Линклар

Жиззах вилояти Зомин туманига 2009 йилдан бери ҳокимлик қилиб келган 50 яшар Азимов Ускан Бўрибоевич 15 ноябрь куни Жиззах вилояти прокуратураси санкцияси билан ҳибсга олинди. Озодлик манбасининг аниқлашича, ҳоким фермерларни пахта ва дон маҳсулотларини қўшиб ëзишга мажбурлаганлик ҳамда коррупцияга оид жиноятларда айбланмоқда.


Жиззах вилояти Зомин тумани ҳокими Ускан Азимов коррупцияга оид бир қатор жиноятларда айбланиб ҳибсга олинди.

Озодлик манбасига кўра, ҳоким туманнинг давлат идораларидаги лавозимларни пора эвазига сотиш, фермерларни пахта ва дон маҳсулотлари режаси бўйича ҳисоботларда қўшиб ëзишга мажбурлаш ҳамда коррупцияга оид бир қатор жиноятларда айбланмоқда.

- Ўз мансабидан фойдаланиб бойлик орттириш айби билан 15 ноябрь куни кўчада ҳибсга олинди, - деди Зомин туман ҳокимлигидаги Озодлик манбаси.

Ускан Азимовни ҳибсга олиш жараëнидан воқиф бўлган зоминлик фермер Алиқул Саримсоқовнинг Озодликка айтишича, собиқ ҳоким бир чўпондан порага қўй олаëтганида Миллий хавфсизлик хизмати зобитлари тарафидан қўлга олинган.

- Зомин туманидаги “Равотсой” фермер хўжалиги чўпонидан аввалига икки қўйни порага олган. Кейин яна бир қўй сўраган. Иккинчи қўйни олаëтган пайтда уни СНБ қўлга олган, - дея иддао қилди суҳбатдош.

Терговга яқин манбанинг айтишича Ускан Азимовнинг фермер Турдиалиев Назирдан қўйни порага олгани¸исбот далиллари билан ҳужжатлаштирилган.

Озодлик манбаларига кўра, собиқ ҳоким Жиззах шаҳри ИИБнинг вақтинчалик тергов изоляторида сақланмоқда.

Терговга яқин манбаларнинг Озодликка билдиришича, собиқ ҳоким Ускан Азимов тумандаги ташкилотлар, кичик тадбиркор ва фермерларни “Қизил ярим ой” жамиятига пул ўтказишга мажбурлаганликда ҳам айбланмоқда.

Терговчилар иддаосича, бу халқаро ташкилотнинг Зомин тумани бўлимига жойлаштирилган Азимовнинг яқинлари жорий қилган товламачилик схемаси бўйича жамиятга ўтказилган пул пировардида ҳокимга қарашли чўнтакка бориб тушган.

Шу билан бирга Ускан Азимовнинг Зомин туманини туристик марказга айлантириш учун республика бюджетидан ажратилган пулларни ўзлаштиришда айбланаётгани ҳам айтилмоқда.

Собиқ ҳоким асос солган коррупцион схемани фош қилишга уринган ҳуқуқшунос Шуҳрат Рустамовнинг иддаосича¸ амалдор Зомин туманига элтувчи асфальт йўли энини бир метрга қисқартириш ҳисобига ҳам катта миқдордаги маблағни ўзлаштирган.

Терговга яқин манбаларнинг Озодликка билдиришича, собиқ ҳоким Ускан Азимов унга қўйилган айбловларга иқрор бўлган.

- Яқинда ишни судга оширамиз, ҳозирча бошқа тафсилотлар тергов сири, - деди Озодлик суҳбатлашган манба.

Зоминлик фермер Алиқул Саримсоқов Озодлик билан суҳбатда бу янгиликдан қувонганини яширмади.

- Қувонмай бўладими?! Шу киши ҳоким бўлгандан бери менинг бирим икки бўлмади. Нафақат мен, балки Зомин табиати ҳам ундан қутулди. У Зомин халқи сув ичадиган омборга балиқ ташлаб¸ уларни кимёвий озуқалар билан боқиб, халқнинг соғлигига катта зарар етказган, - деб даъво қилди зоминлик фермер.

Озодлик тасарруфидаги норасмий маълумотларга кўра, аслида Зомин ҳокими фермерларга зулм қилгани учун эмас, балки туман прокурори Олим Солиев ва туман ИИБ бўлими бошлиғи Эркин Ҳусановлар билан келишмагани боис ҳибсга олинган бўлиши ҳам мумкин.

Озодлик билан суҳбатлашган оддий зоминликлар Ускан Азимовнинг прокурор ва милиция бошлиғи билан кўчада даҳанаки жанг қилганига бир неча марта гувоҳ бўлганини айтишди.

Зоминлик фермерлар иддаосича, олдин Андижонда ишлаган прокурор давлат режаси асосида пахта экилиши керак бўлган майдонга шоли эктириб, ҳосилини уйига ташиган.

Айни пайтда бундай "бизнес" билан туман ИИБ бошлиғининг шуғуллангани ҳам иддао қилинмоқда.

Маҳаллий фермерлар тахминича, ноқонуний экилган шолидан келадиган даромад тақсимоти устидаги жанжал туман ҳокимининг қамалиши асл сабаби бўлиши мумкин.

Шу тариқа, ҳозир ҳибсда қолаётган Зомин тумани ҳокимининг вазифасини муқаддам шу ҳокимликда ишлаган Алишер Абдуғаниев вақтинча бажараётгани айтилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG