Линклар

Шоира Ҳалима Аҳмедова Лондондаги адабиëт фестивали совринини олди


Шоира Ҳалима Аҳмедова

Шоира Ҳалима Аҳмедова

Ўзбек шоираси Ҳалима Аҳмедова Лондонда ўтказилган “Марказий Осиë китоб форуми ва адабиëти фестивали”нинг (Open Central Asia Book Forum and Literature Festival) “Адабий асар” номинациясидаги мукофотни олди.

Фестиваль ташкилочиларидан бири Рашид Шадатнинг Озодликка айтишича Ҳалима Аҳмедованинг “Яшил” шеъри фестиваль ҳакамлари тарафидан “Адабий асар” номинациясидаги мукофотга лойиқ, деб топилган.

Озодлик билан суҳбатда Ҳалима Аҳмедова Лондондаги фестивалда мукофотлангани ўзи учун кутилмаган воқеа бўлганини айтди:


- Мен Лондондаги фестивалдан таклифнома олдим, аммо турмуш ташвишлари боис, бу тадбирга бора олмадим. Бу фестивалда мен ëзган асарнинг қатнашгани ҳам тасодифий бўлди. Касалхонада ëтганимда “Яшил” деган шеърни ëзган эдим. Анча узун шеър. Аъзам Обид деган шеърсевар укамиз бор. Касалхонага мени кўришга келганида бу укамиз шеърни олиб ўқиди. Яхши шеър экан, фестивалга юбораман, деди. Мен аҳамият ҳам бермадим. Кеча Лондондан телефон қилиб, сиз мукофот олдингиз, дейишди. Севиндим албатта. Шу пайтгача мукофот олмаган эдим, дейди шоира.

Ҳалима Аҳмедовадан Лондонда соврин олган шеърингиз нима ҳақда, деб сўрадик.

- Ўзимнинг руҳий ҳолатим ҳақида ëзувдим. Мана бунақа бошланади:

Эй, қайғу билан бахтни яраштиргувчи,
Эй, ўзимни ўзимда адаштиргувчи,
Эй, ажал кўзларини қамаштиргувчи,
Ноламга гул тиккан тонгни кўрдингми!
Кўрдингми иситмаси баланд шафақни?..

Шундай бошланади. Анча узун. Достонча деса ҳам бўлади. Буни “Яшил” деб атаганим сабабини айтсам, мен ўз ички ҳолатимни яшил, деб биламан. Рангдан каттароқ маънода. Яшил ичида яшайман. Компьютер ва Интернетдан жуда узоқман, ўзим билан ўзимман, дейди Шоира..



Фестивал ташкилочиларидан бири, Лондондаги ОрзуArt Ўзбек театри раҳбари Рашид Шадатнинг Озодликка айтишича, дунëдан узилиб ижод қилаëтган Ҳалима Аҳмедова мисраларидаги бокира туйғулар Британиядаги поэзия иҳлосмандларига маъқул бўлган.

Ҳалима Аҳмедова 1960 йили Навоий вилояти Қизилтепа тумани Пўлоти қишлоғида туғилган.

1988-1990 йиллари Москвадаги Олий адабиёт курсида таҳсил олган. 1990-1991 йиллари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги адабиёт жамғармасида, 1994-1998 йиллари “Тонг юлдузи” газетасида ишлаган. Шоираниг “Кузимнинг тили” (1986), “Тунги марваридгуллар” (1987), “Эрк дарчаси” (1996), “Тийрамоҳ” (2005), “Афсун” (2007), “Умид сояси” (2008) “Ëсуман гулининг сояси” (2013) китоблари нашр этилган.

Ҳалима Аҳмедова шеърлари илк марта халқаро анжуманга тақдим қилинди.

“Марказий Осиë китоб форуми ва адабиëти фестивали" ташкилотчиларининг Озодликка айтишича, фестиваль танловига дунëнинг 20 мамлакатида ижод қиладиган 168 ëзувчиларнинг асарлари юборилган.

Бир ҳафта давом этган фестиваль доирасида адабиëт масалалари муҳокама қилинган 12 тадбир уюштирилгани айтилди.

Шунингдек, бу тадбирларда дунëнинг 8 мамлакатидан таклиф қилинган адабиëтчилар маърузаси тингланган.

Лондондаги тадбирларда қатнашган ўзбекистонлик икки ëзуви Ҳамид Исмойил ва Эркин Аъзамларнинг Ўзбекистондаги постмодерн адабиëт ҳақидаги маърузалари фестиваль қатнашчилари қизиқишини уйғотди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG