Линклар

logo-print

"Ўздунробита" қарздорларининг учқичга чиқарилмаëтгани юзасидан раддия берилди


18 декабрь куни ўз расмий сайтида¸ фақат рус тилида раддия эълон қилган миллий авиакомпания¸ дастлаб Озодликда эълон қилиниб¸ сўнгра кўплаб ахборот нашрларида қайта босилган мазкур хабарга раддия беришга уринди.

20 ноябрь куни Озодлик радиоси Хўжалик суди қарори билан мол-мулки давлат ҳисобига мусодара қилинган МТС нинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси - "Ўздунробита" дан қарзи бўлган фуқароларнинг хорижга учувчи учқичларга қўйилмаëтгани¸ айни пайтда¸ айрим халқаро аэропортларда коммунал хизматлардан қарзи борлар ҳам учқичга чиқарилмаëтгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Ўзбекистондаги беш халқаро аэропорт расмийларига асосланиб берилган бу хабарда¸ "Ўздунробита" қарздорларини хорижга учувчи самолëтларга чиқарилмаслик ҳақида суд қарори мавжудлиги ва аэропорт ходимлари бу қарорни ижро этишга мажбур экани айтилган эди.

"Бу хабарни тарқатган журналистларнинг профессионал даражасини савол остига олган Ўзбекистон ҳаво йўллари мутасаддилари" айни пайтда¸ Ўзбекистон қонунчилигида¸ қарздорларни хорижга чиқармаслик тўғрисида тегишли актлар мавжудлиги ва унга кўра¸ қарздор шахсларни учқичга чиқармаслик ҳолатлари мавжудлигини билвосита тан олади.

Озодлик хабарида "Ўздунробита" қарздорларининг айнан суд ҳукми билан рейсга чиқарилмаëтгани таъкидланганига қарамай¸ Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпанияси ўз баëнотида¸ аэропортларнинг бундай амалиëтни ижро этаëтганини рад этишга уринди.

Маълумотнинг айнан аэропорт расмийларидан чиққанига қарамай¸ уни "миш-миш" деб атаган миллий авиакомпания¸ Ўзбекистон фуқароларини бундай "асоссиз" гапларга ишониб¸ беҳуда хавотирга тушмасликка чақиради.

Айни пайтда¸ ўз тарихида Озодлик мурожаатларига деярли бирор марта жавоб қайтармай келаëтган "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси журналистларни фақат реал фактларга асосланган ҳолда тарқатишга даъват қилади.

*******************************************************************

Қуйида Озодликда 20 ноябрь куни эълон қилинган мақола ўзгаришсиз тақдим этилмоқда:

Ўзбекистондаги халқаро мақомга эга аэропортлар бутун мол-мулки давлат фойдасига мусодара этилган “Ўздунробита” – МТС ширкатидан қарзи борларни мамлакат ҳудудидан ташқарига чиқармаслик ҳақидаги суд ҳукмини ижро этишга киришди. Айни пайтда¸ Россия ҳудудида қарзи борлар ҳам Ўзбекистон аэропортларидан чиқа олмаëтир.

Бу маълумотни Озодлик мухбири билан суҳбатда Тошкент¸ Самарқанд¸ Навоий¸ Бухоро ва Қарши аэропортлари расмийлари тасдиқладилар.

Россияда қарзи борлар рейсга қўйилмайди

Озодлик мухбири суҳбатлашган Ўзбекистондаги беш халқаро аэропорт расмийларининг айтишича¸ Россия ҳудудида коммунал ва телефон хизматлари учун қарзи борлар¸ у ëки бу қонунбузарлик учун жаримага тортилиб¸ уни тўламаган Ўзбекистон фуқаролари Россияга учувчи учқичларга қўйилмаëтир:

- Ленинградга борасизми, Москвага борасизми, қарздорлигингиз бўлса киргизмаяпти¸ тамом. Телефонданми, фирмаданми, нарушение қилган бўлсангиз, 10 рублми¸ 1000 рублми фарқи йўқ¸ пулини тўламай кетган бўлсангиз, компютерга солиб сизни депорт қилиб юбораяпти ўша ëқнинг ўзидан. Дунëнинг одами ҳозир Россиядан депорт бўлиб қайтиб келаяпти!

Бу ердан ҳам самолëтга чиқармаяпти. Москвадан депорт бўлса¸ бизда отказ қилиб ташлайди. Ўчириб ташлаяпти фамилиясини. Билет оласиз, лекин регистрация пайти фaмилиянгиз бўлса, учмайсиз. Сизга билет сотган компания Россиядан аниқлаб¸ Ўзбекистон чегара хизматига аниқлаб беради то сиз учаман дегунгизча. Мана ҳозир авиакомпанияга борасиз, билет оласиз, билинмайди. Аэропортга келиб учаман деган пайтингиз, компютерга регистрация қиласизку кетаман деб, чегарада аэропорт ходимларига билинади. Қарздорлик бўлса, қайтариб юборади; қарздорлик бўлмаса, ўтиб кетади¸ деди Қарши аэропорти ходими.

Давлат “Ўздунробита”дан қарзи борларни судга берди - қарздорлар хорижга чиқарилмайди

Ўзбекистондаги халқаро аэропортлардан бири мутасаддиси Озодлик билан суҳбат давомида Россиядан қарзи борлар Россияга учирилмаëтгани баробарида¸ 2012 йилда синдирилган “Ўздунробита” – МТС-Ўзбекистон мобил алоқа операторидан қарзи борлар умуман хорижга чиқарилмаëтганини маълум қилди:

-Телефон ишлатган бўлса олдин ва “Ўздунробита”дан қарзи бўлса агар, ҳақиқатан киргизиб қўйибди чегарачиларга “Чиқарманг!” деб. Олдин Робита ишлатиб, қарзи борларни чиқармаяпти. МТС йўқ бўлса ҳам, унинг мулки давлатга ўтди¸ йўқ бўлмайдику давлатнинг пули. Судга бериб¸ қарор чиқартириб қўйибди.

Мана биттаси 6000 қарзи бор экан “Ўздунробита”дан. Чиқармади. Хабари ҳам йўқ экан бечоранинг қарзи борлигидан. Рейсдан қолди. Энди судга боради. Судда ўша 6000 пулини тўлайди. Суд ечади. Компютерга кетади Тошкентга. Камида 20 кун ўтади¸ кейин чиқиб кетаверади. Кимнинг қарзи бўлса, исми-фамилиясини киргизиб қўйибди. Бу давлатнинг пули. Неча минг одам “Ўздунробита” ишлатган (10 миллион – таҳририят)¸ уларнинг қарзини кечиб юбормайдику. Тийинигача ҳисоб-китоб қилиб олади энди давлат.

Бундан хабар топганимизга 20 кунча бўлди. Ҳеч қаерда бу ҳақда эълон ëки ахборот йўқ. Одамлар учаман деб чегарага кирган пайтда қарзи бўлса, “Сиз учолмайсиз. Боринг, сизнинг қарзларингиз бор” деб қайтараяпти¸ деган аэропорт ходими “Ўздунробита” қарзини ундиришнинг бутун Ўзбекистон ҳудудида жорий этилганини қўшимча қилди.

Уч марта кимошди савдосига қўйилиб, харидор топилмаган МТС-Ўзбекистон (Ўздунробита) нинг 14 та вилоят филиалларидаги жами 1,07 триллион сўм (тахминан 510 миллион АҚШ доллари)лик мол-мулки жорий йилнинг 12 август куни суд ҳукми билан давлат тассаруфига ўтказилган эди.

Ўзбекистон расмийлари 2012 йил июлида “Ўздунробита”ни қатор иқтисодий жиноятларда айблаб, лицензиясини қайтариб олган ҳамда ширкатни 600 миллион доллардан зиёд моддий зарар келтирганликда айблаган эди.

Коммунал хизматлар учун қарздорлар ҳам хорижга чиқарилмайди

Оддий ўзбекистонликлардан бири йўллаган бу хабарни 20 ноябрь куни Озодлик мухбири боғланган Ўзбекистондаги беш халқаро аэропортдан фақат биттаси – Бухоро аэропорти ходимлари тасдиқладилар.

Коммунал хизматлар ва телефондан қарзи борлар Ўзбекистон ташқарисига учувчи самолëтларга қўйиладими¸ деган саволга маълумот бериш хизмати ходимаси:

- Йўқ мумкин эмас. Тўловларни тўлаб, кейин чиқасиз. Йўқ, йўқ, чунки компютерга солинган бу нарса. Сизнинг қарзларингиз бўлади. Шунинг учун қўймайди кейин аэропорт. Компютерда турасиз. Ҳамма қарзларингизни тўлайсиз. Газдан бўлса, газга, светдан бўлса, светга тўлайсиз. Кейин бемалол чиқиб кетаверасиз¸ оқ йўл¸ деб жавоб берди.

Коммунал хизматлардан қарзи борларни учқичга чиқармаслик ҳақида бирор расмий ҳужжат мавжудми қўлингизда¸ деган саволга жавоб берган аэропорт ходимаси¸ бундай сўровнинг тегишли идоралардан¸ тегишли қонунлар асосида аэропортга юборилишини пўписа қилишдан нарига ўта олмади:

- Керакли жойдан келади-да. Қаердан келиши керак бўлса, ўша жойдан келади. Маҳалла предупреждат қилади сизни. Предупреждат қилмасдан сиз қарзларингизни тўлашингиз керак. Газдан қанча қарзингиз бор, счëтчикдан қаранг, қанчадан бери тўламагансиз, бориб тўланг. Ҳамма нарсани нол қилиб кетинг. Квартплата ширкатга тўланг. Бир йиллик пулингизни тўланг ширкатга. Қарзингиз бўлмаслиги керак уй пулларидан. Бу нарсани аэропортдагилар ўзича киритмайди¸ қонун бор¸ Ўзбекистон Республикасида чиққан қонун бу. Қайси модда эканлигини энди қонунчилардан сўранг. Нотариусдан сўранг, ОВИРдан сўранг¸ деди Бухоро халқаро аэропорти масъул ходими.

Айни пайтда¸ Озодлик мухбири суҳбатлашган Тошкент¸ Самарқанд¸ Навоий ва Қарши аэропорти расмийлари коммунал тўловлар учун қарзи бор мулк эгаларининг хориж йўналишидаги учқичларга чиқарилмаëтгани ҳақидаги хабарни инкор қилдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG