Линклар

logo-print

Ўзбекистонда норозилик чиқишлари билан мақсадга эришиш мумкинми?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда ҳақсизликка, адолатсизликка қарши курашиш ва ижтимоий муаммоларни бартараф этиш учун норозилик билдириш орқали ижобий натижага эришиш мумкинми? Ёки Ўзбекистон шароитида бу нарса имконсизми? Oзодликнинг чоршанба, 20 ноябрь куни, Тошкент вақти билан соат 21.05 да бошланган BahsOnline дастурида ана шу икки хил қарашдаги тингловчилар баҳсга киришди.

Самарқанд шаҳридаги Сартепа мавзесининг Хўжасоат маҳалласида уч кун газ ва электр энергияси узиб қўйилгани боис маҳалланинг юзга яқин хотин-қизи 5 ноябрь куни норозилик тариқасида автомобил йўлини тўсиб, катта кўчага туриб олдилар.

Бу оммавий норозиликдан бир ғалва чиқиб кетишидан чўчиган шаҳар ва вилоят амалдорлари дарҳол воқеа жойига етиб келиб, бир соат ичида маҳаллага газ ҳам, чироқ ҳам бериш ҳақида фармойиш бердилар. Озодлик манбаларидан олинган маълумотларга кўра, ўшандан буён Сартепа мавзесида газ ҳам, чироқ ҳам ўчмаётир.



Ўзбекистонда ижтимоий муаммоларга қарши норозилик билдириши камдан-кам учрайдиган ҳолат. Андижон воқеаларидан сўнг одамлар оммавий норозилик билдиришга чўчиб қолган. Бутунлай газсиз ва чироқсиз қолса-да, кишилар норозилик билдириш, ўз ҳаққини талаб қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди ва пинҳона нола қилишдан нарига ўтмайди.

Озодликка ҳар куни келаётган ўнлаб мактуб ва хабарда фалон жойда газ ва чироқ йўқлиги ёзилиб, ёрдам бериш ҳақида илтижо қилинади.

“3 - 4 кунлаб электрсиз ўтирган пайтларимиз жудаям кўпайиб кетяпти, охирги 2 йил ичида шу 4 соатлик токни хам тўлиқ бермайди-да. Узиб-узиб, издеваться қилиб беради. Ҳозирги пайтда токни заказ қилиб ёқиб келамиз. 2-3 соати 20-25000 сўм. Сизлардан илтимос, шу электр муаммосини ҳал қилиб берсалариз. Халқ жудаям дуо қиларди сизларни”, деб ёзади тингловчилардан бири.

Ўзбекистонликларнинг стихияли бундай норозилиги жуда нари борса бир-бирига дардини айтишдан бошқа нарсага кўчмайди. Бироқ, агар кўпчилик бўлиб талаб қилинса, муаммолар ижобий ҳал этилишини самарқандлик аёллар исботлашди.

Хўш, Ўзбекистонда ҳақсизликка қарши курашиш ёки ижтимоий муаммоларни бартараф қилиш учун якка тартибда ёки оммавий норозилик билдириб, мақсадга эришса бўладими ёки йўқ?

Баҳсда Бирдамлик халқ ҳаракатининг Ўзбекистон бўйича раҳбари Малоҳат Эшонқулова ва жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Зиёдилло Раззоқов иштирок этди. Skype орқали боғланган тингловчилар ҳам бу баҳсда қизғин мунозара юритди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG