Линклар

logo-print

Ўш – Эргаштом йўлини депутат Келдибеков тарафдорлари тўсиб қўйди


Жўғўрқу Кенеш депутати Акматбек Келдибеков

Жўғўрқу Кенеш депутати Акматбек Келдибеков

Қирғизистонни Хитой билан боғловчи Ўш – Эргаштом автомобиль йўли Қирғиз Республикаси Жўғўрқу Кенешининг 20 ноябрь куни ҳибсга олинган депутати Акматбек Келдибеков тарафдорлари томонидан тўсиб қўйилди.

Йўл тўсганлар Келдибековнинг ҳибсдан озод этилишини талаб қилмоқда.
Бу ҳақда Озодлик радиоси қирғиз хизматига Ўш вилояти, Олой тумани ҳокими Таалайбек Сарибашев хабар қилди.


Норозилик акцияси уюштирувчиларига кўра, Гулча қишлоғига кираверишда йўл тўсилган жойда 200 га яқин киши йиғилган, иккита бўз уй тикилган.

Норозилар депутат Келдибековни ҳимоя қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган қўмита тузгани хабар қилинди.

Келдибековни озодликка чиқариш талаби республика пойтахти Бишкекда, Ҳукумат уйи олдида шу соатларда ўтаётган акцияда ҳам илгари сурилмоқда.
Митингга чиққан 100 га яқин киши билан Қирғизистон парламенти депутатларидан бир гуруҳи учрашгани хабар қилинди.

Жўғўрқу Кенешнинг бугун тушдан кейинги мажлисида Келдибеков масаласи кўрилажаги, мажлисга республика Бош прокурори Аида Салянова чақирилгани маълум бўлди.

Депутат Келдибеков аъзоси бўлган мухолифатдаги “Ата-Журт” пратияси ўз аъзосининг ҳибсга олинганини сиёсий босим сифатида баҳолади.

Қирғиз Республикаси Жўғўрқу Кенешининг собиқ спикери, депутат Акматбек Келдибеков чоршанба куни Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси тарафидан ҳибсга олинди.

Озодлик радиосининг қирғиз хизматига кўра, мухолифатчи депутатга нисбатан хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ва давлат маблағини ўзлаштирганлик айбловлари илгари сурилган.

Айни дамда депутат Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси тергов изоляторида ушлаб турилибди.

Қирғизистон парламентининг собиқ спикери Ахматбек Келдибеков мунозараларга сабаб бўлаётган "Қумтор" олтин кони билан шартномани бекор қилиш ва "Қирғизгаз" ширкатини Россияга сотмаслик тарафдори эканини айтиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG