Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:15

“Адолат” кўзи ёриган муҳожир аёлнинг юртига қайтишида кўмаклашмоқда


Приморье ўлкасида ноқонуний яшагани учун суд қарорига мувофиқ Россиядан “депортация” қилинаётган ўзбекистонлик Шоира Улошевага “Адолат” номли ўзбеклар жамоат ташкилоти ҳуқуқий ва моддий ёрдам бераяпти.

Приморье ўлкасида ноқонуний яшагани учун суд қарорига мувофиқ Россиядан “депортация” қилинаётган ўзбекистонлик Шоира Улошевага “Адолат” номли ўзбеклар жамоат ташкилоти ҳуқуқий ва моддий ёрдам бераяпти.

Россиянинг Приморье ўлкасида фаолият юритаётган “Адолат” ташкилоти раиси Баҳодир Нураков Озодлик билан суҳбатда ўзи етакчилик қилаётган ташкилот Владивостокда фарзанд кўрган сурхондарёлик 28 ёшлм Шоира Улошева фарзандлари билан Ўзбекистонга соғ-саломат етиб олишида уларга ҳам ҳуқуқий ҳам моддий томондан ёрдам кўрсатаётганини айтди.

- Қўлимиздан келганича документ ишлари бўйича ёрдам беряпмиз. Шоиранинг уйини топдик. Кўришиш учун бозор-ўчар қилиб бордик, маслаҳатимизни бердик. Бизнинг ташкилот учун энг муҳими она билан фарзанднинг соғлиги, тинчлиги. Иншааллоҳ, уй шароити яшаш учун яхши. Иссиқ-совуқ сув бор, хона иссиқ. Онаси соғ, болалари соғ. Бизни ўша шароит қониқтиради. “Нелегал” бўлса, уни “депорт” қиладиган бўлса, бу Россия қонунчилигидан. Ким бўлишидан қатъий назар, қонун бузган “депорт” қилинади. Биз бунга қарши тура олмаймиз, - деди ўзбеклар жамоат ташкилоти раҳбари.

5 ноябрь куни “Тез ёрдам” машинаси 1985 йилда туғилган сурхондарёлик Шоира Улошевани тўлғоқ ҳолатида Владивосток шаҳридаги 1-туғруқхонага олиб келганида врачлар Россияда ноқоқнуний яшаган ўзбекистонлик аёлни қабул қилишдан бош тортгани тўғрисида Озодлик ўз вақтида хабар берган эди.

Воқеага Россия Ички ишлар вазирлиги ходимлари аралашганидан сўнг врачлар Шоира Улошевани қабул қилган.

Туғруқхонада икки кун ётиб, аҳволи ўнгланиб, ўғил чақалоғи билан уйига қайтганидан кейин Улошева суд қилинган.

Маҳкамада ҳакамлар миграция қонунларини бузганлик учун Шоира Улошева ва уч фарзандини 10 кун ичида Россиядан чиқариб юбориш тўғрисида қарор чиқарган.

Бироқ, Россиянинг амалдаги қонунларига мувофиқ, туғилганига бир ой бўлмаган чақалоқнинг ота-онасига поездга ҳам, самолётга ҳам билет сотиш мумкин эмас. Шу боис суд қарорини бажариш кечиктирилди.

Баҳодир Нураков ўз ташкилоти Шоира Улошева Ўзбекистонга соғ-саломат етиб олишида унга ва уч фарзандига ёрдам кўрсатаётганини, улар миграция ташкилоти ва Новосибирск шаҳридаги Ўзбекистон консулхонасидан справкалар олганидан кейин Ўзбекистонга жўнаб кетишини айтди.

- Ҳозирча самолётга билет олингани йўқ. Чақалоқ бу ерда (Владивостокда) туғилгани билан тўғридан-тўғри Ўзбекистонга кета олмайди. Бу ерда Миграция хизмати справка беради. Кейин ўша справка билан Новосибирск шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси консулхонасига боради. Бош консул Абдураҳим Носировга учрашади. У киши яна справка беради. Шоира Улошева Россия ҳудудидан чиқиб Ўзбекистонга соғ-саломат етиб олгунича бизнинг ташкилот жараённи кузатиб боради, - деди Баҳодир Нураков.

Россия миграция қонунларини бузгани учун депортация қилинган шахсларнинг мамлакат ҳудудига 3 йил давомида кириши тақиқланади.

"Адолат" ташкилоти раиси Шоира Улошева фарзандлари билан Ўзбекистонга етиб борганидан сўнг Россияда қонуний ишлаётган унинг эри баҳорда оиласи бағрига қайтишни режалаётганини қўшимча қилди.

Приморье ўлкасининг Владивосток шаҳрида фаолият юритаётган “Адолат” номли ўзбеклар жамоат ташкилоти 2011 йил 1 сентябрда расман рўйхатга олинган.

Ташкилот раҳбари Баҳодир Нураковнинг Озодликка айтишича, ўтган икки йил мобайнида “Адолат” ташкилоти Приморьеда муаммога дуч келган ўнлаб ўзбекистонликларга ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатган.
XS
SM
MD
LG