Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:17

Муборак электросеть: Лимитдан ошсак, бизга гап тегади!


Kazakhstan - North Kazakhstan's Electricity Transmission Company, Petropavlovsk, 20Nov2008
Kazakhstan - North Kazakhstan's Electricity Transmission Company, Petropavlovsk, 20Nov2008
Озодлик бошлаган янги лойиҳа — ZIMISTON-UZ блогига сўнгги уч кун ичида юзлаб мурожаат бўлди. Озодликка биринчи шикоят Қашқадарё вилоятининг Муборак туманидаги Гулистон қишлоғидан бўлди. Шикоят ортидан суриштирувдан маълум бўлишича, Муборак тумани электросетида аҳолига кундалик берилаётган электр токи ҳажмини ошириш имкони бор, аммо бунга рухсат йўқ.


Озодликнинг ZIMISTON-UZ блогига йўлланган мактубда Қашқадарё вилоятининг Муборак туманидаги Гулистон қишлоғида электр токи ва газ йўқлигидан аҳолининг йиллар давомида азият чекаётгани айтилди.

Мактубдан ўзгаришсиз олинган парчани ўқинг:

"Assalomu alaykum! O'zbekistonning Qashqadaryo viloyati, Muborak tumani, Guliston qishlog'ida 70 yaqinlashgan ota-onam bor, sovuqdan juda-juda qiynalibtilar.

Otajonim aytadilar bolam Rossiyadan itday mehnat qilgan pulingga kelib bizlardi ko'mib ket! деб оtajonim gapirib ovozsiz yig'ladilar. Bu Xudo insof bergur hukumatimizni raislari nima qilapti gaz svetdi xorijga sotib?”
деб ёзди тингловчи.

Мактуб ортидан тингловчига боғландик ва электр токининг узилиш муддати ҳамда қишлоқ манзилига оид баъзи маълумотларни аниқладик.

Маълум бўлишича, шу кунларда Муборак туманининг Сардоба фуқаролар йиғинида жойлашган Гулистон қишлоғига кунига 6-8 соатдан электр токи берилмоқда. Аммо, 20 кунча муқаддам атига 2 соатдан берилган.

- Оқсоқоллар шикоят ёзавериб-ёзавериб, кейин чироқ беришни кўпайтирганда. Олдин 2 соатгина берарди. Лекин қишлоғимиздан 15 километр нарида Муборак газ заводи бор. Қишлоғимизнинг ёнида Муборак пахта заводи бор. Заводларга светам, газам бизни қишлоқдан ўтиб боради. Лекин уларда свет бор, газ бор, бизни қишлоқда эса газам, светам йўқ. Қари отам: “Газ-свет йўқ болам, жуда қийналиб кетдик”, деб телефонда йиғладилар. Ишонасизми, ичим куйиб кетди эшитиб?! Кейин сизга боғландим, – деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда мубораклик тингловчи.

Кўринадики, Гулистон қишлоғи оқсоқоллари "ёзув-чизув" қилаверганидан сўнг қишлоққа бериладиган электр токи ҳажми оширилган. Аммо қишлоқ аҳли бунинг кўп давом этмаслигидан хавотир қилмоқда.

Шу боис, исмини очиқламаётганимиз мубораклик тингловчидан олинган бу маълумотлар асосида мухбир Муборак тумани электросетига боғланди.

250-300 атрофида хонадон бўлган Гулистон қишлоғига ўта чекланган миқдорда электр токи узатилаётганини айтган электросеть ходими кундалик лимитдан ошиш мумкинмаслигини айтди.

- Муборак туманига суткасига 130 минг киловатт ток берилади. Шу лимитдан ошсак, бизга гап тегади, - деди тумандаги электросеть навбатчиси.

Озодлик мухбири Гулистон қишлоғига берила бошлаган ортиқча ҳажмдаги электр токи манбасини сўраб, идора раҳбари Икром Бекмаматов, деб тақдим қилинган шахсга боғланди.

Аниқланишича, идора раҳбарининг 300 хонадонга чекланганидан кўпроқ ток берилаётганидан хабари йўқ экан.

Бу ҳақдаги саволга жавобан: "Бундай бўлгани йўқку, опажон?” деб савол ташлаган раҳбар, мухбир саволлар бера бошлаши билан телефонини ўчирди.

Шу тариқа, Гулистон қишлоғига 20 кундан бери қарийб 4-6 соатга узайтирилган электр токи қай асосда берилаётган очиқ қолди.

Аммо туман электросети навбатчиларидан яна бири ўзаро суҳбатда аслида тумандаги аҳоли пунктларига кундалик равишда узатилаётган электр токи ҳажмини ошириш имкони бор, аммо бунга рухсат йўқлигини айтди.

“Кунлик лимитни халққа бергандан кейин унинг пулини ҳам олишимиз керак. Кундалик равишда кирим бўлиши керак. Бизда ҳар юзта уйдан 5 таси вақтида тўлайди, қолганлари бермайдида. Шунинг учун лимит бор”, деб тушунтиришга уринди электросеть ходими.

Кейин Озодлик мухбири “Гулистонликлар қишлоқдан кўчиб кетаётгани йўқ, қарзга ток бериб турса бўлмайдими?” деган саволни берди.

“Ёқилғи муаммода. Токни ишлаб чиқаришга ёқилғи керакку! Ток учун аҳолидан олинадиган пул электростанцияларга ёқилғига бериладида", деди электросеть ходими мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

Айни пайтда бу туманда газ таъминоти электр токи таъминотидан ҳам оғирроқ аҳволда экани айтилди. Хусусан, Гулистон қишлоғи шу кунларда газдан тамомила узилган.

Хуллас, биринчи суриштирув натижаси:

ZIMISTON-UZ блогига келган шикоят ортидан қилган биринчи суриштирувимиздан сўнг электр токи таъминотига оид баъзи жиҳатлар ойдинлашди:

- Аҳоли талаб қилган ҳудудларда электр токи узилиши камайтирилмоқда.
- Электр токи узлишини камайтириш учун тўловни вақтида бериш сўралмоқда.


Аммо, баъзи саволлар пайдо бўлди:

- Аҳолидан йиғилаётган тушумлар қаерга сарф бўлаяпти?
- Ўзбекистондаги электр станциялар аҳоли эҳтиёжини қоплашга қодирми?


Тез орада бу саволларга экспертлардан олинган жавобларни ZIMISTON-UZ блогида ҳавола қиламиз.


Озодликка боғланинг!

Марҳамат, агар сиз яшаб турган маҳалла, қишлоқ, туман, шаҳарда ҳам газ ва электр токи таъминотида узилишлар бўлаётган бўлса, бизга боғланинг!

Илтимос, газ ёки электр токи узилиши қачон ва қанча муддатга, конкрет қайси манзилда содир бўлаётганини аниқ билдиринг!

Имкони бўлса, сиз яшаб турган манзил бўйича энергетик таъминотга мутасадди ташкилотларга ҳам Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган тартибда мурожаат қилиб, уларнинг жавобларини ҳам бизга йўллашга ҳаракат қилинг!

Озодлик бу йилги қиш мавсумида ушбу муаммо кўламини сиз билан бирга аниқлаш ва йилдан-йилга ўзбекистонликларнинг ҳаётини тим қоронғу зимистонга айлантираётган энергетик тақчилликдан чиқиш йўлини сиз билан бирга излашга уринади!

Озодликка боғланиш имконлари:

тел: +420 221 123 437
факс: +420 2 2112 6604
email: uzbekweb@rferl.org, ozodlikmail@gmail.com
twitter:
Skype: issakovab
WhatsApp: +420 608 549 460
XS
SM
MD
LG