Линклар

Сешанба куни Мисрда хавфсизлик кучлари ходимлари Қоҳирадаги Таҳрир майдонига йиғилган намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўллади.

Намойишчилар мамлакатдаги ҳарбий ҳукмронликка қарши чиққан 42 нафар одам нобуд бўлганининг икки йиллиги муносабати билан норозилик тадбирлари ўтказаётгандилар. Улар шу йилнинг июль ойида исломий қарашдаги президент Муҳаммад Мурсийнинг ҳарбийлар томонидан ҳокимиятдан четлаштирилишига ҳам норозилик билдирмоқдалар.

Маълумотларга кўра, сешанба куни Мурсий тарафдорлари ва унга қарши бўлган кишилар ўртасида тўқнашув бошланган пайтда орага полиция тушишга мажбур бўлган. Тўқнашув чоғида камида 12 киши жароҳат олгани айтилмоқда.

Мисрда фуқароларнинг норозилик намойишлари душанба кунидан бери ўтказилмоқда. Ўша куни кечқурун Қоҳирадаги Таҳрир майдонида бир неча соат муқаддам мамлакат бош вазири Ҳазем ал-Беблавий томонидан очилган ёдгорлик турли ёзувлар билан булғанган.

Мазкур ёдгорлик президент Ҳусни Муборак истеъфосига олиб келган Мисрдаги инқилобий ҳодисалар чоғида нобуд бўлганлар хотирасига ўрнатилганди.
XS
SM
MD
LG