Линклар

Юзлаб ғузорликни Россияга ишга олиб келган шаҳрисабзлик ака-укалар одам савдосида айбланди


Мустақил кузатувчилар тахминича¸ ҳозирда Россияда камида 7 миллион ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бор.

Мустақил кузатувчилар тахминича¸ ҳозирда Россияда камида 7 миллион ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бор.


Давлатга қарашли Ўзбекистон телеканали бир неча кундан бери одам савдоси бўйича судланиб¸ 4 йилдан 8¸5 йилгача қамалган шаҳрисабзлик ака-укалар ҳақидаги “Бир жиноят изидан” деб номланган ҳужжатли лавҳани намойиш қилмоқда. Бу фильмда турсуновлар оиласи юзлаб юртдошини Россияга “жаннат ваъдаси” билан олиб кетиб¸ уларни қулларча ишлатганликда айбланади. Аммо бу оила яқинларидан бири ака-укаларнинг коррупцияга ботган ҳуқуқ тизимининг навбатдаги қурбони эканини даъво қилмоқда.

2012 йилнинг 28 декабрь куни янги йилни ўз оиласи билан кутиб олишга борган Мусулмон Турсунов¸ 18 январь куни ўзи Россиянинг Якутск шаҳрига ишлатишга олиб кетган ғузорлик йигитлардан бирининг уйига чақиртирилиб¸ шу ерда ҳибсга олинди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси терговчиси Анвар Ўрмонов назоратига олинган Турсунов Тошкентга олиб келиниб¸ март ойида уни кўришга чақиртирилган укалари ва тоғаси ҳам ҳисбга олинди.

Июл ойида Жиноят ишлари бўйича Қашқадарë вилоят суди Мусулмон Турсунов ва унинг укалари¸ шунингдек тоғасини 250 нафар ғузорлик йигитни алдаб¸ Россияга олиб кетиш¸ у ерда паспортларини олиб¸ оғир шароитларда қулларча ишлатиб¸ иш ҳақини бермасликда айбдор деб топди ва 8¸5 йилдан 4 йилгача қамоққа ҳукм этди.

Бу ҳукм ҳақида Ўзбекистон телеканали ҳозирлаган ҳужжатли филм орадан бир неча ой ўтиб¸ 13-15 ноябрь кунлари намойиш этилди.

Бошдан-охирига қадар қоралаш ва ҳукм руҳида ҳозирланган бу лавҳада Турсуновлар томонидан Россияга ишга олиб кетилган айрим ғузорлик йигитлар ҳам ўз “қулликдаги ҳаëти” ҳақида ҳикоя қилади.

Аммо бу ҳужжатли фильм намойиш қилинганидан сўнг Озодликка мурожаат қилган турсуновлар оиласи яқинларидан бири Ўзбекистоннинг энг қашшоқ ҳудудларидан бири ҳисобланадиган Ғузор туманида яшовчи юзлаб ишсиз йигитни Россияда иш билан таъминлаган ака-ука турсуновларнинг адолатсизлик қурбони бўлганини иддао қилди.

Унга кўра¸ Қашқадарë вилоят суди ҳаками ўзини гўëки одам савдоси ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш олиб бораëтган қилиб кўрсатаëтган Бош прокуратура терговчиси томонидан берилган кўрсатма асосида айбсиз йигитлар устидан ҳукм чиқарган.

Ҳужжатли фильмда илгари сурилган айбларнинг барчасини инкор қилган бу суҳбатдош¸ ҳозирча турсуновлар оиласининг адолат истаб Ўзбекистондаги олий тизимларга қилган мурожаатлари жавобсиз қолаëтганини қўшимча қилди.

Ака-ука турсуновлар уюшган жиноий тўда ва шавқатсиз одамфуруш қилиб тасвирланган ҳужжатли фильмда¸ айбнинг каттагина қисми уларнинг “ўлжаси” сифатида тақдим этилган ғузорлик йигитлар зиммасига ҳам юкланади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Россияга бориб қора ишларни қилиб юрган ўзбекларни дангасага чиқарган¸ улардан жирканиши билдирилган баëнотига ҳамоҳанг руҳда ëзилган фильм хулосасида Якутскка ишга кетган ғузорлик йигитлар мол-дунë ортидан қувган¸ енгилтакларга чиқарилади.

Фильмда биргина кичик райондан 250 дан ошиқ ëш¸ билаги кучга тўла йигитнинг нима учун Россияга¸ хусусан¸ унинг энг олис¸ энг совуқ минтақаси Якутск қурилишларида ишлаш учун жон деб кетгани ва ҳамон кетишда давом этаëтгани сабаблари ҳақида лом-мим дейилмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG