Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:00

Жиззахлик талабаларга яна "металл солиғи" солинди


Ҳар йили мактаб ўқувчилари ҳам металлолом йиғишга мажбурланади.
Ҳар йили мактаб ўқувчилари ҳам металлолом йиғишга мажбурланади.
Яқинда пахтадан қайтган Жиззах Педагогика институти талабаларига энди темир-терсак “солиғи” солинди. Институтнинг ҳар бир талабасидан металлолом учун мажбурий равишда 20 минг сўмдан пул йиғилмоқда.


Жиззах Педагогика институтининг талабалари номидан Озодликка боғланган талабага кўра, курсдошлари темир-терсак учун мажбурий равишда пул йиғилаётганидан норози бўлишаяпти.

- Институтимизда талабалар учун жуда катта муаммо бор. Пул йиғиш муаммоси, металлолом бўйича. Менимча талабаларга мумкин эмас. Ёзда июнь ойида ҳам пул йиғилган эди. Сессия ёпилаётган пайти 32 минг сўмдан пул йиғилган эди. Ҳозир энди пахтадан кейин стипендия олиш даврига тақаб, 20 минг сўмдан пул йиғиб берасизлар, деяпти. Изоҳ сўрасак, мажбурсизлар, деган гап қилишди. Йиғилган пулга металлолом сотиб олишармиш, - дейди исмини очиқламасликни сўраган талаба йигит.

Унинг айтишича, темир-терсак учун пул бермаган талабалар сессия пайти имтиҳонлардан ўтказилмайди.

- Ҳозир пул бермасак зачётларимизни қўйиб беришмайди. Очиқчасига айтишади. Ремонтга шунча пул, суғуртага бунча пул, металлолом учун мана бунча пул берасан, деб. Кейин зачётинг ёпилади, дейишади. Ҳозир амаллаб пул бермасдан қолишингиз мумкин. Лекин февраль ойига бориб барибир мажбурий равишда икки ҳисса қилиб олишади, - дейди талаба йигит.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Жиззах Педагогика институтида ўқийдиган 6000 талабанинг ҳар биридан 20 минг сўмдан йиғилган пул ҳисоб-китоб қилинса, 120 миллион сўмлик катта суммага айланади.

Озодлик мухбири Жиззах Педагогика институтининг битирувчи курсларидан бири раҳбари билан боғланди.

У курсидаги талабалардан пул мажбурий равигда йиғилаётганини инкор қилиб, барча талабалар ўз хоҳиши бўйича темир-терсак йиғаётганини айтди.

- Бу ерда пул йиғиш деган гап йўқ. Барча талабалар уйидан олиб келаяпти. Айрим талабалар металлолом йиғишга эринади. Шулар эртага ҳамма топшириб бўлгач, пул кўтариб келади. Мустақил ватанимизнинг ҳар бир фуқароси давлатимиз учун қора металл йиғиб беришга бурчли. Шу жумладан, талабалар ҳам, - дейди институт ўқитувчиларидан бири.

Институт раҳбариятининг темир-терсак йиғиш бўйича масъулларидан бири бу борада Жиззах вилоят ҳокимлигидан махсус буйруқ борлигини таъкидлади.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Жиззах вилоят ҳокимлигининг масъули вилоятдаги барча ташкилотлар, жумладан, Жиззах вилоят институтига ҳам темир-терсак солиғи солинганини тасдиқлади.

- Ўзбекистон Республикаси президентининг 2013 йил 3 апрелдаги "2013 йилда металлолом жамғариш баланси, қора металл прокатини ишлаб чиқариш, ундан фойдаланиш тўғрисидаги 40/37-сонли фармойиши"га кўра, барча ташкилотларга темир-терсак йиғиш мажбурияти топширилган, - деди вилоят ҳокимлиги вакили.

Президент фармойишидан келиб чиқиб, мамлакатдаги барча институт, коллеж, лицей ва мактаблардан металлолом топшириш мажбуриятини бажариш талаб қилинади.

Шунингдек, қора метал чиқиндиларини йиғиб топшириш мажбурияти тиббиёт ходимлари, корхоналар ва фермер хўжаликлари зиммасига ҳам юклатилган.
XS
SM
MD
LG