Линклар

Марғилондаги "Ипакчилар буюм бозори"га яна ўт тушди


Марғилондаги "Ипакчилар буюм бозори"нинг шу йил июлда ёниб кетган улгуржи озиқ-овқат бозори қисмидан Озодликка йўлланган сурат.

Марғилондаги "Ипакчилар буюм бозори"нинг шу йил июлда ёниб кетган улгуржи озиқ-овқат бозори қисмидан Озодликка йўлланган сурат.

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳридаги "Ипакчилар буюм бозори"га яна ўт тушди. Озодликка боғланган икки манбанинг хабар қилишича, бозорда 17 ноябрь оқшом ёнғин чиққан ва бу гал кийим-кечак расталари тўлиқ ёниб кетган. Ҳозирча жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ. Айни бозорнинг озиқ-овқат қисми шу йилнинг июль ойида ҳам ёниб кетган эди.


17 ноябрь оқшом соат 9 да Марғилон шаҳридаги Ипакчилар мавзесининг собиқ Ипак комбинати биносида жойлашган "Ипакчилар буюм бозори"га ўт тушди.

Озодликка марғилонлик манбалардан келган хабарларга кўра, бозорнинг кийим-кечак сотиладиган расталари тўлиқ ёниб кетган.

“Кечқурун соат 9 ларда ёнғин бошланган. Мен энди уйга кирган эдим, ёниб кетди, дейишгандан кейин яна қайтиб бордим. Одамларнинг 40-50 минг долларлик товарлари бор эди, ҳаммаси ёнди. Меникиям ёниб кетди, қанчалигини айтмайман сизга. Шу, ҳаммаси ёнди, ҳеч ким жароҳатланмади”, деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу бозорда моли ёнганидан асабийлашиб турган савдогарлардан бири.

Озодликнинг Фарғонадаги манбасидан олинган маълумотга кўра, ёнғин бир неча соат давом этган ва бозорнинг ёпиқ бинода жойлашган кийим-кечак қисми куйиб кул бўлган.

“Тим ёниб кетган, кийим-кечак тимнинг ичида эди. Эски ипак ишлаб чиқарадиган комбинат биноси бўлиб берилганда одамларга. Одамларнинг товари ёниб кетди. Шу билан иккинчи марта ёниши бу бозорнинг. Нима бўлаётганини одамлар тушунмай ҳам қолди. Товарлари ёниб кул бўлаяпти, ўзлари эса ҳайрон. Ҳеч ким арзига қулоғам солаётгангани йўқ”, деди фарғоналик манба.

Ёнғин сабаблари Озодликка ҳозирча маълум эмас. Манбаларнинг ёзишича, бозор маъмурлари ёнғинга электр токи линиясидаги носозлик сабаб, деган тахминни тилга олмоқда.

Бу Ипакчилар мавзесидаги бозорда сўнгги беш ойи ичида кузатилган иккинчи ёнғиндир.

Шу йилнинг 4 июльдан -5 июльга ўтар кечаси бозорнинг "Ширин Нур Бизнес" савдо мажмуаси номи билан юритиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари улгуржи савдоси қисмига ўт тушган эди.

Бозорнинг соғ қолган қисмида дўкони бўлган савдогарлардан бири маъмурлар ўшанда ҳам ёнғиннинг электр тармоғидаги носозликдан келиб чиққанини айтганини хабар қилган.

Бозорнинг озиқ-овқат маҳсулотлари улгуржи савдоси учун ажратилган қисми ҳам ёпиқ бино ичида жойлашган.

"Катта здание эди. Эни 50-60 метр, узунлиги 100 метрдан ошиқ эди. Унинг ичида озиқ-овқатнинг оптоми ҳам бор эди. Катталар кечаси электрдан ўт чиққан, дейишди. Ҳамма нарса ёниб кетибди экан. Лекин ҳеч кимни у ёққа киритишмаяпти", деган эди марғилонлик тадбиркор.

"Ширин Нур Бизнес" савдо мажмуаси маъмурларидан бири ёзда чиққан ёнғинда бозорнинг 70 фоиздан ортиқ қисми ёниб битгани ва қарийб 1 миллиард 200 минг сўмлик маҳсулот ёниб кетганини айтган.

17 ноябрь оқшомида бу бозорнинг кийим-кечак расталарига тушган ёнғиндан етган моддий зарар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Аммо моли куйган тадбиркорнинг айтишича, бу "Тим"нинг ичида ҳам 150-200 савдогар савдо қилган ва ҳар бирининг камида 40-50 минг АҚШ долларига тенг моли ёниб кетган.

Марғилон шаҳар Ёнғин хавфсизлиги хизмати ҳамда ҳокимиятидан бу борада маълумот олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Марғилонлик манбалар ёнғин содир бўлганидан буён бозор ҳудуди милиция ходимлари томонидан ўраб олингани ва ичкарига ҳеч ким киритилмаётганини айтмоқда.

Ўтган ёз ойлари давомида бозор ва савдо мажмуаларида ёнғин чиққанига оид ўнга яқин хабар Озодликка йўлланди.

Шу йилнинг июлида Тошкентдаги Эски Жўва, халқ орасида эса Чорсу, деб аталадиган бозорнинг миллий кийим-кечаклар сотиладиган қисмида ҳам ёнғин чиққан ва тўртта дўкон тўлиқ ёниб кетган. Қанча зарар кўрилгани номаълум.

Июнь ойи охирида Наманган шаҳридаги икки қаватли “Ўзбегим” кафесига ҳам ўт тушган эди. Наманганлик тадбиркорлардан биридан олинган маълумотга кўра, бунда 250 миллион сўмлик зарар кўрилган.

22 июнь куни эса Фарғона шаҳри марказида жойлашган "Александрия" номли савдо мажмуасида ёнғин чиққани хабар қилинган эди.

21 июнь куни Андижон шаҳрининг собиқ тўқимачилик комбинати ёнида жойлашган муҳташам мадрасанинг яп-янги биноси ҳам тўлиқ ёниб кетган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG