Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:48

Ўзбекистонни ёритувчи нашрлар DDoS ҳужумига учради


Ўзбекистонга оид янгиликларини ёритувчи тўртта ахборот сайти бир вақтнинг ўзида ҳакерлик ҳужумига учради. 14 ноябрь куни ҳужумга нишон бўлган Uzmetronom, CA-News, Ferghananews сайтлари ҳануз ёпиқ қолмоқда. Озод Европа/Озодлик радиоси интернет хизмати эса 18 ноябрь куни ҳакерлик ҳужумини бартараф қилишга эришди.


Ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари ўртасида танилган Uzmetronom, CA-News, Ferghananews ва Озод Европа/Озодлик радиоси интернет сайтлари бир вақтнинг ўзида ҳакерлик ҳужумига учради.

Экспертлар бунинг DDoS-ҳужуми экани ва унинг оқибатида нафақат Ўзбекистон, балки қўшни Қирғизистон ва Россиядаги провайдерларга катта зарар берганини айтмоқда.

Озод Европа/Озодлик радиоси интернет хизмати эса 18 ноябрь куни ҳужумни бартараф қилишга эришди. Аммо, Uzmetronom, CA-News, Ferghananews сайтлари ҳануз ёпиқ қолмоқда.

CA-News ахборот нашри муҳаррири Самаган Айтимбетов Озодлик билан суҳбатда ҳакерлик ҳужуми ҳозир ҳам давом этаётганини айтди.

- Ҳужум оқибатида серверга йўл тўсилиб қолди, ҳужум шу қадар кучли бўлдики, ҳатто бизга хизмат қиладиган Қирғизистондаги Интернет провайдер ҳам бундан жабр кўрди. Ҳозир сайтимиз фаолиятини аста-секин тиклашга ҳаракат қиляпмиз, - дейди Самаган Айтимбетов.

Мазкур сайтларга ҳакерлик ҳужуми қайси давлат ҳудудидан амалга оширилгани маълум эмас.

Ferghananews сайти бош муҳарири Даниил Кислов ўз саҳифасига DDoS-ҳужуми ким тарафидан амалга оширилганини билмаслиги ва буни аниқлаш ҳам мушкул эканини айтади.

- Бир нарсани биламан, Uzmetronom, CA-News ва бизни Ferghananews нашрига ҳужум қилишяпти. Бизга бу иккинчи ҳужум ва бу сафаргиси энг кучлиси бўлди, сайтизм ҳали ҳам ўзига келолмаяпти, - дейди Ferghananews сайти бош муҳаррири Даниил Кислов.

CA-News ахборот нашри муҳаррири Самаган Айтимбетов айнан Ўзбекистон ҳақида хабар берувчи сайтлар ҳакерлик ҳужумига учрашгани инобатга олинса, бу ишнинг ортида ким турганини тахмин қилиш мумкин, деб ҳисоблайди.

- Бу Гулнора Каримова атрофидаги можаро ва Интернетда Ўзбекистонда бўлаётган ҳодисаларга қизиқиш ортгани билан боғлиқ, деб фараз қилаяпмиз. Ўзбекистондаги ҳукуматни танқид қилувчи шарҳлар кўпайиб кетди. Бизнингча, бу Ўзбекистон махсус ҳизматлари ёки шу мазмундаги ахборот интернет нашрларида кетишини хоҳламаган гуруҳларни иши бўлиши мумкин. Гулнора Каримова машмашаси бошланиши билан сайтмизга кирувчилар сони айнан Ўзбекистондан кирувчилар ҳисобига ошиб кетди ва ойига 250 мингни ташкил қилаётган эди, - дейди Айтимбетов.

Ўзбекистон ичкарисидан туриб мамлакатдаги ҳодисаларни ёритиб келаётган Uzmetronom сайти ҳам ҳакерлик ҳужуми ортидан ёпиқ қолмоқда.

Сайт бош мухаррири Сергей Ежков ўз саҳифаси 14 ноябр куни DDoS ҳужумига учраганини айтди.

- Секундига бир ярим миллион запросни ташкил этувчи DDoS ҳужуми уюштирилди бизга. Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистонга хабар берувчи сайтларга қилинган бу ҳужум ҳақида нима дейишим мумкин, афтидан ахборот оқимини бир вақтнинг ўзида тўхтатиш имконларини синаб кўришяпти..., - деди фикрини охирига қадар очиқлашдан тийилган мустақил журналист Сергей Ежков.

Шу йил июлида Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси расмий огоҳлантириши ортидан Uzmetronom сайти қисқа муддатга фаолиятини тўхтатган эди ва кўп ўтмай қайта иш бошлаган эди.

Айни пайтда Ўзбекистондаги ҳукумат нашри бўлган "Халқ сўзи” газетасининг сайти ҳам ҳакерлик ҳужумига учрагани хабар қилинди. Сешанба кунги ҳужум оқибатида газета сайти бир муддат ишламай қолган.

Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, “Халқ сўзи” газетасига ҳужум бангладешлик ҳакерларнинг Bd Grey Hat Hackers номли гуруҳи томонидан амалга оширилган.

Бу ҳакерларнинг Бангладешдан туриб Ўзбекистондаги ҳукумат газетаси сайтига нима мақсадда ҳужум қилгани номаълум.

“Халқ сўзи” таҳририятидагилар газета сайтида сешанба куни “техник муаммо” юзага келганини тасдиқлади, лекин ҳакерлик ҳужуми бўлганини рад этди.

- Ҳеч қандай ҳакерлар ҳужум қилгани йўқ. Кеча сайтимизнинг базаси турган процессори қандайдир ёниб кетиб, кеча озгина ишламаган эди. Ҳозир сайтимиз ишлаяпти, - деди “Халқ сўзи” газетасининг исмини айтмаган веб-муҳаррири.

Ўз исми сир қолишини истаган ўзбекистонлик компютер хавфсизлиги соҳаси мутахассисининг айтишича, DDoS ҳужуминии амалга ошириш ҳозирги даврда қийин эмас.

- Дунё бўйича кенг кўламли DDoS ҳужумини уюштириш кучига эга бўлган махсус тармоқларга эга виртуал гуруҳлар кўп эмас, аслида. Асосан Хитой, Россия, Канадада шундай гуруҳлар бор. Билишимча, улар буюртма асосида маълум бир тўлов эвазига қилишади бундай ҳужумни. Энг кичик DDoS ҳужумини уюштириш учун буюртма нархи 80 доллар туради, - дейди мутахассис.
XS
SM
MD
LG