими ўзи ёки йўқ?
XS
SM
MD
LG