Линклар

Қозоғистондаги олий ўқув юртларида намоз ўқийдиган талабалар рўйхати тузилмоқда. Ёшларнинг турли диний оқимларга берилиб кетиши ва Суриядаги "жиҳод майдон"ларига кетиб қолиши олдини олиш учун шундай амалга қўл урилгани айтилмоқда.

Олмаота шаҳридаги Қозоғистон Миллий техника университетининг исми сир қолишини истаган талабаларидан бири намоз ўқийдиган талабаларнинг рўйхатини тузиш ўтган ҳафта бошланганини айтади.

– Мен ҳам намоз ўқийман. Ўтган ҳафта университет ётоқхонасига ҳар бир факультет деканатидан одамлар келиб, намоз ўқийдиганларнинг рўйхатини тузиб кетишди. “Оилангда ким намоз ўқийди, қачондан буён ўқийсан, университетда ўқишни бошлаганингдан олдин ҳам намоз ўқиганмисан?" ва ҳоказо, шунга ўхшаш саволлар билан бизни сўроққа тутишди, - дейди қозоғистонлик талаба.

Рўйхат тузувчилар яқин кунларда имомлар ҳам университетга келиб, номозхон талабалар учун Суриядаги вазият ҳақида лекция ўқишни бошлашини айтишган.

Шунингдек, уларни Сурияга бормаслик ҳақида огоҳлантиришган.

Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон Миллий университетнинг исмини айтмаган талабаси ҳам ўтган ҳафта унинг номи намозхон талабалар рўйхатига киритилганини айтади.

- Ислом дини қоидалари асосида мен ҳам намоз ўқийман. Бунинг нимаси ёмон?! Ҳозир намоз ўқийдиганларнинг рўйхатини тузишяпти, менимча бу билан талабаларнинг ҳуқуқларини топташаяпти, - деди университет талабаси.

Олмаота шаҳридаги Қозоғистон Аграр университети талабаси Жаннатнинг айтишича, рўйхат тузувчилар ўтган ҳафта уларнинг ётоқхонасига ҳам борган.

- Мен намоз ўқимайман. Лекин қўшни хонадагилар ўқишади. Уларни рўйхатга олиб кетишди, бу рўйхат нима учун тузилаётганини айтишмади, - деди Жаннат.

Озодлик мухбири рўйхат нима учун тузилаётганини билиш учун рўйхат тузувчилардан бири билан ҳам суҳбатлашди.

- Раҳбариятимиз рўйхатини туз деди, шуни қиляпмиз. Сабабини ўзим ҳам билмайман, - деди рўйхатини тузиш ишига жалб этилган университет ходимларидан бири.

Қозоғистонлик юрист Қайсар Қантарбаев талабаларни диний эътиқодига қараб рўйхатга олиш мамлакат қонунчилигига ҳилоф эканини айтади.

- Қозоғистон конституциясида дин эркинлиги, ҳар ким ўзи хоҳлаган динга эътиқод қилиши ҳақида аниқ айтилган. Бу қонунларимизга мутлақо зид амалдир, - дейди Қанатбаев.

Аммо, айни университет доценти Нурлан Носиров талабалар рўйхатини тузишни оқлади ва буни эҳтиёткорлик чораси, деб билишини айтади.

- Ёшларимиз Сурияга кетганлар ишини такрорламаслиги учун уларни диннинг қайси йўналишида намоз ўқишини билишимиз керак. Уларга тўғри диний таълим беришни ҳам йўлга қўймоқчимиз, - дейди Носиров.

Ўтган ой Интернетдаги Youtube порталига қўйилган Сурияга жанг қилиш учун бориб қолган қозоғистонлик мужоҳидлар ҳақидаги видео шов-шувга сабаб бўлган эди.

Қозоғистон расмийлари Суриядаги жанг майдонларида ҳозир юздан зиёд қозоғистонлик жанг қилаётганини тасдиқлаган.

Ҳозир Қозоғистон хавфсизлик хизматлари уларнинг яқинлари билан ҳамкорликда Сурияга кетган қозоғистонликларни ортга қайтаришга ҳаракат қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG