Линклар

logo-print
Авиаҳалокат чоғида Татаристон президенти Рустам Миннихановнинг ўғли Ирек ҳамда Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Татаристон бошқармаси раҳбари Александр Антонов ҳам ҳалок бўлган.

Бу ҳақда журналистларга Қозон аэропортида Татаристон бош вазирининг ўринбосари Юрий Камалтинов маълум қилди.

Журналистларнинг “Ҳалок бўлган барча одамларнинг жасади ва қора қутилар топилдими?” деган саволига Камалтинов: “Бу борада иш олиб борилмоқда”, дея жавоб берди.

“Татаристон” авиаширкатига қарашли Boeing 737 самолёти якшанба оқшомида аэропортга қўнаётган пайтда қулаган. Самолёт бортидаги 44 нафар йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзосининг ҳаммаси ҳалок бўлган.

Синоптикларнинг маълумотларига кўра, авиаҳалокат чоғида Қозонда об-ҳаво шароити нормал бўлган.

Россия президенти Владимир Путин Қозондаги фожеа муносабати билан ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия изҳор қилган ва авиаҳалокат сабабларини ўрганиш учун ҳукуматга топшириқ берган. Ҳозирда мазкур фожеий ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатилгани айтилмоқда.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазири Владимир Пучков вазирлик авиацияси Қозондаги авиаҳалокатда ўлган кишиларнинг жасадларини улар дафн этилажак жойларга етказиб беришини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Қозонда ҳалокатга учраган Boeing 737 экипажи қўниш йўлига 500 метр қолганда самолёт қўнишга тайёр эмаслиги ҳақида билдирган. Бу ҳақда Интерфакс агентлиги Қозондаги фавқулодда вазият оқибатини тугатиш бўйича тезкор штабдаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Агентликка кўра, экипаж диспетчерларга самолёт қўнолмайдиган вазиятда эканини баён қилган. Бу самолётда техник носозлик кузатилганидан дарак бериши мумкин, бироқ бунинг айнан қандай носозлик бўлганига экипаж аъзолари аниқлик киритмаганлар.

Қўнишга тайёр эмаслик ҳақидаги хабардан кейин экипаж иккинчи марта қўнишга уриниб кўриш учун учишда давом этган, бироқ бир километрча учиб боргач, тумшуғи билан ерга қулаган.

Ҳалокатга учраган Boeing 737 самолёти, маълумотларга кўра, 23 йилдан бери эксплуатация қилиб келинган. Бошқа маълумотларда мазкур самолёт “Татаристон” авиаширкати томонидан 2008 йилда сотиб олингани айтилади.

Президент Рустам Минниханов фармони билан 18 ноябрь Татаристонда мотам куни, деб эълон қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG