Линклар

Пора эвазига ходимларни пахтадан озод қилган бош шифокор ишдан олинди


Самарқанд вилоятининг Ургут туманида жойлашган “Боғи Усмон” шифохонаси бош врачи Фармон Азимов пора эвазига ўз ходимларини пахта теримидан озод қилгани учун ишдан олинди.

Uznews.net нашрининг хабар қилишича, тиббиёт ходимларини пахтага олиб чиқиш масаласини назорат қилган Азимов далага чиқишни истамаган ходимлардан 200 минг сўмдан пул олган.

Бу маблағни беролмаган шифохона ходимлари Пастдарғом туманидаги Хонқишлоқ фермер хўжалигида 15 кунлаб пахта теришга мажбур бўлганлар. Уларга кунига 60 килограммдан пахта териб бериш мажбурияти юкланган.

Исми зикр этилмаган самарқандлик ҳуқуқ фаоли фикрича, Фармон Азимов пора эвазига ходимларини пахтадан озод қилгани ҳақида мустақил нашр ёзгани учунгина ишдан бўшатилган, ваҳоланки, бундай ҳолатлар бутун мамлакат бўйлаб кўплаб топилади.

“Агар бу мантиқдан келиб чиқилса, одамларни пахтага ҳайдаётган ва бутун мамлакатдан пора шилаётган президент ва ҳукуматни ишдан бўшатиш керак”, дея иқтибос келтиради маҳаллий ҳуқуқ фаоли сўзларидан Uznews.net нашри.
XS
SM
MD
LG