Линклар

logo-print
Жума оқшомидан бошлаб Ўзбекистонда миллий телерадиокомпания “Кинотеатр” ва “Наво” деб номланган икки янги телеканални синов тариқасида эфирга узатишни бошлади.

“Ёшлар” телеканали қошида шакллантирилган “Кинотеатр” телеканали мамлакатимиз ва хорижда яратилган тўлиқ метражли, қисқа метражли, бадиий ва ҳужжатли филмлар ҳамда тарбиявий ва марифий йўналишдаги спектаклларни намойиш этишга мўлжалланган. “Тошкент” телеканали қошида ташкил этилган “Наво” телеканали эса томошабинларни мумтоз, халқ мусиқа асарлари, замонавий ва эстрада, шу жумладан, хорижий мусиқалар билан таништиради”, дея хабар қилади Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси сайти.

Бундан ташқари, "Ўзбекистон” телеканали базасида "Оилавий”, "Маданият ва Маърифат” телеканали қошида "Ҳудудлар” телеканалларини ишга тушириш мўлжалланмоқда.

Октябрь ойида Ўзбекистонда қатор телеканаллар, жумладан, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишлилиги айтиладиган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканаллари тўсатдан эфирдан олинган эди.

Тошкентда битта бино ичида жам бўлган ва 21 октябрь куни эрталаб соат 10 да эфирдан тўсатдан ғойиб бўлган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS каналлари раҳбариятига "лицензион шартларга риоя қилмаганлиги ва қайд қилинмаган пул оқимини ташкил этгани" юзасидан айбловлар илгари сурилган.

Телеканалларнинг ёпилиши, кузатувчиларга кўра, Ислом Каримов ва ўзбек махсус хизматлари томонидан Гулнора Каримовага ўтказилаётган босимнинг бир парчасидир. Хусусан, Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида мақолалар эълон қилиб келаётган муаллиф ўзбек расмийларининг бу босимини Гулнора Каримованинг хориждаги активларини Ўзбекистонга қайтариш уриниши ўлароқ изоҳлаган. Президентнинг тўнғич қизи дуч келаётган “кўнгилсизликлар” га бағишланмиш сўнгги мақоласида Ҳақназаров, жумладан, шу кунларда омма назаридан четлашган ўзбекистонлик медиамагнат Фирдавс Абдухолиқов махсус хизматлар томонидан сўроққа тутилгани ва Гулнора Каримовага қарши кўрсатмалар бериб бўлгани ҳақида ёзиб чиқди. Абдухолиқовнинг Каримова хонимга яқин бўлгани, ҳатто унинг “матбуот котиби” бўлгани иддао қилинади.

Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканаллари ёпилиши ортидан Гулнора Каримованинг Твиттердаги мухлислари унга ҳамдардлик изҳори ўлароқ “Ўзбекистон телеканалларида кўрадиган нарсанинг ўзи қолмаган”и ҳақида кўплаб твитлар қолдириб келмоқдалар.

Афтидан, бу твитлар юзага келган “информацион бўшлиқ”ни тўлдиришга уринаётган ўзбек расмийларини ҳам бефарқ қолдирмаган. Ўзбекистонда янгидан ташкил этилаётган давлат телеканаллари октябрь ойида ёпилган ва нодавлат телеканали ўлароқ рўйхатдан ўтган телеканаллар ўрнини босишга қаратилгани тахмин қилинмоқда. Жумладан, кузатувчилар фикрича, “Наво” телеканали мусиқий дастурларни эфирга узатишга ихтисослашган TV-Markaz, “Кинотеатр” ва “Ҳудудлар” эса кино ва Ўзбекистоннинг турли жойларидан янгиликлар бериб боришга ихтисослашган NTT телеканали ўрнини қоплашга мўлжалланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG