Линклар

logo-print

Лавров Эрон билан келишув имзоланишига умид билдирди


Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Эрон ва дунёнинг етакчи давлатлари Теҳроннинг ядровий дастури бўйича дастлабки келишувга эришиш арафасида эканини баён қилди. Лавровдан олдин Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф ўз мамлакати Ғарб билан келишувга эришишига умид билдирган эди.


Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров дунёнинг олти етакчи давлати ва Эрон халқаро ҳамжамиятни ташвишга солиб келаётган Теҳроннинг ядровий дастури бўйича дастлабки келишувга эришиш арафасида эканини ва ушбу “жуда яхши имконият” бой берилмаслиги кераклигини таъкидлади.

Лавров буни Россия телевидениесига шанба куни берган интервьюсида айтди.

- Амалда ҳал этилиши зарур бўлган масалалар борасида ҳозир принципиал келишмовчилик мавжуд эмас. Бу кимдир томонидан ирода қилинган эмас, балки ҳақиқатан ҳам биргаликда ишлаб чиқилган ҳужжат бўлиши учун гап бу тушунчаларни дипломатик тилда тўғри расмийлаштириш ҳақида бормоқда, - деди Сергей Лавров.

Бир кун олдин Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф ҳам Ғарб давлатлари билан келишувга эришишга умид билдирган эди.

Зариф “музокара қилинадиган оғир масалалар борлиги”ни ҳам қўшимча қилган.

Эрон ва 5+1 гуруҳи, яъни БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси - АҚШ, Британия, Россия, Хитой, Франция ҳамда Германия вакиллари келаси ҳафта Женева шаҳрида музокараларнинг навбатдаги даврасини бошлайди.

Аввалги давра музокаралар натижасиз тугаганига қарамай, муваффақиятга эришилгани маълум қилинди.

Теҳрон уранни бойитиш ишларини тўхтатишдан бош тортгани учун халқаро ҳамжамият Эронга қарши жорий қилган санкциялар юмшатилишини хоҳламоқда.

Ғарб давлатлари Эронни яширинча ядровий қурол яратишга уринаётганликда айблаган.

Эрон эса ўз ядровий дастури тинч мақсадларга қаратилганини таъкидлаб, барча айбловларни инкор қилиб келмоқда.

Атом энергияси халқаро агентлиги 14 ноябрь куни эълон қилган ҳисоботда август ойида Ҳасан Руҳоний Эрон президенти этиб сайланганидан бери мамлакатда уранни бойитиш кўламини кенгайтириш тўхтагани билдирилган.

Халқаро агентлик ҳисоботига кўра, фақат Натанздаги уранни бойитиш заводига бир нечта центрифуга олиб борилган. Фордо объектига эса ҳеч қандай янги ускуналар келтирилмаган.

Халқаро ташкилот ҳисоботида Аракда қурилаётган плутоний ишлаб чиқарадиган реакторнинг йирик қисмлари ҳали ўрнатилмагани қайд этилган.

Айни пайтда Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Атом энергияси халқаро агентлигининг охирги ҳисоботи ўзида “таассурот қолдирмагани”ни айтган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG