Линклар

logo-print

Нукусда очлик эълон қилган аёллар ҳокимиятни ëн беришга мажбур қилди


Нукуснинг Пушкин кўчасида бузилган 75-уй

Нукуснинг Пушкин кўчасида бузилган 75-уй

Нукус шаҳрининг Пушкин кўчасидаги 75-уйда истиқомат қилган 13 та квартира эгалари бузилган уйларига жуда кам товон пули берилганига норозилик билдириб 18 ноябрдан бошлаб очлик эълон қилган эди. Очлик эълон қилган аёлларнинг Озодликка айтишича, шаҳар ҳокими улар билан гаплашиб барча муаммоларни ҳал қилишга ваъда берган ва улар очликни тўхтатган.

Нукус шаҳрининг Пушкин кўчасидаги ободонлаштириш дастури доирасида ҳукумат томонидан бузиб ташланган 75-уйда яшаган беш нафар аёл уч кун очлик қилганидан сўнг, 20 ноябрь куни бу норозилик тадбирини тўхтатди.

Бу ҳақда Озодликка 75-уйда истиқомат қилган Рисалди Бойтанова маълум қилди:

- Кеча шаҳар ҳокими келиб биз билан яхши гаплашди. Сизларга банкдан счёт очиб берамиз ва ақчаларингни тўла ўтказиб берамиз, деди. Кейин биз очликни тўхтатдик. Бизнинг айтганларимизни чиқарган журналистларга катта раҳмат, деди Рисалди Бойтанова.

Нукуслик аёлларнинг бузилган уйлари учун товон пули ололмаётгани ҳақидаги 19 ноябрь куни хабар тарқатган Uznews.net ахборот агентлиги уйларидан милиция томонидан мажбурлаб чиқарилган одамларга товон пули тўланмагани ва уларнинг кўчада қолганини ëзган эди.

Нукус шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими очлик эълон қилган аёллар бузилган уйларига товон пули кам берилаётгани учун норозилик билдирганини тасдиқлади:

- Бу уйлар Бош вазирнинг қарорига асосан снос қилинди. Бу аёллар компенсация пули кам эканлигидан норози бўлаётган эди, деди ҳокимлик мулозими.

Нукус шаҳар маҳалла жамғармаси раиси Хўжабой Худойбергановнинг айтишича, бузилган уйларга бериладиган товон пули махсус комиссия томонидан кўриб чиқилган:

- Эски домлар ҳаммаси снос бўлаяпти. Ҳокимиятлар қошидаги баҳолаш комиссияси ҳар бир уйга кириб унинг қийматини аниқ чиқариб берган. Ана шу хулоса бўйича ҳамма уйларнинг нархи чиқарилган, деди шаҳар маҳалла жамғармаси раиси Хўжабой Худойберганов.

Ўзбекистонда ўтган йиллар давомида ободонлаштириш мақсадида уйлар ва тадбиркорлик объектлари бузилди. Оддий ўзбекистонликлар бузилган уйлар учун товон пули жуда кам тўлангани ёки умуман берилмаганидан шикоят қиладилар.

Жорий йил баҳорида Андижон вилояти Избоскан туманида аҳоли яшайдиган уйлар бузилгани ва товон пули берилмаётгани ҳақида Озодлик хабар берганидан сўнг, ҳокимият уйлари бузилган аҳолига ёрдам бера бошлаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG