Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:25

Бурқсиётган тутун: экология ҳимоячиларининг кўзи қаерда?


Тошкент шаҳрида ёқилаётган хазон уюмларидан бири, 2013 йилнинг 19 ноябри.
Тошкент шаҳрида ёқилаётган хазон уюмларидан бири, 2013 йилнинг 19 ноябри.
Куз оёқлаганида Тошкент кўчаларида хазонёқарлик авжига чиқади, гўё маҳаллалар бу борада мусобақада киришгандек. Ҳали у, ҳали бу кўчада осмонга ўрлаган қора тутунни кўрасиз. Кўрасиз-у, ҳойнаҳой, мусобақа ғолибига каттагина ганак тикилган бўлса керак, деган хаёлга борасиз.

Кўп қаватли уйлар олдида уюм-уюм хазон тоғлари қўр тўкиб турибди. Ахлатларни олиб кетишга масъул “Махсустранс” ширкати уларни ташишга улгурмайдиям.

Ана шунда ишбилги маҳалладошлардан бири масалани узил-кесил ҳал қилади-қўяди: уюмга ўт қўйворади. Шу-унча хазонни сақлаб ўтириш кимга зарил?! Қолаверса, чапдаст хазонёқарнинг мушугини пишт дейдиган мард бор эканми?!

Баъзида эса эринчоқ “махсустрансчи”нинг ўзи азза-базза хазон тоғига гугурт чақиб юборади. Ким кўриб ўтирибди?! Жуда дўппи тор келса, сигарет қолдиғи “бехос” тушиб кетгани тушунтирилар!

Эрталаб ишга отлансангиз, чошгоҳда дўконга йўл олсангиз, кечқурун сайрга чиқсангиз... кўчада ўпкангизни тешиб юборгудек бадбўй ҳид қарши олади!

Кексалар димоқни ёрувчи заҳарли исдан базўр нафас олади. Болалар безовта ўқчийди. Аллергияси борларнинг эса ҳолига маймунлар йиғлайди.

Хазонга ўт қўйилиши натижасида занжирдан бўшатилган йиртқичлардек заҳарли моддалар атроф-муҳитга тарқалади. Эшикни ёпсангиз, тешикдан бостириб киради бадбўй ис. Сурбет, қип-қизил сурбет!

“Хазон ёқиш натижасида қатор касалликлар қалқиб чиқади, бу ҳатто инсон наслига салбий таъсир қилади” – бонг уради тиббиётчилар.

“Ҳазир бўлинглар, ҳаётингизга хатар туғдирувчи машъум хасталиклар урчийди, хазонёқарлик – кони зарар” – ақл ўргатади мутахассислар.

Аммо эшитиш неъматидан бебаҳра мардумнинг қулоғига танбур чертгандек уринишлар жилла наф бермайди. Бари бефойда!

“Бунга одамларнинг ўзи айбдор” дейсизми? Бўлса бордир. Лекин айбни одамларга тўнкашдан осони йўқ-да. “Одамлар” – жуда мавҳум тоифа, тутқич бермас гуруҳ.

Борингки, одамларнинг маданий савияси у қадар баланд эмасдир. Қулоғидан чўзиб қўймагунча, хазон ёқишнинг зарарини тушуниб етмас.

Аммо табиатни муҳофаза қилишга масъул бўлган мутахассислар қаерга қараяпти? Солиқ тўловчилар ҳисобидан ойлик олаётган экологиячилар нега маошини ҳалолламаяпти?

Автомобил бошқариш учун “экология қоғози”нгиз йўқ бўлса, отнинг калласидек жарима солишади. Ажабо, машинанинг ингичка ичакдек қувуридан чиқаётган сийрак тутунни сезган ҳушёр экология муҳофизлари шаҳарнинг тўрт томонида бурқсиётган хазон гулханларини наҳот кўрмаяптилар?

Ибн Гулханий
XS
SM
MD
LG